Ўзингинзни борлигингизча севинг

Ўзингиздан воз кечманг!

Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Баъзида сиз кимнидир ўзингиздан ҳам кўпроқ яхши кўрасиз, борингизни бағишлайсиз. Лекин ҳатто сиз учун энг азиз бўлганлар ҳам кун келиб сиздан юз ўгириши. қадрингизни билмаслиги, бошқа йўлдан кетишни афзал билиши мумкин.

Шунда бирдан қалбингиз музлаб, саҳро ўртасида қолиб кетган ёлғиз йўловчидек ҳис қилишингиз мумкин ўзингизни. Кечинмалар қуршовида қоласиз, вазиятдан келиб чиқиб давом этишда маъно йўқдек туюлади сизга.

Шундай вақтда, лаҳзаларда бир нарсани унутманг: дунё сиздан воз кечса ҳам, кимсасиз қолсангиз ҳам ёлғиз эмассиз. Энг кучли, иродали ва дунёдаги жамики яхшиликларга муносиб инсон яъни «ўзингиз» доим сиз билан.

У сизни шу вақтгача тарк этмаган, ишонган ва ёмонликлардан кейин ҳам эртага қуёш чиқиши, ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган. Илк маротаба адолатсизликка дуч келганингизда, эзилганингизда ҳам ҳеч ким учалик ҳис қилмаган чинакам аҳволингизни. Яна қадрингизни, қийматингизни ҳам ундан яхши биладигани йўқ, тўғрими?

Шундай экан нима бўлишидан қатъий назар, ундан — «ўзлигингиз»дан воз кечманг. Уни йўқотиб қўйманг, кетишига изн берманг. Ҳамма сиздан воз кечса ҳам ўзингиздан юз ўгирманг.