Ўзимизни яхши кўришимиз учун бизга нима ҳалақит беряпти?

Жамиятимизда ўзингни яхши кўришинг мумкин эмас ва бу худбинликка киради, деган тушунча мавжуд. Аммо психологларнинг айтишича, гоҳида ўзимизга нисбатан меҳр-муҳаббатга жуда ташна бўламиз. Ўзини яхши кўриш — бу ўзини қабул қилиш ва инсоннинг ўзи ҳақида ғамхўрлик қилиши учун жуда яхши амалиёт.

ЎЗИНИ СЕВИШ НИМА ДЕГАНИ

Бу туйғу худди сув ва ҳаводек зарур. Ўзимизни борлигимизча қадрлашимиз, эътибор қаратиб, ғамхўрлик кўрсатишимиз орқали кучли томонларимизни билиб борамиз. Заиф томонларимиз устида ишлаш имконияти туғилади. Натижада камчиликларимиздан кўра ютуқларимиз кўпаяди.

ЎЗИНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ 7 ЖИҲАТИ

Ушбу жиҳатларнинг айнан қайсилари сизда кучлироқ ривожланган, бир ўйлаб кўринг.

1. Ўзини таҳлил қилиш

Ўзига қулоқ тутиш, ҳиссиётларни англаш ва ҳаракатларни назорат қилиш демакдир.

2. Ўзини англаш

Ўзини тафтиш қилиб, ўзлигини англаб етиш.

3. Ғамхўрлик

Шахсий эҳтиёжларини вақтида аниқлаб, уларни муносиб равишда қондириш.

4. Баҳо бериш

Ўзимизни кўра олишимиз оқибатида эришадиган натижаларимиз.

5. Меҳрибонлик қилиш

Камчиликларни кечира олиш, ўзига раҳм қилиш.

6. Ҳурмат қилиш

Ўзига ишонч ва ўз фикрларини ҳимоя қила олиш.

7. Ривожланиш

Ривожланишнинг узлуксиз жараёни, ўқиш, интилиш ва ҳаётий қизиқишлар учун имконият излаш.

ЎЗИНИ ЯХШИ КЎРМАСЛИК БЕЛГИЛАРИ

Ҳамма менинг олдимда қарздор

Ўзига юқори баҳо бериб юборадиган инсонларда чиндан ҳам худбинликнинг белгилари бўлади. Ўз қадр-қимматини англаш ҳеч ҳам бировга мақтанадиган жиҳат эмас.

Худбинлик

Ўзимизни севишимиз орқали биз қувватимизни ўзимизга қаратамиз, аммо бу худбинлик мақсадлари учун сарфланмаслиги керак. Зеро, биз аввалига ўзимизни яхши кўрибгина, кейин ўзгаларга меҳр қўйишни ўрганамиз. Нарциссизм юзаки ва мева бермайди. Ўзини чинакам севиш эса қийинроқ, у жасорат ва заифликни қабул қилиш каби хислатларни талаб қилади.

Ўзини оқлаш

Заиф томонлари ёки камчиликларини оқлайдиган инсон нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам ҳурмат қилмайди.

ЎЗИМИЗНИ ЯХШИ КЎРИШИМИЗ УЧУН НИМА ҲАЛАҚИТ БЕРАДИ

Бу йўлда ички ва ташқи тўсиқлар мавжуд.

Ташқи тўсиқлар

Зўравонлик. У ички муаммоларга олиб келади. Зўравонлик қурбонлари ўзларини айблашади, кечаги кун билан яшашади, ўзларига паст баҳо беришади. Ҳақорат, таҳдидлар ва ўта кескин танқид инсонга ўзини яхши кўришда тўсқинлик қилади.

Таққослаш. Агар бизни доимий баҳолаб бораверишса, атрофдагилар билан таққослаб, заиф томонларимизни кўрсатишса, ўзимизга нисбатан берадиган баҳоимиз тушади. Натижада ички қўллаб-қувватлаш хислатлари сусаяди.

Депрессия, ўта кучли хавотир, жароҳатлар. Уларнинг ҳаммаси психологик саломатликка путур етказади ва кўпинча мутахассис кўмагини талаб этади. Агар узоқ вақт давомида ўзимзни яхши кўра олмасак, демас, руҳий жиҳатдан муммоларимиз бор.

Ички тўсиқлар

Шахсий қадриятларга мос келмаслик. Қадриятларимиз ўзимизни ҳурмат қилишимиз учун хизмат қилади. Ҳаракатларимиз ва қадриятларимизнинг мос келмаслиги эса жиддий ички номутаносибликка олиб келади. Бунинг оқибатида қайғу, алам, дард кучаяди.

Шахсий чегараларнинг йўқлиги. Шахсий чегаралар ўзини ҳурмат қилишни шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Уларга риоя қилиш инсоннинг ўзига бўлган муҳаббатини тасдиқлайди. Шахсий чегаралар турлича, шунинг учун уларнинг стратегиялари ҳар бир инсонда ўзига хос бўлади.

Кечира олмаслик. Бу жуда катта тўсиқ саналади ва бизларни ўтмишда қолдиради, бугунги кунни қабул қилишга бермайди. Уялиш ҳисси ўзимизга бўлган ишончимизга путур етказади. Олдинга интилиш учун ўзини ва бошқаларни кечиришни ўрганиш керак.

Ўзини оқлаш. Бундай психологик стратегияда ўзимизга бўлган ишончни йўқотмаслик учун турли баҳоналарни ўйлаб топамиз. Хато ва камчиликларимизни оқлаймиз, натижада масъулиятдан қочамиз.

ЎЗИНИ ЯХШИ КЎРИШ АМАЛИЁТИ

Ўз қадрингни туширма

Яқин инсонимиз учун энг яхши шароитларимизни яратганимиздай, ўзимизга нисбатан ҳам худди шундай муносабатда бўлишимиз керак. Ахир энг аълони бировга раво кўрасизу, ўзингиз қуруқ қоласизми? Аслида эса ўзингизга ҳам энг яхшисини улашинг.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.