Ўзи аёлларнинг вазифаси бўлмаган нима бор? Нима қолди аёлларнинг елкасига юкланмаган?

Нурбек Алимов тайёрлаган Ayolni_urgan_erkak_emas хештеги билан аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашга тарғиб қилувчи видеопост остида инстаграм фойдаланувчиларидан бири «Раҳмат шунақа эркаклар ҳам бор экан. Биз томонларда кетмон билан ер чопиш ҳам, ўт ўриш ҳам аёлларнинг вазифасига киради,» – деб изоҳ қолдирибди.

Ўйлаб қолдим, ўзи аёлларнинг вазифаси бўлмаган нима бор? Нима қолди аёлларнинг елкасига юкланмаган? Ўзи овқат пишириш, кир ювиш, дазмоллаш, супур-сидирдан ортиб, пул топишгаям улгуради – қарабсизки, оила бюжети ҳам унинг елкасига миняпти. Бола тарбияси, ювиб-тараш, овқатлантириш, дарсини қилдириш вақтида-ку ота бўлмиш фронтга жўнаворади. Бирон ёмон гап чиқса, «Оналар болаларига тарбия беролмаяпти!» «Оналар, болаларимизни шундай тарбиялашимиз керакки…» – каби навбатчи гаплар қозони қайнайди, бечора «Биби Марьям»ларга раҳми кепкетади одамнинг…

Беихтиёр, оила нима учун қурилади ўзи, оталик нима дегани, ота қандай бўлиши керак, нега ҳозирги кун оилаларида ота роли эллик саккизинчи даражага тушиб кетган, нега оталар ўз фарзандларига бунча бегоналашиб кетмоқда, деган жавобсиз саволлар пайдо бўлаверади.

Афсуски, шу саволларга жавоб бўладиган хунук манзаралар ҳам кўз олдимиздан чиқади – масалан, маҳаллаларда ажримларнинг олдини олиш мавзусида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларга фақат аёллар жалб этилиши. Бу билан нима дейишмоқчи? Оила фақат аёллардан иборатми? Оилани (ажримдан) сақлаб қолишга фақат аёл масъулми? Нега «ажрим» деган сўзни эшитишимиз билан, аёллар билан ишлаш кераклиги ҳақида ўйлайверамиз?

Мисол-да: Эркак оддий ишчи бўлиб юрган пайти аёлига, болаларига эл қатори муносабатда бўлиб келади. Иши юришиб, қўли сал пул кўриши билан кўнгли кўчада ўзига оро берган гўдаккина бир қизга суст кетиб, авраб-алдашни бошлайди, тўрга туширади. Аёли бундан хабар топиб, яқинларига, маҳаллага, дугонасига маслаҳат солиб чиқса, биринчи эшитган гапи – ўзингга қарамагансан, эрингга меҳр бермагансан, қайнона-қайнотангнинг хизматини қилмагансан, кўнглидан жой ололмагансан ва шу мазмундаги ўзини айбдор қиладиган таъна-дашномлар бўлади. Қилғиликни қилган эр-у, ўзини ўзгартириши, ёрига «муносиб» бўлиш учун ҳаракат қилиши, энг кулгилиси – ўзини «ислоҳ қилиши» керак бўлган одам – аёл эмиш! Бу худди «қочганнинг ўрнига боғловдагини урибди,» – дегандек гап эмасми?

Қачонгача ҳар қандай масалада аёллар масъул бўлаверади? Қачонгача оилани сақлаш учун фақат аёлга «чилёсин» қилинади, қулоғини қоқиб, қўлига беришади? Қачонгача бола тарбияси фақат аёлнинг зиммасида қолаверади? Қачонгача аёлдан ҳам рўзғорни, ҳам ишни, ҳам фарзандни, ҳам эр ва унинг қариндошларига хизматчилик қилишни, ҳам оилани моғор босиб кетсаям, асраб туришни эплайдиган супер-робот бўлишни талаб қилаверишади? «Эркак нимага керак?!»

Гапира ҚОЧДИЕВА