“Ўзи айбдордирда!”: виктимблейминг нима ва нима учун у туфайли зўравонлик кўпайиб бормоқда?

Жиноятда қурбонларни эмас, балки тажовузкор инсонларни айблаш керак, акс ҳолда бу каби таъқиблар нафақат жарбланувчи, балки бутун жамиятга зарар келтириши мумкин.

Масалан, 2018 йилда МДҲ давлатларнинг бирида яшовчи Артём Исхаков севимли қизини зўрлаб ўлдирди ва ундан кейин ўз жонига қасд қилди. Аммо қизиғи, ОАВ вакиллари ва интернет фойдаланувчилари негадир қотилни оқлай бошлашди. Яъни жиноятга қурбоннинг ўзи сабабчи бўлганмиш.

Хўш, виктимблейминг қандай намоён бўлади?

Инглиз тилидан олинган victim blaming ибораси “қурбонни айблаш” деган маънони билдиради. Бундай вазиятда одамлар жиноятчини айблаш ўрнига унинг ҳаракатларини оқлашга тушади, қурбоннинг ўзи сабабчи бўлган, дея таъкидлайди: яъни, ўзи шунгача олиб борди, сабабчи бўлди, кераксиз жойга борди ва ҳоказо.

Бугунги кунда виктимблейминг атамаси бироз бошқача талқин ҳам қилинади. Яъни жинсий ва маиший зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларга нисбатан ҳам қўлланади. Айнан ушбу маънода у янада кенгроқ оммалашди.

Виктимблейминг мана шундай кўринишда бўлади:

Ҳуқуқ-тартибот органларида қурбонга зўравонликда унинг ўзи айбдор эканлигини уқтиришади, унга босим ўтказишади, устидан кулишади, аризасини қабул қилишни исташмайди, жиноят аломатлари йўқлигини таъкидлашади.

Ижтимоий тармоқларда зўравонликни муҳокама қилаётган фойдаланувчилар танганинг иккинчи томонини излашга тушишади. Қурбон бошқача расм жойлаштирган, атрофидаги таниш-билишлари ёмон бўлган, кечқурун кўчада нима бор эди, қаршилик кўрсатиш керак, деган фикрлар билдирилади.

Машҳур инсонлар турли ток-шоуларга чиқиб олиб: “Сизни урибди, индамай турдингизми, балки бунга ўзингиз туртки бўлгандирсиз?” – дея асло қурбоннинг ёнини олишни ўйлашмайди.

Шу тариқа виктимблеймингнинг кўриниши турфа, аммо моҳият ягона: эътиборни жиноятчидан қурбонга олиб ўтишдир.

Виктимблейминг қандай пайдо бўлади?

Одамлар содда

Психологларнинг фикрича, виктимблеймингнинг асосий сабаби одамлар яхшиликка ишонишади. Беш баҳога ўқисанг, яхши ишга эга бўласан. Дўстларингга ёрдам берсанг, улар сени ҳеч қачон қийин аҳволда ташлаб кетишмайди. Эҳтиёт бўлсанг, чўнтагингни ўғри урмайди, – дея тарбияланамиз. Аммо ҳаётда кутилмаган воқеалар ва кўнгилсиз ҳодисалар ҳам бўлиб туради.

Жамиятнинг бефарқлиги

Сўнгги йилларда виктимблеймингни оқлайдиган инсонлар ҳам топилади. Ижтимоий тармоқларда кимдир жиноятчини оқлашни бошласа, қарабсизки, қолганлар ҳам унга эргашади.

Виктимблейминг оқибатлари

Жабрланганларни жароҳатлайди

Қурбон атрофдаги инсонлар уни ҳам айблашаётганини тушуниб етганидан кейин жуда ёмон ҳислар гирдобида қолади. Тўғрироғи, зўравонлик вақтида ҳис қилган туйғуларни қайта бошидан ўтказгандай бўлади.

Зўравонлик табиий ҳолга айланади

Виктимблейминг асосида инсонийлик қадриятларига мутлақо зид бўлган ғоя ётади: жабрланганлар шунга лойиқ. Демак, баъзи бир инсонларни бемалол камситиш, зўравонлик қилиш, тунаш, ўлдириш мумкин эканда. Гарчи бу даҳшатли эшитилсада, аммо аянчли оқибат сифатида қабул қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шундай экан, виктимблейминг умуман ҳеч қандай фойда келтирмайди, аксинча, фақат зарар қилади. Чунки унинг қурбони ҳар ким бўлиши мумкин. Шуни унутмаслигимиз керак.

https://lifehacker.ru материаллари асосида тайёрланди