Жинсий зўравонлик тажрибаси аёлларда деменция ва инсульт хавфини оширади

Жинсий зўравонликка учраган аёллар деменция ва инсультга кўпроқ мойил бўлишади, дейди Питтсбург университетининг жамоат соғлиғини сақлаш олий мактаби лаборатория директори ва профессор Ребекка Терстон.

Терсоннинг таъкидлашича, катта ёшда ва болаликда содир бўлган зўравонлик соғлиққа бирдек таъсир қилиши мумкин. Унинг фикрича, зўравонлик қурбони ўз жароҳатлари ҳақида шифокорларга батафсил сўзлаб бериши, тиббиёт ходимлари эса ўз навбатида ушбу беморларда юрак-қон томир касалликлар хавфини кузатиб боришлариш керак.

Терсон олиб борган тадқиқотда юрак-қон томир касалликлари бўлмаган 145 нафар ўрта ёшдаги аёллар иштирок этди. Улардан кўпчилигида (68%) психологик жароҳатлар, тўртдан бирида жинсий зўравонликдан қолган қалб яралари бор эди. Олимлар уларни таҳлил қилиб, иккинчи гуруҳ аёлларда миясидаги оқ модданинг ўта фаоллик белгиларини аниқлашди.

Уларнинг мияси сканердан ўтганда, гипержадаллик кўпроқ кузатилгани қайд этилди. Бу ҳолат инсульт, деменция, Альцгеймер касаллиги, тарқоқ склероз ва когнитив хусусиятларнинг умумий ёмонлашувига олиб келувчи майда қон томирлари касалликларига сабаб бўлади. Диабет ёки гипертонияга олиб келувчи бошқа сабаблар тадқиқотда қатнашган аёлларда кузатилмади. Шунингдек, гиперфаоликка депрессия, стресс ҳолатлар даражаси таъсир килмаганлиги маълум бўлди.

«Танангизнинг хотираси бор ва у психологик белгилар орқали тўлиқ намоён бўлмаслиги мумкин. Жинсий зўравонлик миямиз ва танамизда ҳам ўз изини қолдиради», — дейди Терсон. Терстоннинг 2018 йилдаги олдинги тадқиқоти зўравонликка учраган аёлларда депрессия уч карра кўп учраши, улар уйқусизлик ва хавотирдан икки баробар ортиқ азият чекишини кўрсатиб берган эди. «Биз аёлларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонликка кучлироқ этибор беришимиз керак, уларни жамият назаридан четда қолдириш мумкин эмас. Чунки бундай аёллар соғлиғи жиҳатидан ўта нозик бўлиб қолишади», — дея хулосалайди олима.