Жинсий зўравонлик: нима учун “йўқ” дейиш муҳим?

Ўсмирлар зўравонлик ва шахсий чегаралар ҳақида нималарни билиши керак.

Ота-оналар кўпинча жинсий зўравонлик ҳақида гапиришдан қўрқишади, лекин болалар у ёки бу вазиятда қандай ҳаракат қилишни билишлари учун, барибир бу қўрқувларни енгиш ва ушбу мавзуни кўтариш керак. Бугунги маслаҳатларимиз ўзига хос йўлкўрсаткич ҳисобланади. Тилга оладиганимиз эса ўсмирлик давридаги улғайиш, қарама-қарши жинс вакилига нисбатан қизиқиш, муҳаббат ва зўравонлик.

Кўпчилигимиз қиз бола “ҳа” дедими, демак, у рози, “йўқ” дедими, норози бўлади, деган фикр-мулоҳазаларни эшитганмиз. Аммо айнан бу каби тушунчалар хавфли вазият, тўғрироғи, жинсий зўравонликка сабаб бўлади. Ушбу хавф ҳудудига эса стелсинг (жинсий алоқа вақтида жуфтига айтмасдан ҳимоя воситасини олиб ташлаш), инсонга атайлаб ҳушини йўқотадиган ичимликларни ичириб қўйиш, шунингдек, шериги ҳушсиз бўлганда, алоқа қилиш кабилар киради. Бошқача қилиб айтганда, бу хавфли ҳудуддаги вазиятларда инсон қатъий равишда “йўқ” дея олмайди ёки айтган бўлса ҳам жуфти атайлаб эшитмайди, эътибор бермайди. Афсуски бу каби зўравонлик тури баъзан ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқликлар туғдириб, жазосиз ҳам қолиб кетади. Аммо нима бўлишидан қатъи назар у қалб оғриқлари, ҳатто руҳий касалликларгача келтириб чиқариши мумкин.

Ўз хоҳишига қараб розилик бериш нима?

Хоҳишга қараб розилик бериш маданияти жуда кўп одамлар босим ва зўравонликка дучор бўлишини англаш натижасида пайдо бўлган. Розилик маданияти ҳар қандай шаҳвоний ҳаракатларга, хусусан жинсий алоқага розилик фаол бўлиши, яъни аниқ ва баланд овозда айтилиши кераклигини англатади. Агар инсон сукут сақлаган ҳолда ўзи билан бирор ҳаракат қилишга рухсат берса, бу розилик дегани эмас; ухлагани, мастлиги ёки кучли таъсир этувчи моддалар таъсирида ёки бошқа сабабларга кўра жавоб бера олмаса ҳам бу розиликни англатмайди. “Сен шуни истасанг, майли», дейиш розиликка тенг бўлмайди. Фаол розилик, бу “Ҳа, мен буни хоҳлайман” дейишдир.

Бундан ташқари, ҳар қандай ўсмир унинг розилиги онгли равишда берилишини билиши керак. Баъзи вазиятларда инсон розилик беролмаслиги мумкин, айниқса, ҳиссий беқарор ҳолатда.

Ҳар бир вазият учун розилик алоҳида берилади. Бу дегани, қучоқлаш, бўса олиш учун аввал розилик сўраш зарур; шу жумладан, интим соҳаларга тегиниш учун ҳам. Бунинг учун «Мумкинми?», «Рухсат берасанми?», «Қарши эмасмисан?» деган саволлар тўғри келади.

Порнография маҳсулотларини томоша қилган баъзи бир йигитлар ўзимни шундай тутсам, демак, ҳақиқий эркак ҳисобланаман, деб ўйлайди. Аммо бу каби ҳаракатлар инсонни зўравонга айлантиради. Қарабсизки, қиз бола томонидан секин оҳангда айтилган “йўқ” деган сўз ҳиссиётлар замирида умуман эшитилмайди ҳам. «Йўқ» сўзи ҳеч қандай истиҳоласиз, табассумларсиз айтилиши зарур. Шу ўринда жуфтингизнинг хафа бўлиши ёки муносабатларга чек қўйишга интилиши сизни қўрқитмаслиги керак.

Ва ниҳоят, ўз хоҳишига қараб розилик бериш босимлар остида бўлмаслиги керак: шеригингиз кайфиятини тушириб қўйишни истамай, тушунтиришни хоҳламай, шунчаки қўл силтаб, шундай бўлиши керак экан, кимгадир ёрдам бераман, дея розилик бериш, асло ихтиёрий розиликка кирмайди. Мабодо сиз одамга босим ўтказувчи ролида бўлсангиз, унутманг, бу ҳиссий шантажга киради.

Зўравонлик профилактикаси ва биринчи психологик ёрдам

13 ёшдан ошган ўсмирларга биз юридик жавобгарлик ҳақида сўзлаб беришимиз керак: улар қонун билан ҳимоялангани, розилик ёши борлиги, Жиноят кодексида тегишли моддалар мавжудлиги, ўсмирлар 16, 17, 18 ёшга тўлганда, кичик ёшлиларга нисбатан юридик жавобгарликка эга бўлиши кабилар шулар жумласидан. Агар зўравонликка дуч келинса, қаерга мурожаат қилиш, қаердан ёрдам излаш кераклигини тушунтириш лозим.

Ўсмирларга «Борма», «Қўрқ», «Биров билан гаплашма» дейишдан ҳам кўра, тўғри “йўқ” дея олишни ўргатиш зарур.

Кичикроқ болалар учун муҳим кўникмалардан бири бу — бегона одам унга ғайриоддий ҳаракатлар қилганда аниқ ва баланд овозда йўқ дейишдир.

Зўравонлик вазиятида нима қилиш керак?

Агар жинсий зўравонлик рўй берган бўлса, ота-она фарзандига мен сенинг тарафингдаман дейиши, биринчи юпанч жумласи эса сен айбдор эмассан бўлиши керак. Чунки зўравон ҳар доим ушбу ҳаракатни амалга оширган шахс бўлади.

Зўравонликнинг жамиятга таъсири қандай? Кўп ҳолларда зўравонлик у ҳақда очиқчасига гапирилмайдиган жойларда рўй беради. Шунинг учун бу ҳақда вақтида бонг урилмаса, носоғлом оилалар ҳаётига аралашилмаса, зўравонлик учун қулай омил яратган бўламиз. Профилактика чораларининг бири — боланинг атроф-муҳитини тартибга тушириш. Унинг атрофида ранг-баранглик бўлсин. Мактаб, бадиий тўгараклар, спорт машғулотлари, бирор-бир қизиқиш. Ака-укалар, опа-сингиллар ўртасида ўзаро мулоқотни яхшилаш керак. Қачонки бола ёлғизликда қолиб кетдими, у хавф муҳитига тушади. Бундай вазиятда зўравонлик қилиш, унга босим ўтказиш енгиллашади.