“Жинсий зўравонлик ишларида айбни исботлаш қийин. Баъзида болаларга ҳатто ота-оналар ҳам ишонишмайди ”

Бугун сизга тақдим этмоқчи бўлган маълумотларимиз мутахассис билан интервью шаклида. Суҳбатдошимиз эса Россияда маиший зўравонликдан зарар кўрган аёллар Марказида маслаҳатчи бўлиш ишлайдиган адвокат Галина Ибрянова.   

– Жинсий зўравонлик қурбонлари билан ишловчи мутахассислар кўпчилик аёлларнинг ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат қилавермаслигини таъкидлайди. Нима учун шундай?  

– Адвокатлик тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, чиндан ҳам жабр чекканларнинг кўпчилиги дарров мурожаат қилмайди. Ҳатто махсус марказларга ҳам йиллар ўтиб келган аёл-қизлар учраб туради. Кимдир болалигида зўравонликка учраган, ўша пайтда куч топиб кела олмаган, ёши улғайгачгина мурожаат қилади. Баъзилар учун кимгадир иқрор бўлиш жуда қийин бўлади, яна бировлар зўравон шахс оила қуриб, атрофида фарзандлари юрганидан кейин унга раҳми келганидан индамай юравериши мумкин.

– Зўравонликни содир этган шахсни жавобгарликка тортишда энг қийини нима?

– Жинсий зўравонлик билан боғлиқ ишларда айбни исботлаш мураккаб. Чунки зўравонлик ҳақида дарров хабар беришмайди. Натижада исбот ва далиллар у ёки бу даражада йўқотилади. Афсуски, баъзан жабрланувчи ягона гувоҳга айланади ва терговчи томонидан турли синовли саволларга дуч келади. Қўшимча сўроқлар, юзлаштирувчи учрашувлар, текширувлардан ўтиш каби. Ўсмирлар учун сўроқ-суриштирув жараёнларида албатта, психолог қатнашиши керак. Яни сўроқ қилинадиган хоналар ҳам қўрқинчли эмас, балки ўсмир ва болаларга ёмон таъсир қилмайдиган муҳитда жиҳозланиши зарур. Терговчининг хонасига боришнинг ўзи ёш бола учун катта стресс, агар салбий таассуротлар кўп бўлаверса, бола бутунлай жавоб бермай қўйиши мумкин.

Қурбонларнинг асосий муаммоси уларга ишонишмайди. Мабодо ишонишса ҳам, ҳар бир сўзидан ёлғон излашади. Ҳатто ота-оналар ҳам ўз боласига ишончсизлик билан муносабатда бўлади. Аммо бу каби жиноят қанчалик эрта фош этилса, шунча яхши.

– Нима деб ўйлайсиз, вояга етмаган болаларга зўравонлик қилган шахсга нисбатан белгиланган жиноий жазонинг ўзи етарли бўладими? Яъни улар бу йўлдан қайтиб кетишадими?

– Афсуски, жиноий жавобгарлик уларнинг бу йўлдан қайтиши учун тўлиқ ечим бўлолмайди. Чунки вояга етмаган болаларга нисбатан ғайриоддий туйғуларни ҳис этадиган шахслар психологик касал одамлардир. Гоҳида даволанмас хасталик ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонликка қўл урган шахсларни ҳеч қачон назоратсиз қолдириб бўлмайди. Бундан ташқари, менинг наздимда бу каби жиноятчиларга интернет тармоғидан фойдаланишни тақиқлаш керак. Чунки бугун улар ўз қурбонини ижтимоий тармоқлардан излашади. Масалан, чет элда қўлланиладиган амалиётни мисол қилиб келтиришим мумкин. Ёш болаларга зўравонлик қилганларнинг рўйхати очиқ манбаларда жойлаштирилади. Одамлар қўшниси, маҳалладоши, ҳамшаҳарининг аслида қандай шахс эканлигини бемалол билиб, шунга қараб эхтиёт бўлиб юришлари мумкин. Мутахассислар томонидан яна бир таклиф илгари сурилади, яъни жиноий жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларга электрон браслетларни тақиб қўйиш. Бу каби браслетлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратда туради. Мабодо зўравон ёмон мақсад билан болалар майдончаси ёки шунга ўхшаш жойларга борса, бу ҳақда дарров сигнал келиб тушади. Кейин фикримча, болаларга тегажоғлик қиладиган инсонларни мажбуран даволатиш керак.  

– Жиноятчи билан юзма-юз кўришиш ҳам болага ёмон таъсир қилади. Бу каби юзлаштириш ишларининг бўлиши шартми?

– Шахсан менга қолса бу амалиётни бутунлай олиб ташлаган бўлардим. Юзлаштиргандан нима фойда? Жиноятчи мен қилмадим дейди, айбловчи айблашдан нарига ўтмайди. Болани зўравон олдига олиб борарканмиз, у яна ўша салбий ҳолатларни эслайди, яна стрессга тушади. Буни ҳатто такрорий зўравонлик деб айтиш ҳам мумкин. Тавсиям ўсмирлар ва болалар ишларида доим психологлар иштирокини таъминлаш керак.

wcons.net материаллари асосида тайёрланди