Жинсий зўравонлик ҳақида беш уйдирмани фош қиламиз

Жинсий зўравонлик ҳақида кенг тарқалган турли уйдирмалар ҳақиқий фактларни тўғри баҳолашга ҳалақит бериб, инсонлар қадрини тушириб юборишга сабаб бўлади.

1-уйдирма. Жинсий зўравонлик асосан нотаниш инсонлар томонидан амалга оширилади

Таҳлилларга кўра, бундай ҳаракатлар ҳамма ўйлагандай фақат нотаниш одамлар томонидан эмас, балки яқин, таниш-билишлар иштирокида ҳам бўлиб ўтади. Аёллар эса яхши биладиган инсонларидан азият чекади.

2-уйдирма. Ҳодиса қурбонлари дарров ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилади

Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтган жинсий зўравонлик ҳолатларининг 46% и воқеа содир бўлган куннинг ўзидаёқ хабар қилинган, 14% ҳолатларда ярим, бир йиллаб кутилган.

Афсуски, қурбонлар орасида умуман хабар бермайдиганлар ҳам топилади.

Бунга сабаб ёки зўравонлик ҳаракатини содир этган инсон таниш-билишлар орасидан бўлади, ёки андиша, раҳм каби туйғулар ҳалақит қилади.

3-уйдирма. Воқеа ҳақида қанчалик тез хабар берилса, жиноятчи шунчалик тезроқ топилади

Тўғри, бу ҳақда тезроқ хабар бериш керак. Чунки тиббий кўрик зудлик билан амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари келтирилган зарарни дарров қайд этиш имкони мавжуд бўлади. Аммо ушбу амалиёт жиноятчи шу заҳоти топилади, дегани эмас. Масалан, АҚШда фақат 18 фоиз жинсий зўравонликлар қамоқ билан тугайди ва атиги 2% ига айблов чораси қўлланилади.

4-уйдирма. Қурбон мутлақо чорасиз бўлади

Зўравонлик ҳодисаларидан қочиб қутулиш мумкин. Масалан, АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 22% қурбон аёллар баланд овозда бақириш орқали жиноятчидан қочиб қутулган.

56% и ялиниб ёлвориш натижасида зўравонни кўндирмоқчи бўлган. Жинсий зўравонлик вазиятларида қайси бири самаралироқ деган саволга бирдек жавоб бериш қийин. Масалан, фаол қаршилик кўрсатадиган қурбонлар жиддий шикастланиш эхтимоли кўпроқ. Яна шундай инсонлар борки, мураккаб вазиятларда ўзларини мутлақо йўқотиб қўйишади.

5-уйдирма. Ҳамма воқеа эслаб қолинади

Карахтлик ҳолати хотирани сусайтиради, шунинг учун зўравонлик вазиятида ҳамма нарсани ипидан игнасигача тўғри айтиб бериш бироз мушкул. Товушлар, ҳидлар ҳам аниқ эслаб қолинмаслиги мумкин.

Жароҳатловчи ҳодисалардан кейин организмда стресс гормонлари ишлаб чиқилади. Улар нафақат керакли ҳаракатларни бажаришга тўсқинлик қилади, балки хотирани ўтмаслаштиради.

https://www.bbc.com/russian материаллари асосида тайёрланди