Виктимблейминг – ким айбдор?

«Хиёнат қилгани учун калтаклангандир», «ўзи айбдор», «очиқ-сочиқ кийиниб юргандир», «қиз болага қоронғуда нима бор?», «қиз бола таксига чиқмаслиги керак эди…»

Бизнинг жамиятда зўравонлик билан боғлиқ жиноятларда жавобгарлик жабрланувчининг бўйнида қолади. Ўз-ўзидан жабрланувчининг шундай айбланиши зўравоннинг айбини оқлаган билан тенг бўлади. «Виктимблейминг» нима? Бу атама инглизча Victim blaming –қурбон ва айблаш сўзларидан келиб чиққан. Бу одамлар айбни тўлиқ ёки қисман жабрланувчининг зиммасига юклаган ва айбдор учун баҳона топилган ҳодиса. Яъни, жиноятчининг зўравонлик қилишига нимадир сабаб бўлган – жабрланувчи ўзи туртки бўлган ёки хавфсизлигини ўйламаган ёки ўзи шунга муносиб бўлгани учун.

Яхши ёки ёмон

Тадқиқотчиларнинг фикрича, жабрланувчилар адолатли дунёга ишонганлар томонидан айбланади: инсон ўзига муносиб бўлган нарсани олади. Aгар у яхши бўлса, унда ёмон нарсалар бўлмайди. Ва агар у ҳали ҳам муаммога дуч келса, унда муаммо унинг ёмонлигида.

Бу атама биринчи марта психолог Уилям Раян томонидан 1971 йилда ўзининг «Жабрланувчиларни айблаш» китобига киритилган. У қурбонни айблашни тенгсизлик қурбонларининг камчиликларини фош қилиш орқали тенгсизликни оқлаш, деб таърифлаган. Шундай қилиб, оқ танли америкаликлар қора танлилар дангаса ва заиф иродали эканлигига ишонишган, шунинг учун улар қашшоқликдан қутулолмайдилар, деб ўйлашган. Раян ўз тадқиқоти билан афсоналарни рад этди ва қора танлиларнинг оқ танлилар билан тенг даромад олишига тўсқинлик қиладиган ҳукумат жараёнларини тасвирлаб берди.

1967 йилда тадқиқотчи Менахем Aмир эса «жабрланувчи томонидан қўзғатилган зўрлаш» тушунчасини киритди. Бу ерда у жабрланувчининг жинсий алоқага сўзсиз розилигини берган, етарлича қаршилик кўрсатмаган ёки ўз ихтиёри билан хавфли вазиятга тушиб қолган ҳолатларни ўз ичига олган, яъни у кўп ичган, нотаниш одам билан машинага ўтирган, ноз-карашма қилган, очиқ кийинган, бемаҳал юрган.

Тадқиқот якунида муаллиф шундай хулосага келади: «Бу, яъни жабрланувчининг хатти-ҳаракати жиноятчиларни бегуноҳ қилмайди, балки бу одамларнинг баъзиларини ҳеч бўлмаганда камроқ айбдор деб ҳисоблашимизга имкон беради. Бу сизни жабрланувчининг ўзи билан содир бўлган воқеа учун ҳам жавобгар деб ўйлашга мажбур қилади». Тадқиқотчиларнинг айтишича айблаш кўпинча, агар жабрланувчи хавфли вазиятлардан қочса ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса бўлмайди, деган хулосага олиб келади.