Токсик оналарнинг фарзандлари қандай улғаяди?

Барча аёллар ҳам яхши она бўлавермайди. Тўғрироғи, улар ҳаракатларим мутлақо тўғри дея ҳисоблайди ва айбини тан олмайди. Қарабсизки, шундай оналарнинг болалари кейинчалик уларни тарк этиши мумкин.

Психотерапевт, «Дилни оғритадиган оналар» китоби муаллифи Анна-Лора Баффет ёмон оналарни шундай сифатлайди: «Улар муносабати, муомаласи орқали боланинг ривожланишига кўмаклашиш ўрнига барча усуллар билан унинг такомиллашувига тўсқинлик қила бошлайди».

Бошқача айтганда, «заҳар она» — бу боласига жабр қиладиган онадир. Энг ёмони, ўша заҳар она болани тўлиқ ўзига бўйсунтириб олади ва фарзанд усиз бир қадам ҳам қўёлмайди.

АГАР БОЛА «ЗАҲАР» ОНА БИЛАН УЛҒАЙСА…

…унинг ҳар бир қадами назоратда бўлади

Болаликданоқ уни “онасининг боласи” дея номлашади. Она фарзандининг ўрнига ҳамма нарсани ҳал қилади. Балки бундай ҳаракат бола ҳали улғаймаганда тўғридир, аммо катта бўланида унинг ўзига мустақиллик бериш керак. Фарзанд улғайса ҳам бундай оналар уларнинг бутун ҳаётига аралашаверади, ҳатто интим ишларига ҳам.

…золимлик билан уни қўрқитади

Бундай болалар катта бўлганида ҳам онасидан қўрқишда давом этади. Она эса фарзандимни ҳақорат қилишга, кўнглини оғритишга ҳақлиман деб иш тутади. Афсуски зўравонлик, танқид, камситиш, уришиш каби муносабатлар боланинг тарбиясида фақат салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

…онанинг ўзи бола бўлса

Гап жуда эрта она бўлган аёллар ҳақида кетяпти. Улар фарзандим бор деб англолмайди, Боласини укаси ёки синглиси каби кўради. Улғайгач эса она-боланинг ўрни алмашиб қолади. Қарабсизки, она ўз мажбуриятларини елкасидан соқит қилади. Фарзанд эса эрта улғайиб, бутун масъулиятни бўйнига олади.

…совуққон оналар

Бундай аёлларда оналик меҳри уйғонмаган бўлади. У боласини эркаламайди, суймайди. Фарзанд онам ташлаб кетиши мумкин, деган қўрқув билан яшайди. Бора-бора бундай ришталар узилиши мумкин ва бунга фарзандлар жазм этишади.

ҚЎЗҒОЛОН ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?

Фарзандлар онанинг заҳрини ўсмирлигида пайқай бошлайди. Унгача эса волидасининг меҳру муҳаббатига эришиш учун роса ҳаракат қилади. Салбий муносабатларнинг сабабини излайди. Ўсмирлигида эса табиийки бошқа дўстлар орттиради. Шунда у онасининг камчиликларини яққол кўради ҳамда қаршилик кўрсата бошлайди. Аммо бу қаршилик асло онани инкор қилишга қаратилмаган, шунчаки унинг меҳрини қозониш учундир. Афсуски кўп ҳолатларда бу каби ҳаракатлар туфайли оналар янада жиззаки, асабий ва қўпол бўлиб боради. Азиз аёллар, оналар, сизнинг қалбингиз асло тошдан эмас, балки тақдир сизни шу кўйга солгандир, аммо бунда фарзанднинг айби йўқ. Катта бўладими ёки кичик, болангиз ширин сўзингизга, меҳрингизга доим интиқ бўлади. Шуни унутманг!