«ТикТок болалари»: замонавий ёшларни нима қизиқтиради?

Гаджетларга қарамлик, ўқишни ёмон кўриш, худбинлик… Бу виртуал оламни яхши кўрувчи ҳозирги ёшларнинг сифатлари. Хўш, навбатдаги “йўқотилган авлод”ни қандай оқлаш мумкин?

Москва шаҳар педагогик университетида талабалар орасида “сиз учун муҳим қадриятлар” мавзусидаги сўровнома ўтказилди.

ЭРКИНЛИК

Тинчлик, меҳр-муҳаббат, оила, дўстлик, таълим, севимли иш каби қадриятлар орасида талабалар эркинлик, ҳаққонийлик каби жиҳатларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишган. Улар ёлғизлик, виртуал ҳаёт, бахт ва унга етиб бўлмаслик, қўрқув ва хавотир ҳис-туйғуларини ҳам ҳис қилишади. Қолаверса, ёшлар ўз мақсадларига ўзлари мустақил эришишни исташини ва кимгадир қарам бўлишни хоҳламасликларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишган.

Эркинлик имкониятини улар бевосита интернет билан боғлашяпти. Чунки айнан ушбу тармоқ ёшларга чекловларни бузиб ўтишда ёрдам беради, янги дўстларни топишга кўмаклашади, турли манбалардан билим олишга имкон яратади. Бу билан улар бировга ўхшашни исташмаяпти, балки ўзгача шахс бўлишни исботлаб беришмоқда. Улар янгиликка ўч.

КУЧ БИЛИМДА

Талабалар кўп бора эслаган яна бир қадрият, бу билим доирасини кенгайтириш. Яхши жиҳати, ёшлар билим олишга интилмоқда. Гоҳида ёшлар китобни кам ўқийди деб нолиб қоламиз. Аммо улар маълумотларни интернет тармоқлари орқали олишяпти.

Уларнинг фикрича, таълим олиш фақатгина профессионал билимга эга бўлиш билан чекланмайди, балки мулоқот кўникмалари, атроф-муҳит ўзгаришларига тез жавоб бера олиш ва жамоада ишлаш каби мослашувчан кўникмаларни эгаллаш дегани. Бундан ташқари, ёшлар таълим тизимидаги муаммоларни кўра билишади ва уларни ечиш йўлида ишлашга тайёр

МОДДИЙЛИК ВА ХАВОТИР

Ҳозирги ёшларни моддийликка ўч деб бўлмайди. Улар пулнинг муҳимлигини эътироф этишмоқда, лекин уни биринчи ўринга чиқаришмаяпти. Шу билан бирга мақсадга эришиш учун моддий бойликлар зарурлигини ҳам инкор этишмаяпти. Аксарият ёшларни пул билан боғлиқ хавотирлар ҳам қийнамоқда. Улар келажагига ишонч билдира олишмаяпти. Чунки атроф жуда тез ўзгариб бормоқда. Барқарор вазиятнинг ўзи йўқ. Мана шундай фикрлар сўровномадан ўрин олган.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди