Ўсмир хавф остида қолганини қандай англаш мумкин?

Агар ўсмирларнинг муаммолари ўз вақтида аниқланса, уларнинг кўпига ечим топиш мумкин. Аммо тинейджер ҳаммасини ичида сақлаб, боши берк кўчага кириб қолган бўлса-чи? Агар вақтида чора кўрилмаса, бу тўғирлаб бўлмас оқибатларга олиб келади.

Бизнингча, ўзимизни ҳеч кимга керак эмас ва фойдасиз ҳис қилиш учун, ҳаётда жиддий фожеа юз бериши керак. Аммо ўсмирларда ҳаммаси бошқача. Ҳаётига суиқасд қилган ўсмирлар ўрганилганда, уларнинг оила ва жамиятда ўз ўрни борлиги ва деярли таҳқирланмагани аён бўлади. Бу ўсмирлар учун қайсидир муаммо барибир ечиб бўлмас даражада бўлганидан далолат беради. Масалан, оддийгина икки баҳо олиш, дугонаси билан уришиб қолиш ёки севимли инсони билан жанжаллашиш ҳолатлари уларга қаттиқ таъсир қилади. Хўш, мана шундай вазиятларни олдиндан аниқлашнинг иложиси борми? Қандай белгилар огоҳликка чақириши керак?

ГАП-СЎЗЛАРИ

Ҳар ўн нафар ўсмирдан етти нафари қуйидаги фикрлар орқали салбий мақсадини билдиради:

«Уддалай олишимга кўзим етмайди, барибир ечимини топа олмайман».

«Жуда чарчадим, нафас олишга қийналаяпман, кундан кунга оғирлашиб боряпти».

«Мен ҳақимда энди қайғурманг».

«Ниҳоят, сизга муаммо бўлмайман энди».

ХУЛҚ-АТВОРИ

Кутилмаганда боланинг режалари ўзгариб қолса, кийим-кечакларини тарқатиб юборса, ижтимоий тармоқларда танишлари билан хайрлашса, бундай ҳолатлар огоҳликка чорлаши керак.

КАЙФИЯТ ВА ҲИССИЁТ

Эътибор бериш зарур бўлган яна бир белги, бу ўсмир доим тушкун кайфиятда юрса ёки беқарор, тез ўзгарувчан бўлса. Бундай вазиятларда у ёлғизлик, қалб оғриғи, айбдорлик, уялиш каби ҳиссиётларни кечиради. Келажагига ишонмайди ва фақат муаммолар ҳақида гапиради.

ТАЪЛИМ ВА ТАФАККУР

Фарзандингизда ўзгаришлар сезсангиз, унинг мактаб ўқитувчилари ҳам вазиятга аниқлик киритиш йўлида ёрдам бериши мумкин. Масалан, эътиборсиз бўлиб қолдими, паст баҳо олаяптими, машғулотларни қолдирмаяпти ва ҳоказо.

САЛОМАТЛИК

Тушкунлик боланинг соғлиғига таъсир қилиши мумкин. Иштаҳа пасаяди, уйқу бузилади, танасида оғриқ сезилади.

ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИШ КЕРАК?

Аввало муаммони аниқлаб олинг. Сўнг бироз тинчланиб, фарзандингизга далда беринг, унга меҳрингиз баланд эканлигини уқтиринг. Қийинчиликларни бирга енгиб ўтишингиз ҳақида гапиринг. Гапираётиб кўпроқ тинглашга ҳаракат қилинг. Аниқлаштирувчи саволлар беринг, дўстона шароитда ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Ўсмирлик даврингизда муаммоларни қандай ҳал қилганингиздан мисол келтиринг. Фарзандингизни: «Сени бир дард қийнаб турибди, биламан. Кўнглингни менга оч, қўлимдан келганча ёрдам бераман», – дея овутинг. Боланинг оғир ҳолатини муҳокама қилиш мумкин, бу асло вазиятнинг чуқурлашиб кетишига сабаб бўлмайди. Аксинча, кучли хавотирни сал камайтиради. Вазиятдан чиқиш йўлларини бирга излаб кўринг. Агар биргаликда бирор нарсани уддалай олсангиз, демак, бу сизнинг биринчи митти ғалабангиз бўлади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди