Сиз ҳууув ибтидоий жамоа давридаги ғорларда тўда-тўда бўлиб яшаётганингиз йўқ

Муносабат

Қашқадарёлик самосуд қилинган аёл ҳақидаги батафсил видеони фейсбук ижтимоий тармоғида улашган постимиз остида салкам 400 та изоҳлар ёзилган. Ўқиб кўрсангиз, катта қисми «Зинокор аёлга бу ҳам кам!» «Ўлдириб ташлаш керак эди!» «Унаштирилган йигитни йўлдан уришнинг жазоси шу!» «Мегажин/фоҳиша/ж***б» ва шу мазмундаги изоҳлар. Ҳатто, «Бу аёлни бундан баттар қилиш керак эди-ю, қонун кўтармайди-да!» – деган изоҳлар ҳам борлигини кўриб, ёқангизни ушлайсиз.

Ҳой, ўзингизга келинг, сиз ҳууув ибтидоий жамоа давридаги ғорларда тўда-тўда бўлиб яшаётганингиз йўқ, ҳайвон терисини ёпиниб, тўдалашиб ов қилишга чиқаётганингиз йўқ, бунақа оломонча кўринишингиз билан ўша даврда ов қилиб тутган ҳайвонининг жасади олдида олов ёқиб, рақсга тушаётган қадимги дунё одамларини эслатаётганингизни ташқаридан бир томоша қилсангиз эди!

На маданият, на тарбия, на ҳамдардлик – одамийликнинг учқуни ҳам кўринмаяпти сизларда! Аввало, ўша жавбрланувчи билан йигит ўртасидаги муносабат чегаралари қаерда эканини билмайсизми, зинокор деб қичқиришингиз балки туҳмат бўлиб қолаётгандир, шуни ҳеч ўйлаб кўрмадингизми? Зотан, ҳозирги кунда бирига ота-онанинг хизматини қилдириш учун қонуний-расмий, яъни, номига уйланиб қўйиб, панада кўнглига ёққани шаръий оила қилиб яшаётгандан кўпи йўқ!

Иккинчидан, аёл зинокор бўлса, ўша зинони бир ўзи ўзи билан қилгани йўқ, ҳолбуки, эркак кучли жинс вакили саналиб, асосан бирлашиш – оила ва бошқа муносабатларда илк қадамни ташлаш ҳам, сўнгги сўз-қарорларни айтиш ҳуқуқи ҳам патриархал тизим асосчилари томонибан қўшқўллаб эгаллаб олинган бўлса! Зино бўлдими, демак, бунда аёлдан кўпроқ эркакнинг айби бор, барча юкни, барча ҳақорат-у жазони аёлнинг зиммасига юклаб қўйиш – аёлнинг ҳар қандай вазиятда эркакдан кучлилигини, афзаллигини, лидерлигини ўз-ўзидан тан олиш бўлиб қолади.

Учинчидан, давлатнинг қонунлари ҳали ўлгани йўқ, давлатнинг ўзики, жабрланувчи аёлга нисбатан эмас, унга қўл кўтарганларга нисбатан жиноят иши эълон қилибди; сиз зинокор атаган аёлни эмас, бир ожизага тўда бўлиб ташланган тўдани айбдор деб топибди, сиз кимсизки давлатнинг қонунларига қарши чиқасиз? Қайси валломатингиз сизга бировга туҳмат қилиш/ҳақоратлаш/ўлимга ҳукм қилиш/зўравонликни, зулмни оқлаш ҳуқуқини совға қилиб қўйди?

Бутун Ўзбекистон ичида битта оила бўлса-да, фақат шаръий никоҳдангина ўтиб, яшаб келаётган, яшаб ўтган инсонлар қанча, қонун ракурсидан қаралса, улар ҳам бир оила эмас, ўртада қонуний никоҳ йўқ. Улар ҳам зинокор, ишқий муносабатда бўлиб келган танишлар ҳисобланадими шунда? Ахир, видеолавҳада қонун тилида «уларнинг ўртасида никоҳ йўқлиги ва улар анчадан буён ишқий муносабатда бўлиб келаётгани» айтилди-ку?

Бу ерда, келиб чиққан вазиятнинг биргина сабаби – ўша аёл ва эркак (уйланмаган бўлсаям, аллақачон ўзидан бир неча ёш катта аёл билан муносабат боғлагани учун йигит дея олмадим!) муносабатларини қонун доирасида расмийлаштириб қўйишмаган холос. Қонун эса, доим ўз тилида гапиради, ҳамма ҳам уни тушунавермайди. Айниқса, мана бунақанги мезозой эраси ақли билан яшаб келаётган оломон…

Гапира ҚОЧДИЕВА