Шахсий тажриба: беҳаё эркакнинг қурбонига айландим

Эксигибиционизм — бу жинсий аъзоларини очиқчасига кўрсатишга эҳтиёж сезадиган инсондаги салбий хислатлар. Бундай шахслар ҳамманинг кўз олдида нотаниш инсонларга беҳаё қилиқларини намойиш этиб ҳузурланади. Улар билан учрашиб қолишдан ҳеч ким суғурталанмаган. Бугунги қаҳрамонимиз худди шундай фикрда.

«ХАВФСИЗЛИГИМГА ДАҲЛ ҚИЛИНГАНИДАН ҲАМОН ЎЗИМГА КЕЛОЛМАЙМАН»

Алфия, 31 ёш

Болалигимдан шундай инсонлар борлиги ҳақида эшитганман. Онам уларга дуч келиб қолсанг, дарров қочиб кет деб ўргатарди. Айниқса, 90-йиллар бошларида бундай ҳолат кўп учрарди. Мана ниҳоят, шунча йиллар ўтиб 30 ёшга кирганимда ана шундай уятсиз, жонсарак инсонга дуч келиб қолдим.

Дугонам билан соҳилга дам олгани бордик. Ерга тўшанчиларимизни солиб, кунда тобланиб ётсак, атрофдан ғалати овоз кела бошлади. Ортимга қайрилиб қарасам, 35 ёшли эркак яланғоч ҳолатда турибди. Энг ёмони, менга қараб олатини ушлаганча уни фаол ишқалаётган эди. Сесканиб кетиб, “бу ердан кет” деб бақирдим. Унинг эса парвойи фалак бўлиб, ўз ишида давом этарди. Дугонам ҳам тинч турмади, менга қўшилиб бақира кетди. Шовқин кўтарганимиздан кейин уятсиз эркак биздан узоқлашди. Лекин ўзимни қандай ҳис қилганимни билсангиз эди. Худди устимдан лой қуйишгандай, ҳамма ёғим чанг-ғуборга тўлгандай туюларди. Кимдан нафратланишни билмасдим. Бу воқеани турмуш ўртоғимга айтиб берсам, ўзинг айбдорсан, соҳилда аёл бошинг билан тобланишга бало борми, деган гапни эшитдим. Хўш, нима учун аёллар бундай вазиятларда айбдор бўлиши керак? Агар мен эркак бўлиб туғилганимда, балки бундай воқеага дуч келмасмидим. Аёл бўлганим айбимми? Ўша ҳодисани эсласам, ҳалиям ёқимсиз хотираларга чўмаман. Орсиз, беҳаё эркакларга дуч келиб қолмай яна деб қўрқиб юраман.

Психологлар фикри

Жамиятда ҳар хил одамлар яшайди, шу жумладан, психик носоғлом эркаклар ҳам. Эксгибиционистларнинг мақсади — ўзга инсонларга қараб жинсий қониқиш ҳис қилиш. Қурбон қанчалик қўрқса, улар шунчалик мамнун бўлаверишади. Аёллар шуни унутмасликлари керакки, эксгибиционистлар учун аниқ бир аёл муҳим эмас, яъни фақат мени нишонга олди, деб хафа бўлишнинг кераги йўқ. Шунинг учун қурбон бўлиб қолдингизми, бақириб чақириб ўтирманг, тезда бошқа жойга кетинг. Иложи бўлса, одамлар гавжумроқ жойга. Шу тариқа ўзингизни ҳимоя қиласиз. Қолаверса, яқин атрофдаги ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беришингиз ҳам мумкин. Қолаверса, бу каби салбий вазиятларни оила даврасида ўзингизга яқин инсонлар орасида муҳокама қилишдан уялманг. Улар барибир сизга далда бўлишади.