САДИСТ ЭРКАКНИНГ ҚУРБОНИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик, ваҳший муносабат ҳақида кунора янгиликларда ўқиш одат тусига айланди. Бунинг сабаблари, жамиятимизда оддий ҳолга айланаётгани ҳақида ҳамманинг фикри турлича. Мен эса эътиборни зўравон эркак чангалига тушишнинг олдини олишга қаратмоқчиман. Эркак киши тўйдан кейин зўравонга айланмайди, аслида унда манашу руҳий ҳолатлар аввалдан мавжуд бўлади.
Ҳўш, садист эркакнинг қурбонига айланиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Садизм — ушбу ҳолатга таъриф берган Маркиз де Сад номи билан аталган ибора бўлиб, зўравонликка мойиллик, бошқаларни камситиш ва қийноққа солишдан завқланишни англатади.
Тажрибали садист сизни, яъни ўз қурбонини ташқи белгиларга кўра танлайди.
Тўғри тушундингиз, бундай эркакни сиз танламайсиз, аксинча сизни танлашади, қурбон сифатида…

👉Садистлар:
· Қаршилик кўрсата олмайдиганларни
· Зўравонлик чангалига осонгина тушадиганларни
· Танаси, интеллекти ва руҳий ҳолатига ҳукмронлик қилиш, зериккунича устидан кулиш, калтаклаш, таҳқирлаш мумкин бўлган аёлларни танлашади.

✅Қурбонларнинг универсал ташқи белгилари эса қуйидагича:

  1. Уларнинг нигоҳи: хавотирда, хаёли паришон, безовта. Жабрдийдага айланадиган аёлларда қатъийлик, ўткир нигоҳ, ўзига ишонч етишмайди. Улар гўёки бировдан ёрдам, нажот кутаётгандек кўринишга эга бўлишади.
    Маслаҳат: кўчада юрар экансиз, ўзингизга бўлган ишончни намойиш қилинг, саросимага тушманг, ҳаяжонингизни ҳам атрофдагиларга сездирмасликка ҳаракат қилинг!
  2. Қаддини тик тутмаслик: букчайган қомат, эгилган елкалар, вужудда қувватнинг йўқлиги. Худди биров бутун қувватини сиқиб олгандек кўринишга эга бўлиш ҳам садистларни ўзига жалб этади.
    Маслаҳат: қаддингизни тик тутинг, босган қадамингиздан ўзингизга бўлган ишончингиз сезилиб турсин. Доимо қувватга тўла бўлинг, овозингиз, нутқингизда ҳам қатъийлик бўлсин!
  3. Имо-ишоралар. Садист потенциал қурбонни танлаши мумкин бўлган кейинги белги – бу имо-ишоралар. Жабрланувчи қўлларини елкасидан тирсагигача танасига ёпиштириб олади, унинг имо-ишоралари ҳам сезилмас бўлади. Ўзига эътибор қаратмасликка ҳаракат қилади. Бировни тасодифан хафа қилиб қўйиш, туртиб юбориш, бирор нарсани тушириб юборишдан ҳайиқиб туради.
    Маслаҳат: ўзингизни эркин тутинг, қўрқув ва ҳавотирларга берилманг, ҳеч бўлмаганда буни атрофдагиларга сездирмасликка ҳаракат қилинг!
  4. Кийиниш услуби. Жабрланувчи хулқ-атворига эга бўлган аёл ўз либоси билан бошқаларнинг эътиборини тортмасликка ҳаракат қилади, атрофдагиларга ёқадиган тарзда кийинади. Оқ, кулранг, оч мовий, жигарранг, оч пушти рангларни танлайди. Бундай аёллар ўзини намоён этишдан қўрқади, атрофдагилар муҳокама қилишларидан чўчиб, ёрқин ранглардаги либосларни ўзларига эп кўрмайдилар.
    Маслаҳат: Бировларнинг сиз ҳақингиздаги ғийбатларига бепарво бўлинг. Ёрқинроқ ранглардаги либосларни танланг. Бундай либосни кийганда ўзингизни кийган либосингиздан ҳижолат бўлаётгандек тутманг!
  5. Атрофдагилар билан мулоқот. Садистлар кўпинча тадбирларда ўзини эркин тутадиган, осон муносабатга киришадиган, ўзига бўлган ишончни намоён қиладиган аёллардан узоқроқ юришади.
    Маслаҳат: Садистнинг рейтингида анти-лидер бўлиш, унинг эътиборига тушмаслик учун эркин, ўзига ишонган аёл қиёфасига киринг. Ўзингизни жабрдийда, мулойим кўрсатишни бас қилинг!

Р.S. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, ўзига ишонган, қатъиятли аёллар ҳам баъзан зўравонларнинг қурбонига айланишади. Бунга аёлнинг оиласидаги муҳит ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Онасига нисбатан отасининг зўравонликларини кўриб улғайган қизлар буни одатий ҳол деб қабул қилишади ва кўп ҳолларда онасининг тақдирини такрорлашади.
Демак, аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам беришни оиладан бошлашимиз керак. Зеро, отасининг ардоғида, севги-муҳаббат, ўзаро ҳурмат муҳитида ўсган қизлар ўзларига турмуш ўртоқ танлашда ҳам айнан манашу жиҳатларга эътибор қаратадилар.

Азиз аёллар, эркак киши билан ўзаро муносабатларда ноқулайлик, зўравонлик аломатларини сездингизми, бунга беэътибор бўлманг!