Ота-онаси мажбурлаб турмушга бермоқчи бўлган қиз стрессга тушиб қолди

Хитойда бугунги кунда кўп қизлар ҳаётида учрайдиган бир воқеа рўй берди. Ота-она қизини шунчалик турмушга чиқишга мажбурлаганидан, у қаттиқ тушкунликка тушиб қолди. 27 ёшли қиз шифокор ҳузурига оёқ-қўлларининг карахтлиги ва нафасидаги муаммолардан шикоят қилиб келди. Кузатувлардан кейин буларга хавотирли вазият, яъни респираторли алкалоз сабаб бўлгани аниқландли. Бунда нафас олиш тезлашади, қонда карбонат ангидрид миқдори камаяди.

Аниқланишича, хитойлик қиз оиладаги низолардан кейин яхши нафас ололмай қолган. Унинг даволовчи шифокори Чэнь Ляннинг айтишича, ота-она бир неча маротаба қизига турмушга чиқиш таклифини билдирган. Кейинчалик бу таклифлар мажбурловга ўтган. Орада оилада катта жанжал келиб чиққан. Шифокор қачонки аёл тинчланса, ўшандан кейин хавотир аломатлари ўтишини тушунтирган. Хитойда сўнгги 10 йилда ёшлар орасида оила қуриш ҳолатлари кескин камайиб кетганлиги маълум. Келинг, ушбу хитойлик қизнинг тушкунликка тушиш сабабларини кўриб чиқамиз. 

ҲАММАСИ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНАДИ

Боланинг ўзига берадиган баҳоси унга нисбатан ота-онасининг ёки атрофдагиларнинг баҳосига қараб шаклланади. Икки хил танқид турлари бор: конструктив ва деструктив. Конструктив танқид қуйидагича: «Ёмон қилиқ қилдинг, кел уни тўғирлаймиз. Бундан қандай хулоса қилсак бўлади», шундай дея муқобил вариант топиш мумкин. Аммо кўпинча ота-оналар деструктив танқидни қўллашади: «Ёмон иш қилдинг ва тамом».

Бу гапни эшитиб катта бўлган инсон атрофдагилар фикрига қараб иш тутади. Ўзи пул ишлаб топиб, алоҳида яшаб, мустақил яшасада, ота-онасидан қўллов кутади. Аслида ота-оналар деструктив танқид ёрдамида фарзандларини бошқаришни исташади.

ОИЛАНИНГ ТАЪСИРИ

Аввало ота-онага таъсир кўрсатувчи омилларни инобатга олиш керак. Масалан, ота-оналар фарзандининг келажаги учун доим қайғуриб қўрқиб юришади. Шу хавотирлар сабаб фарзандларини ўз ҳолига қўймайдилар. Шунингдек, ота-онанинг қандай муҳитда яшаётганлиги ҳам аҳамиятли. Агар онанинг ўзи қиз бола ўқиб нима қилади, унинг вазифаси туғиш ва фарзандларига қараш деган анъаналар асосида улғайган бўлса, демак, ўз қизига ҳам шуни уқтириб яшайди.

Яна бир муҳим жиҳат, оилада шахсий чегараларнинг бўлмаслиги. Яъни ота-онанинг фарзанди ҳаётига ҳадеб аралашавериши. Бундай вазиятларда ҳам фарзандларнинг ҳаёти хавф остида бўлади. Хавф остида бўлганларга яна ота-онасининг фикрига суяниб қолганлар ҳам киради. 

Мутахассисларнинг фикрича, аёл учун турмушга чиқадиган энг яхши ёш 27–30 бўлса, эркакларда — 28–32 ёш. Бу ёшда инсоннинг шахсияти ривожланган, иш жойи, даромади ва уй-жой муаммолари ҳам ҳал этилган, никоҳи эса мустаҳкам бўлади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди