«Ота-она, болалар ва бувилар»: ушбу учбурчакда қандай қилиб омон қолиш мумкин?

Оилада фарзандларнинг дунёга келиши кўп томонлама вазиятни ўзгартириб юборади. Шу жумладан, буви ва боболарнинг ўз фарзандлари билан ўзаро алоқаларини ҳам. Гоҳида катталар невараларнинг меҳри учун уларнинг ота-онаси билан рақобатлашаётганга ўхшайди. Вазият икки хил тус олиши мумкин. Ўз устида ишлайдиган қариялар неваралари бобида беминнат ёрдамчи бўлишади, ўз ташвишига ўралашиб қолганлар эса муаммолар келтириб чиқаришади. Боланинг ҳаётида ҳар икки томоннинг ўрни беқиёс, ота-онанинг ҳам, бобо-бувиларнинг ҳам. Шундай экан, бу учбурчакда олтин ўрталиқни топиш шарт.

Ким бошлиқ?

Фарзандни дунёга келтирган ота-она устунми ёки уларни тарбиялаётган буви-ю боболар? Оилада мана шу масала асосий ўринга чиқса, носоғлом рақобат муҳити пайдо бўлади. Бу рақобат эса бошқарув ва назорат учун курашга айланиши ҳеч гап эмас. Айниқса, бувилар экспертлик вазифасини ўз зиммасига олишга ҳаракат қилади ва ёшларни билимсизликда, тажрибасизликда айблайди. Аслида ҳар икки томоннинг фикри тенг инобатга олиниши ёки ҳеч бўлмаса, муҳокама қилиниши зарур. Афсуски, биз катталар фарзандларни тарбиялашда устунлик позициясини эгаллаймиз, дея кўп хатолар қиламиз ва бу болалар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатмайди. Ёшлар “ўзимиз биламиз аралашманг” дейишса, катталар “ҳали тажриба йиғишинг учун кўп яшашинг керак” дейишдан чарчашмайди.

Обрўнинг тўкилиши

Тасаввур қилинг, қариялар невараларига ота-онасини ҳадеб ёмонлайверса, айбларини кўрсатаверса, ҳатто бу каби муносабатларига болаларнинг ўзларини иштирокчи сифатида жалб қилса, ота-онанинг фарзандлар олдидаги обрўси тўкилади. Катталар муаммоларни болалар олдида муҳокама қилишар экан, тарбия бобида бир қадам орқага қадам босаётганини билишлари зарур. Бундан ташқари яқинлари ўзаро низолашганда, бу болаларга таъсир этмасдан қолмайди. Руҳий зўриқиш, катталарни яраштириш истаги кабилар уни ташвишга солиши мумкин. Гоҳида болалар зиддиятларнинг бевосита иштирокчисига айланиб қолишади. Энг қизиғи, болалар бу урушда ўзлари учун фойдали томонларини ҳам топишади, яъни яқинларини айбларини айтиш орқали назорат қилишга ўтишади. Албатта, бу омилларнинг ҳеч бири бола феъл-атвори шаклланишида ижобий ўрин тутмайди.

Муроса йўллари

Биринчиси, ёши катта инсонларга бола тарбиясида қўлланиладиган завонавий усулларни ётиғи билан тушунтиринг. Масалан, гаджетлар фақат дарсдан кейин рухсат берилиши ёки болани ҳадеб тергайвериш керак эмаслигини. Буви ва боболарнинг танқидига танқид билан эмас, балки муқобил ечим варианти билан жавоб бериш зарур. Яна бир вазият, зарарли ширинлик ёки интернетни чеклаётган буви боланинг кайфиятини кўтаришнинг бошқа усулларини топсин. Иккинчиси, оилада ҳеч кимнинг ўрни алмашиб қолмасин. Агар буви онага, бобо отага айланиб қолса, бола чалкашиб кетади. Шунинг учун оилада катталар қатъий қоидаларга амал қилиши керак.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди