«Онажон, сизга дил сўзларим бор»: бутун болаликка татигулик зўравонлик ҳикояси

2022 йил баҳор ойларида Psychologies.ru таҳририятига сайт обуначиларининг биридан мактуб келди. Унда бир аёлнинг дардлари, азоблари, тассуротлари-ю аччиқ кечинмалари акс этган. Ушбу хатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“НИМА УЧУН ЁЗАЯПМАН?

Буни аслида аллақачон қилишим керак эди. Мана, навбатдаги уйқусизлик, тонгги соат 5, компьютер олдига йўрғалайман, токи қалбимда йиғилиб қолган ғуборни тўкиб солмагунча тинчимайман. Ҳозир ҳаётимда энг сокин давр: ҳаётимни ўзимга ва фарзандларимга бағишлаганман. Ёзадиганларимни икки-уч соат давомида кўринмас суҳбатдошга гапириб бердим, хаёлан ҳаммасини ёзиб чиқдим.

Мен бировнинг раҳмини келтирмоқчи эмасман. Биламан, ҳаётим фожеали дамларга тўла, аммо уруш шароитида ёки оч-наҳор, калтаклар зарбида яшаётган болаларники билан таққослаб бўлмайди. Шунинг учун ҳаётимни бошқаларникидан қийин бўлган демайман.

Бу матн — ўзимни кашф қилиш натижасида ёзилмоқда. Бутун ҳаёт йўлимни англашим учун бу жуда зарур. Балки сиз азиз ўқувчиларга ҳам қизиқ бўлар: кимгадир ёрдам берар, кимнингдир дарди енгиллашар. Мен даҳшатли қўрқувларим ва нафратларимга тик қарамоқчиман. Кейин… Онамга ҳам мурожаат қилмоқчиман.

Онажон, ёзганларимни ҳеч қачон ўқимайсиз дея умид қиламан, чунки ижтимоий тармоқларда йўқсиз, постлар ва изоҳларга қизиқмайсиз.

Бунга амин бўлганим учун ҳам мазкур номани битишга жазм этяпман. Сиз билан юзма-юз гаплашишни истамайман. Бунга 18 ёшимда ҳаракат қилиб кўрганман, аммо кўзларингизда бутунлай бошқа оламни кўрганман, яъни фарзандларига қўл кўтармайдиган рисоладагидай она. Майли, ўз наздингизда шундай бўлиб қолаверинг. Мен қасд олишни истамайман, сизга болаларни уриш яхши эмас, деб уқтирмоқчи ҳам эмасман.

Шунчаки тақдиримни, таҳминан 30 йилдан буён тушкунликда яшаётганимни сўзлаб бермоқчиман. Балки бунга ишониш қийиндир, аммо бу дунё билан жуда эрта, беш ёшлигимда муносабатларим бузилган. Ўша чоғда мен каби инсонлар ҳеч кимга керак эмаслигини англаб етганман. Чунки болалигимдан мен учун энг қадрли инсон – онамдан ана шундай фикрни эшитиб улғайганман.

Тушкунлик бутун миямни эгаллаб олган қора чирмовуқ. Кўчада кетаётганимда барча кулиб, қушлар сайраса ҳам, ҳаёт қайнаб ҳамма мамнун бўлсада, менинг ичимда ўша қора соя мангу яшайверади.

Мени туғилишимни хоҳлаганмидингиз ўзи она?

Мен туғилганимда, тўнғич ўғлингиз ҳали бир ёшга кирмаган эди… Унинг буйраклари касал бўлгани учун шифохонада ётарди. Тушунаман, фарзандинг бетоб бўлса, бундан ёмони йўқ. Шундай шароитда мени олиб келишди. Болалигимда менга нафрат кўзлари билан боққанингизни такрорлашдан чарчамагансиз: «Сен кроватда ётардинг? Ўғлим эса шифохонада» дея.

Ижтимоий тармоқдаги профилимда шундай ёзилган: «Ҳеч ниманинг маъноси йўқ/ — Буни катталар ва фарзандлар билишади./ — Фақат ҳарфлар, рақамлар, исмлар, туғилган ва ўлган кунлар ўзгаради». Бу пессимизмнинг мадҳиясимикан? Яқинда психолог ҳузурига бордим. Тушкунлик ҳолатидан бутунлай чиқиб кетмоқчиман. Ижтимоий тармоқдаги саҳифамга кўп назар ташлайман. Ҳар гал бояги салбий фикрларни олиб ташлашни ўйлайман. Лекин қолдиравераман. Бу асло қайсарлик эмас. Чунки ўша фикрлар доим хаёлимда айланаверади. Бахт ва қувончли дамларда ҳам. Бу менинг ҳақиқий сурункали тушкунлик ҳолатим. Болаликдан мерос оғриқли дардим, жароҳатим”.