«Ойдин нур» ҳикоялари

Моҳинур (исми ўзгартирилган) Бухоро вилоятидаги кичик бир қишлоқда яшайди. Турмушга чиқиб, эри, қайнотаси ва қайнонаси билан бирга яшай бошлади, учта фарзандни дунёга келтирди. Итоаткор ва одобли келин бўлди, эри ва қайнота-қайнонаси ундан мамнун эди.
Турмуш ўртоғи ёш келинчакка дамба-дам: “Ҳамма нарсада ота-онамнинг гапларига қулоқ тутишинг керак”, деб такрорларди. Шунинг учун қайнота ва қайнонаси уларни эри, катта қизи ва кичик эгизаклари, яъни бир ўғил ва бир қизи билан уйнинг бурчагидаги бир хонага кўчиришганда ҳам у эътироз билдирмаганди. Хона ҳеч исимасди, аммо қайнотаси бу муаммодан “чиқиш йўли”ни ҳам ўйлаб топди – шланг орқали ўзганинг табиий газига улаб қўйди. Шланг иситиш печидан тез-тез тушиб қолар, Моҳинур болалар билан хонада узоқ қолишдан қўрқар, лекин эри ва унинг қариндошларига қарши чиқишдан кўпроқ ҳайиқарди.
Моҳинур учун ўша машъум кун, 2021 йилнинг 2-февралида ҳамма нарса одатдагидек давом этарди. У эрта тонгда уйғониб, уй ишлари билан ўралашиб юрди. Рўзғор юмушларини тезда битириб, эгизакларининг олдига шошди, бироқ қайнонаси: “Ким хамир қориб, нон ёпади?”, дея уни тўхтатиб қолди. Моҳинур ҳовлига қайтиб, ишини давом эттирди, қайнотаси ҳам ҳовлида унинг ҳаракатларини кузатиб турарди. Аёл бир ярим яшар қизи ва ўғлининг овозига қулоқ соларкан, қайнонасининг инжиқликларини кўтариб, буюрган ишларини шоша-пиша амалга оширарди. Аммо бирдан овозлар келмай қолганини пайқади. Уйнинг ўзи яшайдиган томонига болалардан хабар олиш учун югура кетди, эшикни очаркан, хонада қора тутундан бошқа нарса кўринмасди…
Аёл тутунга бўғилиб, ёниб турган хонага ўзини отди-да, болаларни судраб ташқарига чиқарди. Қизи кўплаб жароҳат олганди-ю, тирик қолди, аммо ўғлини қутқариб қололмади. Эрининг ота-онаси боланинг ўлимида келинини айблай бошлади, уни уйдан ҳайдашларини айтиб, ўғлининг ўлими учун уни жазолаш кераклигини талаб қилишарди. Газ ўғирлаб, қувурга ноқонуний улаб, иситиш печидан хонаки шланг дамба-дам тушиб кетаверишини, гўёки ҳамма унутаёзганди. Ҳамма нарсада ота-онасига бўйсунадиган эр эса ундан узоқлаша борди, Моҳинур билан ҳеч қачон бахтли бўлмаганини, ўғлининг ўлимида сабабчи эканини қайта-қайта юзига соларди. Эрининг қариндошлари ҳам ёш аёлга нафрат билан қарашарди, броган сари аёл учун ўзи шундоқ ҳам кичкинагина қишлоқда ҳаёт чидаб бўлмас ҳолга келиб қолганди.
Оқибатда Моҳинур икки фарзанди билан уйдан ҳайдаб чиқарилди. Эр ажрашиш учун ариза берди. Ёш аёл ҳали бир ярим ёшга тўлмаган қизи борлигини ҳисобга олиб, унинг розилигисиз ажрашишларига ишонмаганди. Бироқ, судья унинг ажралиш ҳақидаги фикрини сўраб ҳам ўтирмади-да, тезда уларни ажратди. Орадан бир ой ўтгач, Моҳинур эрининг яна бошқа хотинга (ноқонуний) уйланганини билиб қолди.
Ёш аёлнинг борар ери йўқ, қизлари билан эрининг уйига рўйхатдан ўтишни умид қилганди, аммо эри ва унинг қариндошлари бунга йўл қўймай, Моҳинурни камситишар, ўғлининг қотили дея айблашда давом этарди. Шу алфозда олти ойдан кўпроқ вақт ўтди. Моҳинур охийри, маслаҳат сўраб адвокат М.Шариповага мурожаат қилади, у эса аёлни Бухоро шаҳридаги “Ойдин Нур”га жўнатди. Декабр ойи бошида Моҳинур ва унинг онаси ёрдам сўраб, “Ойдин Нур”га мурожаат қилишди, марказ мутахассислари ёш аёлнинг ҳикоясини тингларкан, уни ҳамдардлик билан қабул қилишди. Улар аввало Моҳинурни рухий тушкунлик ва бўлиб ўтган воқеалар исканжасидан чиқариш мақсадида психологга юборишди.
2021 йил 10 декабрь куни марказ адвокати аёл ва унинг қизларини кўчириш учун барча керакли ҳужжатларни тайёрлади. Марказ адвокат ва давлат божини тўлаб, судда аёлни ўз ҳимоясига олди. Жараён давомида қайнонаси ва турмуш ўртоғи сўзга чиқиб, Моҳинурни айблай кетишди, бўлмағур гаплар билан ёмонотлиққа чиқаришди, бироқ газ ўғирлангани, онага болаларига қарашга рухсат бериш нарида турсин, аксинча, бунга йўл бермаганликлари, ўзлари эса унга ёрдам қўлларини чўзмаганликлари ҳақида лом-мим дейишмади. Кўнглида ғубори йўқ ва чўкиб бораётган жувон ҳамон оиланинг бирлашишига ишонар, қайта уйига кўчиб ўтишни, яна бир оила бўлиб яшашига умид қиларди.
Мажлис яна қолдирилди, Моҳинур ўзи ва қизларини эри ва отасининг уйига кўчиришларини яна кутишга мажбур эди. Бир неча кун ўтиб иккинчи мажлис бўлиб ўтди. “Ойдин Нур” адвокати Моҳинурнинг бу ишда ғалаба қозонишига ёрдам берди, суд аёлга қизлари билан кўчиб ўтишга рухсат берди, унинг эри ва қайнонасининг кўчишига аралашиши тақиқлаб қўйилди.

Таҳририятдан: Моҳинур ҳикоясининг дахшатли томони шундаки, бу одатдаги муаммолардан бирига айланган. Исталган шаҳарни ва ҳар қандай номни ўрнига қўйиб ишлатишингиз мумкин, бироқ ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳудудларда иситиш, электр ва газ йўқлиги, иситиш ва электрлаштиришнинг қўлбола усуллари, болаларнинг назоратсизлиги бу одатий ҳолга айланган, чунки, биринчи навбатда, хотин эрининг ота-онасининг хизматкорига айланган. Минглаб бошқа болачаларни Моҳинурнинг ўғилчасининг аянчли тақдиридан нима ҳимоя қилади? Эҳтимол, шунчаки омаддир.
Бироқ ҳар доим ҳам омад кулиб боқавермаслигини ҳаммамиз биламиз. Буни ўйлашнинг ўзи ҳам қўрқинчли. Болаларнинг ўлимига болаларга, чорва ва уйга қарай олмаган она айбдор бўлиб қолаверади. Эркатой ўғлини эса келин билан ажратиб, ҳаётини янгитдан қуриб беришади. Фожианинг сабаблари эса бошқалардан беркитилади. Бу ҳикоянинг эътиборли тарафи шундаки, “Ойдин Нур” маркази аёл ва унинг қизларига ёрдам қўлини чўзиб, аёлга ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиб, энг муҳими, ҳеч қандай ҳукмсиз қабул қилишди, уни тушуниб, ҳаётга умид берганликларида эди.
Ҳаётимиз ўзгаришига, бундай даҳшатли одатий муаммолар камайишига ва умид берувчи марказлар кўпроқ пайдо бўлишига умид қилишдан ўзгаси бекор.

Бухоро вилояти ОЙДИН НУР оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш маркази:
Шаҳар рақами (туну кун ишлайди): +998 65 2246511