ОИВ ҳукм эмас. Тест мусбат чиққанда, инсонни қандай қилиб қўллаб-қувватлаш керак?

ОИВ/ОИТС – бутун дунёнинг катта муаммоси, у миллионлаб инсонларга нормал ҳаёт кечиришга бермайди. Хўш, бу дард бошига тушган инсонга қандай далда бериш керак ва унга нималарни айтиб бўлмайди.

БМТ маълумотларига кўра, 2020-йили жаҳонда ОИВ билан яшаётган инсонлар сони 38 миллионни ташкил этган. Улардан 25,4 млн нафари антиретровирус терапиясини олган. Бунда ОИВга янги чалинган инсонлар сони 1,7 млнга етган. 690 минг нафар одам ОИТСга боғлиқ касалликдан вафот этган.

2020 йилда ОИВ/ОИТС касаллигига асосан ҳимояланмаган жинсий алоқа ва парентерал йўл орқали юқиш сабаб бўлган.

ОИВ юқтирган инсон билан мулоқот қилганда, энг аввало уни ҳақиқий ҳаётга қайтариш керак. Чунки бу касалликка қадар у тўлақонли ҳаёт кечирган: эри, хотини, фарзандлари, иши, дўстлари, қизиқишлари бўлган. Дунё тўхтаб қолган эмас, фақат энди организмдаги вирусга қарши курашиш керак.

Бундай инсонларни қўлламоқчи бўлганларнинг энг асосий вазифаси, бу ташхис ва унинг чекловларида тўхтаб қолмаслик. Яшаш учун мотивация бериш.

Сизни тўғри тушунишлари учун нима дейиш керак?

Инсонларга қуруқ ваъда берманг. Қуйидаги сўзларни айта кўрманг:

«ҳаммаси яхши бўлади»;

«ташвишланма»;

«асабийлашма, ҳаммаси яхши»;

«ҳаёт тўхтаб қолмади-ку»;

«ҳаммаси яхши бўлиб кетади».

Айтилиши зарур бўлган сўзлар:

«нимани ҳис қилаётганингни билмайману, лекин доим ёнингда бўламан»;

«дардингга шерикман».

Мабодо нима дейишни билмаётган бўлсангиз, яхшиси сукут сақланг ва шунчаки ушбу инсон олдида бўлинг. Қолаверса, беморга йиғи орқали дардларини тўкиб солишга қўйиб беринг.

Бировнинг ҳиссиётларини босиш эмас, балки уларни қабул қилиш тўғри йўлдир. Сабаби жиловланган ҳиссиётлар кўпроқ муаммоларни келтириб чиқаради. Асло қуйидаги сўзларни такрорламанг:

«йиғлама»;

«фарзандларинг бор, ўзингни қўлга ол»;

«тинчлан»;

«ҳаёт давом этади».

Инсон қадрини туширмасликка ҳаракат қилиш керак. Яъни, қадрсизлантириш, бу ҳиссий зўравонлик дегани. ОИВга чалинган одамга кўпроқ қулоқ тутинг. Шу йўл орқали унинг истакларини билиб оласиз. Юмушларини енгиллаштиринг. Фақат сўзларда эмас, балки амалда кўпроқ ёрдам беринг. Инсон ҳаракатларини баҳоламанг.

Меҳр кўрсатинг, атрофдагиларга зарар етказмасдан ёрдам қўлини чўзинг. Даволашнинг самарали йўлларидан бири, бу қучоқлаш орқали далда беришдир.

https://lifestyle.segodnya.ua материаллари асосида тайёрланди.