ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИК БОЛАГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ ВА УНГА ҚАРШИ НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Ота-оналар фарзанднинг ҳар томонлама ривожланишига таъсир ўтказади. Айнан катталар болалар учун намуна бўлиб, уларнинг хатти-ҳаракати андоза сифатида хизмат қилади, ота-онанинг бажарган ишларига қараб, фарзандлар ёки ёмон, ёки яхши томонга ўзгаради. Ҳар биримиз ота-онамиздан андоза олганмиз, лекин бу андоза ҳар доим ҳам меҳр-муҳаббат ва ҳурматни акс эттирмаслиги мумкин.
Бугунги кунда дунё бўйича кўплаб болалар оиладаги зўравонлик қурбонига айланмоқда.

Мана, уч йилдирки эпидемиологик вазият шароитида инсонлар кўп вақтини уйда ўтказишига тўғри келяпти. Маълумотларга кўра, кўп давлатларда оиладаги зўравонликдан азият чекувчилар сони ортган. Оиладаги зўравонликка нишон бўлганларнинг 70%идан кўпини аёллар ва қизлар ташкил этади.

Оиладаги зўравонлик нима? Бу инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига зарар келтирадиган ҳар қандай ҳаракатлар бўлиб, натижада оиланинг барча оила аъзолари зиён кўради. Барчанинг ҳуқуқлари бузилади.

Оиланинг энг ҳимоясиз аъзоси – бу болалар. Нима учун?
Оилада зўравонликка дуч келган, кўп ҳолларда ўзи ҳам қурбонга айланган бола бундан бошқача ҳаёт борлигини тасаввур қила олмайди. Айниқса кичик ёшдаги болалар ҳар томонлама ота-онага қарам бўлади. Улар шунчаки ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетолмайди. Бола отаси нима учун онасини ураётганини тушунмайди ва аксарият ҳолларда бунда ўзини айблайди. Болалар катталарга ўз муаммолари ҳақида гапириб бериш мумкинлигини англаб етавермайди. Ёрдам олиш ҳам фақат ота-она иштирокида бўлади.

Оиладаги зўравонлик бола унинг нишони бўлмаган тақдирда ҳам, кичкинтойнинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Ота-онаси муносабатларидаги зўравонликнинг гувоҳи бўлиб яшаган бола безовталик, тушкунлик, ўзига паст баҳо бериш, қўрқув ва тунги даҳшатлар, овқатланиш жараёнида (ортиқча таомланиш ёки иштаҳасизлик) кўплаб муаммоларга дуч келади. Бундай болалар ўсмирлик даврида тажовузкор ёки мутлақо пассив бўлади.

👉Оиласида доим зўравонлик кўриб яшаган болаларга ушбу хислатлар хос бўлади:
🔹айбдорлик ҳисси, ўз қадрини билмаслик;
🔹ўзидан кучсизларга куч ишлатади ёки аксинча, ўзини ҳимоя қила олмайди;
🔹намойишкорона ҳаракатлар билан ҳамманинг диққатини қаратишни истайди;
🔹хавотир, ёлғизлик, безовталик, зерикиш домига тушади.
🔹Уйқуси бузилади.

❓Нима қилиш керак?
– Агар сиз ва фарзандингиз оилавий зўравонликка тушиб қолган бўлсангиз, албатта ёрдам олиш учун мурожаат қилинг. Бу асло заифлик эмас! Бу билан ўзингиз ва фарзандингиз ҳаётини яхшилаш сари қадам ташлайсиз.
– танишлар, қариндошлар билан алоқани узманг, доим боғланиб туринг;
– жуфтингиз кўпроқ қайси вазиятларда зўравонлик қилишини аниқлаб, ўзингиз ва болангизни хавфсизлантириш учун ушбу вазиятлардан қочинг;
– уйингизда ошхонадан йироқроқ бўлган (бу ерда ўткир тиғли жисмлар бор) ва эшикка яқинроқ жойни вақтинчалик маконингизга айлантиринг. Мабодо зўравонликнинг кучли тури қўлланилса, сиз уйдан чиқиб кетишга қийналмайсиз;
– ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла қўмитаси, қўшнилар, дўстларнинг алоқа рақамларини эслаб қолинг. Хавф вақтида мурожаат қилиш учун;
– фарзандларингизга зўравонликни оқлаб бўлмаслигини тушунтиринг ва сизлар асло зўравонлик сабаби эмаслигингизни англаб етинг;
– таҳдидли вазиятларда уйдан қочиб чиқиш режасини тузиб қўйинг;
– оилангиздаги зўравонликни яширманг, бу ҳақда яқин инсонларингизга гапириб беринг ва вазиятингиздан уялманг;
– инқирозли даврни кутманг, аёллар мурожаат қилиши мумкин бўлган махсус хизматларда керакли маслаҳатлар олишингиз мумкин;
– шошилинчда уйни тарк этсангиз, қайси маблағга хавфсиз жойга етиб олишингиз ҳақида олдиндан ўйлаб қўйинг, ёнингизда захира пуллари бўлсин;
– ҳужжатлар, дори-дармон ва биринчи галдаги керакли буюмларни қўл етадиган жойда сақланг.

Оиладаги зўравонлик ҳақида жим туриб, сукут сақлаб бўлмайди, унга чидаш керак эмас. Оилада зўравонлик бўляптими, уни тўхтатиш шарт ва келгусида қайтарилмаслиги чорасини кўриш лозим.

Манба: https://www.unicef.by/en/press-centr/360.html