“ОДОБЛИ ЎҒИЛ”: ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ОНАСИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШНИ ОШИРИБ ЮБОРЯПТИ

Эркак кишининг онасига бўлган муносабатига қараб бўлғуси рафиқасига нисбатан муомаласини англаб олиш қийин эмас, дейишади. Агар у эътиборли ва ғамхўр бўлса, бу яхши белги ҳисобланади. Демак, аёлига ҳам худди шундай муносабат кўрсатади. Аммо бугунги қаҳрамонимиз ушбу фикрларга бироз қарши.

“Оила қуришимиздан олдин институт даврлариданоқ турмуш ўртоғим билан дўстона алоқаларда эдик. Кейинчалик дўстлик севгига айланди. Ўша вақтларда ўзаро суҳбатларимизда у онаси ҳақида жуда кўп гапирарди. Бажарадиган ишлари, истаклари, орзулари ҳақида сўзлаб берганда оғзидан бол томарди. Кейин билсам, бўлажак қайнонамнинг ҳар қандай харҳашаси ўғлининг ҳаракатлари-ю сармояси эвазига бажарилган экан.

Уйимни таъмирлаб бер, кейинги йилга ваннахонамни ўзгартир, эшикларим ҳам ёқмаяпти, янгисини қўямиз. Бу каби талабларнинг кети кўринмасди. Бирор жойга борганимизда, учрашувимиз ярмисида онаси қўнғироқ қилиб, ўғлига зудлик билан етиб келишини тайинларди. У пайтда бундай воқеаларга унча эътибор бермаган эканман.

Бир куни тўйдан олдин ҳиёбонда айланиб юриб, кутилмаганда онасига дуч келиб қолганмиз. Бизларни таништиришини кутиб ўтирмасдан ҳам ўғлига дийдиёсини айта кетганди. Худди уларнинг олдида мен йўқдай эдим. Алишер акам эса ўртадаги ноқулай вазиятни ўнглашга ҳаракат қиларди. Кетганидан кейин “онам нима хоҳлашини ўзи билади, уни шаштидан қайтариб бўлмайди” дея ҳазиллашган эди.

Оилали бўлганимиздан кейин ҳар сафар қайнонам билан учрашганимизда, кўнглим оғрирди. Савол беришни канда қилмас, аммо биронта жавобимни назарига илмасди. Эримнинг эса онасига меҳри кундан-кун кучайиб бораверарди. Албатта, бу вазият мени жуда асабийлаштирарди. Ҳар бир истагини муҳайё қилиши, кечириши, харҳашасини сўзсиз бажариши. Биргаликда-ку режа қилолмай қолдик. Онасиники устун турарди. Ойда бир тоққа сайрга чиқмоқчи бўлсак қайнонамнинг шу куни соғлиғи ёмонлашади. Баъзида шуни атайлаб ўйлаб топадими, деб ўйлаб ҳам қоламан. Қизиғи, турмуш ўртоғимнинг опаси ҳам бор. Аммо онасиникига кўп келмайди, эримнинг айтишича, улар унчалик келишолмайди. Гоҳида онасининг чексиз буйруқларидан эрим ҳам чарчаб кетади, аммо шикоят қилишга журъат тополмайди.

Бир куни қайнонамдан нолисам эримнинг роса жаҳли чиқиб кетди. “Онамдан воз кечишимни истайсанми?” — дея бутун айбни ўзимга ағдариб қўя қолди. “Менинг жойим ўзи қаерда? Сиз учун қандай аҳамиятга эгаман, кимман мен ўзи сиз учун…” деган саволларим ичимда қолиб кетди.

Тўғри, эримга ҳам осон эмас, икки ўт орасида қолиб кетган. Мени яхши кўришини доим айтади, меҳрини сезиб тураман. Лекин гап онасига келиб тақалганда ҳаммаси ҳавога учиб кетгандай бўлади. Қайнонам ўта айёр, қачон келишни, қачон оиламизга аралашишни жуда яхши билади. Ўғлининг мен томонга интилганини сезса тамом, дарров ҳаракатга тушиб қолади. У биз билан бир уйда яшамасада лекин ҳаётимизда ҳар дақиқа ҳукмрон.

Ўғлини эркалатишни жойига қўяди. Фахрланишини доим эслатиб туради, ишларини мақтайди, қизини ёмонлаб, ундан нолийди, ўғли уни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини айтиб, янада ўзига боғлайди. Қайнопам ёмон одам эмас. Қайнонам уни шунча ёмонласа ҳам, онасини бирон марта ғийбат қилганини билмайман. Орасидаги муносабатлар ҳақида сўраганимда, шунчаки жилмайиб қўяди холос.

Эрим қайнонамнинг турли баҳоналарига жиддий эътибор берма, худди кичик болага ўхшаб қолганда, дейди. Лекин мен ундай қилолмайман. Яқинда қайнонам йиқилиб тушди. Бир ҳафта ўзим қарадим. Ҳар қадамимдан айб топаверганидан қаровчи аёл топишга мажбур бўлдик. У аёл ҳам аранг чидади. Кетар чоғида қайнонангиз роса артист экан, ундан эҳтиёт бўлинг, сизга жуда ачинаман, деб кетди.

Бир куни қизи қайнонамнинг ҳолидан хабар олишга келди. Яна гаплари қовушмай уришиб қолишди. Қайнопам жаҳл устида чидай олмасдан: “Бу худбинлигингиз мени ҳаётимни бузганди, энди навбат укамникими”, – дея гапириб юборди. Қайнонамни йиғлаганини кўрсангиз эди. Бутун уйни қоматга келтирди. Охири эрим ялиниб ёлвориб, кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб тинчитди. Балки қайнотам ҳаёт бўлганида бундай ҳолат бўлмасмиди, деб ўйлаб қоламан.

Лекин бундай ўйлардан фойда йўқ. Чунки қайнонам умрининг охиригача ўғлини тинч қўймайди. Кучдан қолган сари фарзандига тобора қаттиқроқ ёпишиб бораверади. Меҳрибон, виждонли ўғил эса онасининг ҳар қандай қилиғига чидаб, ўзини ҳимоялай олмасдан яшайверади.

Турмуш ўртоғимни яхши кўраман, уни йўқотишдан қўрқаман. Аммо қайнонам билан ҳаётимни қандай давом эттиришимни хаёлимга сиғдира олмаяпман”.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди