Нега давлатимиз зўравонлар учун бунча қайғуради?

Ижтимоий тармоқларда Зомин туманида аёл фарзандлари кўз ўнггида калтакланиб зўрлангани ҳақида хабар чиқарилган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарга муносабат билдирди (https://t.me/jiziib/17537). Айтилишича, Зомин тумани “Пешағор” МФЙда яшовчи уй бекаси, 2 нафар фарзанднинг онаси туман ИИБга мурожаат қилиб, 2022 йилнинг 24 июль куни соат 02:45 ларда ўзининг яшаш уйига юзига ниқоб таққан икки нафар номаълум шахс ётоқхона деразаси орқали кириб, уни қўрқитиб, юзларига бир неча марoтаба уришгани, мажбурлаб, зўрлаб номусига текканлиги сабабли қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятни туманнинг Ёшлик МФЙ да яшовчи Д.А. ва А.А.лар содир этгани аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 118- моддаси 2- қисми “в, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Маънавиятчилар, қаердасизлар?! Ана, уйида болалари билан ўтирса ҳам аёлни зўрлаб кетишяптику! Эндиям кечаги «Ўзбекистон» телеканали ижодкорлари айтганидай «Ғўнажин кўзини сузмаса….» ёки «қарс икки қўлдан чиқади» деб ўтираверасизми?

Ўша разилларни намунча давлатимиз ҳимоя қилмаса?! Қачон зўравонларга тоқатсизлик маданияти шаклланади бизда? Умуман моҳовдай ажратилсин жамиятдан. Нега давлатимиз бунча қайғуради педофиллар, зўравонлар учун?!