Муносабатлардаги муаммолар эркакларнинг психологик саломатлигига қандай таъсир қилади?

Деярли барча эркаклар учун соғлом муносабатлар жуда аҳамиятли. Доимий жуфтига эга бўлган эркаклар ўртача кўпроқ умр кўришади ва психологик ўзгаришларга чидамли бўлишади. Аммо муносабатларга дарз кетса ва ёки якунига етаётган бўлса, эркак ўзини қандай ҳис қилади?

Статистик маълумотларга кўра, никоҳ эркак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади, тушкунлик, суицид, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик хавфини камайтиради.

Демак, соғлом муносабатлар эркакни ёмон иллатлардан қутқариб қолиши мумкин. Чунки эркаклар аёлларга қараганда тўрт-беш баробар кўпроқ ўз жонига қасд қилишар экан. Кўп ҳолларда бунга клиник тушкунлик сабаб бўлади, қолаверса, яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, ёлғиз ва бева эркаклар суицидал ҳаракатларга мойил бўлишаркан.

Ҳақиқий эркакман дея, ўзларини кучли кўрсатадиган эркаклар одатда ёрдам сўрашмайди ва бундан ор қилишади. Улар оғир стресс ёки тушкунликка дуч келганда атрофдагилардан четлашади ёки яқинларига жаҳлини сочади.

Яқинда бир гуруҳ канадалик шифокор ва психологлар 49 нафар эркак ва 30 нафар психотерапевт орасида сўровнома ўтказди. Тадқиқотчиларни жуфти билан ажралиш ёки мавжуд муносабатлардаги доимий стресслар эркак саломатлигига қандай таъсир қилиши қизиқтирди.

НИМА АНИҚЛАНДИ?

Сўров иштирокчиларининг аксарияти муносабатларни йўқотиш билан боғлиқ тажрибаларини тадқиқотчилар билан бажонидил баҳам кўришди. Кўпинча, ажралиш ташвиш, депрессив ҳолатлар ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш хаёлларини келтириб чиқарган. Агар эркак илгари руҳий касалликка чалинган бўлса, шеригидан ажралиш, муносабатларнинг узилиши ҳам янги касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Баъзи суҳбатдошлар шериги кетганидан кейин, ваҳимага тушиб, ҳатто касалхонага ётишгача борган.

Айрилиқнинг биринчи дамларида эркаклар стресс билан курашишнинг носоғлом усулларидан фойдаланишган: спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар, ўта оғир жисмоний юкламалар, кўп соатли компьютер ўйинлари, тартибсиз жинсий ҳаёт — булар фақат вақтинчалик ёрдам беролган холос. Баъзилар дўстлари ёки яқинларига ёрдам сўраб мурожаат қилган, ижтимоий тармоқлардан маслаҳат излаган.

Тадқиқот иштирокчиларининг баъзилари ўзларининг танишлар доираси билан чекланиб қолмадилар ва ажрашган ёки ёлғиз инсонларни қўллаб-қувватлаш гуруҳларига қўшилдилар. Кўпчилик ёрдам учун психологлар ва психотерапевтларга мурожаат қилишди.

Сўров натижалари яна шуни исботладики, доимий шерик билан барқарор муносабатлар эркакларнинг руҳий саломатлиги учун ниҳоятда муҳимдир. Кўп ҳолларда муносабатларнинг йўқолиши жиддий психологик инқирозга олиб келади. Шунингдек, эркакларга мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ва муносабатларни сақлаб қолиш учун махсус тренинглар фойда беришини ҳам таъкидлаб ўтиш мумкин.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.