МЕНСИМАСЛИК ЁКИ ПИСАНД ҚИЛМАСЛИК — БОЛА УЧУН ЭНГ ЁМОН ЖАЗО

Аксарият ота-оналар болаларни вақти-вақти билан жазолаш керак деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, бу тарбия бериш жараёнининг бир қисми. Аммо барча ота-оналар ҳам жазо билан камситиш орасидаги фарқни билавермайди. Хўш, қайси жазо тўғри берилаяпти-ю, яна қайси бири камситиш ёки зўравонликка айланиб қолмоқда? Бугун шунга аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Психологларнинг таъкидлашича, икки турдаги жазо тури бор. Биринчиси, бола чиндан ҳам хато иш қилди ва бунга яраша жавобгарлик ҳис қилиши керак. Иккинчисида эса ота-оналар ўз кучсизлиги туфайли болани жазоламоқчи бўлишади. Яна шундай вазиятлар борки, катталар шунчаки оилада тартибни сақлаб туриш учун жазо орқали ўз ҳукмини намойиш қилади.

Ҳаётий мисол: дўконда боласи ҳархаша қилаётган аёл ҳамманинг кўз ўнгида фарзандига ёмон бола эканлигини уқтираяпти. Бундай иш тутиш ярамайди. Бировларнинг олдида айбдорлик ҳиссини чақиради бу ҳаракат. Бола ўз ҳаракатларидан эмас, балки онасининг уялтиришидан кўпроқ сиқилади. Ушбу вазиятда она ўз кучидан кўра, аксинча, кучсизлигини намойиш этяпти. Боласига сўзи ўтмаётганини билдириб қўяпти. Онанинг бақиришлари, уришлари ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаётганидан далолатдир.

Афсуски, фарзандларни уриб тарбиялаш жамиятимизда бор ва кўпинча ушбу муносабатдан болалар азият чекади. Ҳатто жаҳл отига минган оталарнинг ўз фарзандларини ўлдириб қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Аслида хонадон – бу максимал хавфсизлик ҳукм сурадиган макон, ота-она ва фарзандларнинг ўзаро ишончи устун турадиган маскандир. Болалар эса ҳимояга муҳтож. Фарзандларимизни урганимизда, унинг ҳимояда бўлиш ҳиссини бузамиз. Натижада улар улғайганда ёки қурбон, ёки зўравон бўлиб катта бўлади.

Яна бир тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, болани калтаклаш нафақат уларда тажовузкорликни келтириб чиқаради, балки ақлий ривожланишини ҳам ортга суради. Фарзанддан кечирим сўрашдан уялмаслик керак. Бу билан ота-онанинг обрўси тўкилиб қолмайди.

Писанд қилмасликчи? Баъзи ота-оналар фарзандларини урмасада, лекин ҳафталаб ёки ойлаб бойкот эълон қилиб аразлаб юришади. Улар болага хафалигини кўрсатиш учун унинг қилиқларига эътибор бермасликка, юз буриб кетишга ҳаракат қилади. Бундай усулни ҳатто зўравонликнинг бир турига қиёслаш мумкин. Менга қулоқ солмаяпсанми, сен билан алоқани узаман, кетаман, ёлғиз қоласан, дея аразлаш бола психологиясига жуда ёмон таъсир қилади. Айниқса, кичик ёшдаги болаларга бундай ёндашиб бўлмайди. Она “боламни урмаётган, уришмаётган бўлсам, гаплашмай юрсам нима қилибди” деб ўйлайди. Аммо фарзандининг қалбида жуда катта хавотир ва қўрқув уйғотаётганини сезмайди. Ундан кўра қуйидагича иш тутиш керак: «Ҳозир жаҳлим чиқиб турибди. Яхшиси, мени бироз ёлғиз қолдир. Тинчланиб олганимдан кейин гаплашамиз». Бу ҳар томонлама қулай ечимдир. Лекин ушбу тайм-аут вақтини чўзиб юборманг.

Аввало боламизни ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак. Шунда уни кимдир камситганда, у бўйнини эгиб турмайди ва ҳақлигини исботлаб бера олади.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди