Медиа ва гендер тенглик:1-қисм. Уларни нима бирлаштиради, бу қандай ишлайди?

Маккора аёллар, содда ландовурлар, аёлни қутқарадиган қаҳрамон эркаклар – бундай стереотипларни биз ҳар куни эшитамиз, аммо бу мутлақо тўғри эмас. Бундай тасвирларнинг барчаси оммавий маданият, оммавий ахборот воситалари ва медиа орқали эфирга узатилади, уларни ўз навбатида одамлар ҳар куни кўп миқдорда истеъмол қилади.
Бундай манбалар бутун бошли авлодлар онгини шакллантиради. ОАВ ва медиа тилини таҳлил қилиб, Ўзбекистон бўйича таҳлил натижаларини кўриб чиқамиз.

❓Медиа ва ОАВ тили нима?
Бизнинг одатий мулоқотимиздан фарқли ўлароқ, оммавий ахборот воситалари кўпинча стереотипик ва ўрнатилган иборалардан фойдаланадилар. Бундай ибора ва тасвирларни таниб олиш ва такрорлаш ёрдамида журналистлар ўқувчига тушунарли ва таниш матн тузадилар. “Оқ халатли одамлар”, “ҳимоясиз аёл”, “даҳшатли адолатсизлик” каби иборалар одамларнинг тилини, мафкурасини, фикр йўналишини шакллантиради.

👉Бунинг гендер тенглигига нима даҳли бор?
Албатта, гендер тенглиги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий омиллардан шаклланади, аммо бунда жамиятнинг аёлга муносабати ҳам муҳим. Медиа ва ОАВ нинг ўрни эса бунда беқиёс. Биз ТВ да, масалан, стереотипларни йўқ қилмас эканмиз, ҳукумат даражасида шунча саъй-ҳаракат бефойда. Улар медиада фаол қўлланилади: фильмлар, сериаллар, қўшиқлар, ток-шоу, мультфильмлар ва ҳ.

Стереотиплар нафақат аёллар, эркакларга ҳам зиён келтиради. Айнан медиа фақат муайян эркак турларини ажратади, қолганлари эса “эркак” эмас. Айнан ўша стереотиплар туфайли эркак оилага ишидан кўра кўп эътибор қаратмайди. Қарата олмайди.

Аёл образларида эса аксинча, карьера қилувчи аёллар танқид қилинади. Уларни кўпинча ёлғиз, асабий, салбий образда тасвирлашади. Энг қизиғи, уй бекаси ҳам салбий образ. Фақатгина барча образларни ўзида мужассамлаштира олган аёл олқишга сазовор бўлади.
Бир тарафдан аҳамиятсиз кўринган бундай деталлар гендер тенглигига яхшигина таъсир ўтказади. Дунёда ҳар қандай ислоҳотлар оммавий маданиятни ҳам қамраб олади, зеро бу инсон онгига етиб боришнинг энг самарали усулидир.

Нигина Худайбергенова