Кибербуллинг ва унинг турлари: Ўзбекистон қонунлари бизни қандай ҳимоя қилади?

Кибер-зўравонлик ва унинг турлари

Кибербуллингнинг ҳар қандай тури фақат битта мақсадни кўзлайди – бошқа инсонга зарар етказиш. Аммо, кибер-заҳарлашнинг воситаларига ва қандай зарар етказишига кўра, бундай зўравонликни бир неча турларга ажратиш мумкин:

Кибербуллинг

Бу комплекс равишда ташкиллаштирилган заҳарлашдир. Бундай жиноят кўпинча гуруҳ бўлиб қилинади. Бу нафрат тўла шарҳлар, обунани бекор қилишга чақириқлар, жабрланувчиларнинг саҳифаларидаги ҳужумлар, шунингдек, бошқа манбаларда улар ҳақида камситувчи постлар ва баёнотлар эълон қилиш кабилардир.

Троллинг

Тролларнинг жабрланувчининг ҳис-туйғуларини жумбушга келтириш, уларни можарога жалб қилиш мақсадида ёзаган салбий ва ҳақоратли шарҳларидир. Бунинг оқибатида, жабрланувчининг ҳис-туйғуларга берилиб қилган баёнотларини ўзига қарши ишлатилишлари мумкин.

Доксинг

Шахс ҳақида салбий маълумотларни қидириш ва нашр этиш. Маълумотлар очиқ манбалардан, қолаверса уларнинг профилларига уюштирилган ҳужумлар орқали ҳам қўлга киритилиши мумкин. Бу, шунингдек, жабрланувчининг телефон рақами, оиласи ёки соғлиғи билан боғлиқ шахсий маълумотларнинг оммага ошкор этилишини ўз ичига олади.

Ўзаро муносабатлардаги кибер-назорат

Ушбу кенг тарқалган ҳолат ҳам кибер-зўравонликка оид. Кўп ҳолларда бу ҳаракат яқин инсонлар: турмуш ўртоқ, ота-оналар, ёши катта қариндошлар томонидан содир этилади. Зўравон жабрланувчини барча профилларини очишга, умумий аккаунт яратишга мажбур қилади, унинг ёзишмалари, хабарлари ва шарҳларини назорат қилади, контактлар рўйхатини кўрсатишга мажбурлайди, қидирув тарихини кузатади.

Интернетдаги сталкинг

Бу ижтимоий тармоқларингизни кузатиш, изоҳлар, постлар каби муайян ҳаракатларингизга тез ва салбий муносабат билдириш билан бирга интернетдаги тазйиқ ва таҳдидли таъқиблардир. Зўравон ҳатто чекловлардан сўнг ҳам доимий равишда алоқада бўлишга ҳаракат қилиши, хабарлар ёзиши, контактларингиз ва обуналарингизни кузатиши мумкин. Ўз қурбонларини реал ҳаётда таъқиб қилувчи одамлар кўпинча буни ижтимоий тармоқлардаги сталкинг билан бирга амалга оширадилар.

Порно-қасос

Жабрланувчини ўзаро муносабатлар натижасида ёки ноқонуний равишда қўлга киритилган интим фотосуратлари, видеолари, ёзишмалари билан қўрқитиш ва уларни тарқатиш.

Халқаро ҳуқуқшунос, Nemolchi.uz лойиҳасининг кўнгилли аъзоси Хонимпошшо Рашидовадан Ўзбекистон қонунлари кибербуллингдан ҳимоя қиладими, жабрланувчи зўравонни жазолаш ва ўзини ҳимоя қилиш учун нималар қилиши кераклиги ҳақида сўрадик:

— Кибербуллинг қурбони ўзини қонун доирасида ҳимоя қилиш учун қандай йўл тутиши зарур?

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида “буллинг” ёки “кибербуллинг” деган расмий атама мавжуд эмас, бироқ айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай ҳаракатларнинг айрим белгиларини ўз ичига олган ҳуқуқбузарликлар назарда тутилган.

Жиноят қонунчилигида буллинг элементларининг энг ёрқин белгиларини ўз ичига олган жиноятларнинг бир нечта кўринишлари қайд этилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 2-қисмида “Туҳмат” учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 2-қисмида «Ҳақорат қилиш» – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасида “Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш” – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

461-модда “Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш” – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

462-модда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тарқатиш, шунингдек ахборот технологиялари ва интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда шахсий маълумотларни қайта ишлаш қоидаларига риоя қилмаслик – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса — эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

– Ушбу моддалар умумий ҳолатда буллинг тушунчасини тўлиқ очиб бера олмайди ва унинг барча таркибий қисмларини қамраб олмайди. Бу борада Жаҳон қонунчилик амалиётида қандай йўл тутилган?

Янги Зеландияда интернетда бошқа шахсга зарар етказувчи хабарларни чоп этиш (ҳақорат, таҳдид ва ҳ.к.) – муаллифга 2 йил қамоқ жазоси ва 42 минг доллар, сайт ёки платформа эгасига эса – 167 минг доллар миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Европа Иттифоқида махсус BIK дастури – better Internet for kids мавжуд бўлиб, у Европада кибербуллингнинг ёш бўйича назоратbни стандартлаштириш ва кибер-зўравонликни текшириш, ноқонуний ва зарарли контентни тезкор баҳолашни қўллаб-қувватлаш ва «116 111» рақами орқали қурбонларга ёрдам кўрсатишни таъминлаш бўйича иш олиб боради. Ушбу дастур ўз фаолиятини Европа Комиссияси томонидан қабул қилинган Европа рақамли ҳуқуқ ва тамойиллари доирасида ташкил этади.

Таклиф этилаётган Европа рақамли ҳуқуқ ва тамойиллари маълумотларни ҳимоя қилиш, электрон махфийлик ва асосий ҳуқуқлар Хартияси каби мавжуд ҳуқуқларни тўлдиради. У Европа ижтимоий ҳуқуқ ташкилоти тажрибасига асосланади. Бундан ташқари, улар рақамли қоидалар ва низомлар ишлаб чиқишда Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларга таклифлар тақдим этади.

Кибербуллинг янги жиноят бўлганлиги сабабли бизнинг ҳуқуқий тизимимиз ҳали бунга тўлиқ тайёр эмас, лекин сиз билан биз онлайн-жиноятлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳақиқий хавфдан хабардор бўлишимиз ва ўзимизни ҳимоя қилишга тайёр туришимиз зарур.

Нигина Худайбергенова