Дўстобод (Тошкент вилояти) шаҳрида яшовчи аёл адолат учун курашмоқда. Аёлнинг айтишича, унинг беш яшар қизига 65 ёшли қўшниси тегажоғлик қилган. Воқеа 2020 йилнинг 18 декабр куни содир бўлган. Она ариза ёзади, боланинг гаплари ёзиб олинган аудиотасмани тақдим этган. Экспертиза ўтказилди. Уч кишидан иборат эксперт комиссияси хулоса қилди (қуйида расмда ҳулосанинг тўлиқ варианти):
«Вояга етмаган қиз билан суҳбатда у ўзининг иштонини қўшни киши тузатганини ва унинг жинсий аъзосига қўл текканини ўйнаб сўзининг маъносини тушунмасдан гапиргани маълум бўлди. Вояга етмаган қизнинг танасида жароҳатлар ва унинг излари аниқланмади. Жинсий аъзолари соҳасида тан жароҳати аниқланмаган. Ўрганиш жараёнида вояга етмаган қизнинг ҳолатида стресс ва қўқиш ҳолатлари йўқлиги аниқланди».
Қизга тегажоғлик қилган эркак оиланинг узоқ қариндоши. Онанинг айтишича, ИИБ да у айбига иқрор бўлди, кечирим сўраган, ҳатто бу жойлардан кетишга сўз берган. Аммо 21 декабрь куни аёлга жиноий иш қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида ҳужжат келади.
«Қизимнинг жинсий аъзосида темиратки чиқди. Гап шундаки, ўша қўшни бўлган узоқ қариндошимиз қорамол билан шуғулланади. Унинг қизим баданига қўл теккизганидан кейин боламда шундай муаммо бўлди».
Бир ой ўтгач, 21 январь куни аёл яна бир ариза билан мурожаат қилади. Унинг сўзларига кўра, бу сафар орган ҳодимлари видеоёзувни кўришмади ҳам. Яна рад этилди.
Аёл учинчи аризасини ёзади, бу сафар ИИВ га. Кейинчалик аёлга унинг аризаси вилоят бўлимига туширилгани айтилди.
Оила яшаётган маҳалла раисаси ҳам ариза ёзган. Маълум бўлишича, эркак муқаддам ўз келинига ҳам тегажоғлик қилган. Келинчак бу ҳақида маҳалла раисасига ўзи гапириб берган.
Иш тўхтаб қолди. Қизнинг онаси адолат изламоқда, лекин уни эшитишлари учун яна қаерга мурожаат қилиш кераклигини билмайди.
Нега жиноий иш қўзғатилмади?
Аксарият ҳолларда бундай ишлар қўзғатилмай ёпилиб кетади, чунки далиллар етарли эмас. Шунга ўхшаш ҳолатларнинг барчаси гувоҳларсиз содир бўлади.
Ёдингизда бўлса саҳифамизда Сайхунободдаги шунга ўхшаш ҳолатни ёритгандик. Лекин у ҳолатда гувоҳ бор эди – мактаб қоровули. Гувоҳнинг кўрсатмалари жиноий қўзғатилишида муҳим ўрин тутди.
Афсуски, Тошкент вилоятидаги ҳолатда ҳеч қандай гувоҳлар йўқ. Далиллар бўлмаганда бир инсонга қарши иш қўзғатиш жуда қийин, айбсизлик презумпцияси тушунчаси бор.
Эксперт ҳулосаси ва “қаҳрамон”нинг узр келтиргани негадир ҳисобга олинмади…
Қуйида аризани илова қиляпмиз:
Аноним қолишни истаган юрист шарҳи:
«Афсус, бу тизимнинг энг катта муаммоларидан бири. Бундай аризаларнинг 90 % да иш қўзғатиш рад этилади.
Муаммо шундаки, бизнинг мамлакатимизда кўпинча ишнинг сифати эмас, балки «керакли» статистика муҳимроқ. Кўп ҳолатлар қайд этилмайди. Айниқса, йил охирида юз берадиган воқеалар. Бу вақтга келиб, кўплаб ҳисоботлар аллақачон тўлдирилган, барча маълумотлар керакли протоколларга киритилган ва кам сонли одамлар ўша рақамларни бузишни хоҳлайди.
Бундай ҳолатларни жиноий иш қўзғатишга қадар етказиш қийин. Бундай ишлар очилган тақдирда ҳам, далил йўқлиги учун узоқ вақт «осилиб қолиши» аниқ. Ва ҳеч ким бундай «осилиб қолган ишлар» билан ишлашни истамайди.
Шуни ёдда тутиш керакки, ҳамма ҳам охиригача бормайди. Албатта, ота-оналар бирин-кетин ариза билан мурожаат қилишлари мумкин – туман, вилоят бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура. Аммо ҳар ким ҳам адвокат ёллаш имкониятига эга эмас ва ишни охиригача етказиш учун ҳамма ҳам ресурсга эга эмас. »
Дина Тансари, зўравонлик қурбонларига кўмак бериш «НеМолчи.KZ» фонди раҳбарининг сўзларига кўра, терговчилар ҳам экспертиза доим ҳам ёрдам бермаслигини билишади. Шунинг учун ишни ёпиш улар учун тинчроқ.
«Болаларнинг кўрсатмаларига ишонишмайди. Психологик экспертиза тайинланган бўлса ҳам камдан-кам ҳолларда судья унинг ҳулосасини инобатга олади. Жиноятни далил ва гувоҳларсиз исботлаш жуда мушкул. Биоматериаллар керак, калтаклар ва зўравонлик изларини қайд қилиш зарур. Биз бундай ҳолатларга кўп дуч келамиз. Ҳозир бизда жиноий жараёнларида иштирок этаётганимиз шундай 45 та ҳолат бор».