Истаган одам ўзига ўзи қонун ёзиб олаверадими?

Фикр #лойиҳадан

Мен ҳамиша ўзбеклигимдан фахрланиб, ғурурланиб келганман, миллийлик мен учун ҳамиша олд ўринда бўлиб келган. Атлас-у адрас матолардан тиккан, тиктирган кўйлакларимнинг саноғи йўқ, дўппиларга-ку, муҳаббатим бўлакча. Ўзбек оиласида туғилган қиз ўлароқ, илк сўзларимни сўзлаган тил – ўзбек тилига ҳам ҳурматим баланд. Бунинг исботи сифатида, ўз тилимни мукаммал ўрганишга, имкон қадар саводхон бўлишга ҳаракат қилганман.

Шу юрт фарзанди бўлиб, ундан ўзга манзилда яшаш, юртимни бир лаҳзага бўлсин, тарк этиш борасида-ку ўйлаш ҳам мен учун оғир, унинг бағридан айрилгим келмайди.

Лекин, мен ўзбек бўлганим ҳолда, Хитойдан, МДҲ давлатларидан, АҚШдан, Венгрия-ю Канададан, Туркиядан келтирилган либосларни кийишим мумкин. У шим бўлиши мумкин, пижак, кофта, худи, кардиган бўлиши мумкин. Ёки ўз қизиқишимга кўра, хорижий тилларни ўрганишим, ўша тилда куйланган қўшиқларни бирга хиргойи қилишим мумкин. Ўзбек тилида ёзилган бирор матнни бошқа бир хорижий тилга таржима қилишим мумкин.

Компьютеримнинг ишчи столига Ниагара шаршарасининг, Альп тоғларининг, Антарктида музликларининг суратини фон қилиб қўйишим мумкин, қачонлардир Истамбулга саёҳат қилишни, ёки Санкт-Петербургда ой тўлишини кузатишни орзу қилганман. Лекин бу билан менинг ватанимга муҳаббатим камайиб қолгани йўқ. Бу билан менинг ўзбеклигимга путур етиб қолгани йўқ. Худди шунингдек, ажнабий мусиқага хорижий рақсга тушишим ҳам менинг миллатимга бўлган ихлосимга, фақат ўзбекларгагина хос деб билган қадриятларимга тупуриб қўйганимни билдирмайди!

Боя тасодифан бир янгиликка кўзим тушиб қолди: Навоийлик ўқувчилар «ўзбек маданияти ва миллийлигига хос бўлмаган ҳаракатлар билан рақсга тушиб, видеосини ижтимоий тармоқларга тарқатишгани учун уларнинг ота-оналари маҳалла ва оила ишлари бошқармаси томонидан жаримага тортилибди.»

Узр-да, қайси қонуннинг қайси моддасига асосан қўлланилди бу жазо? Ёки, истаган одам ўзига ўзи қонун ёзиб олаверадими? Агар ўзбек миллийлиги ва маданиятига зид яшаш мумкин бўлмаса, ўша валломатларга айтиб қўйинглар: эркаклари ажнабий костюм-шимларини ўзбекча шалвар-яктакка, аёллари кофта-юбкаларини кўкракбурмали атлас-у адрас кўйлакларга алмаштириб олишсин, лозим кийишсин.

Ким қўйибди уларга ўзбекчиликка зид дресс-коддан фойдаланишни? Компьютер, телефон деган матоҳларниям ўзбеклар яратмаган, уларданам фойдаланишмасин. Ҳаётларидан миллий анъаналарга ёт барча унсурларни чиқариб ташлашсин! Соф ўзбекона ҳаёт тарзига ўтишмас экан, бунақа фикр билан чиқишларининг ўзиёқ кулгили, ҳам аччиқланарли, ҳам ачинарли. Қўрқаманки, бунақа чиқарилмаган қонунлар билан фуқароларни жаримага тортиш «анъана»га айланиб, Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги имижига яна битта хол қўяди. (Ўзи тўйида тарсаки еган келинимиз билан машҳури жаҳон бўлиб бўлгандик!). Инсоф берсин, ақл берсин, «парасат» берсин, бошқа нимаям деймиз?..

© Жайра