Ишдан бўшадим: ҳаётга ранг-барангликни қайтаришнинг 7 усули

Ўзини йўқотиш, хавотир, васваса, келажакни режалаштира олмаслик — буларнинг бари ишдан бўшаш оқибатида пайдо бўладиган туйғулар. Гоҳида яна асабийлик, тажовузкорлик, хафалик ва ҳатто ўч олиш каби ҳислар ҳам чўлғаб олиши мумкин. Ушбу туйғулар мураккаб давр учун меъёр ҳисобланади ва вақт ўтиб улар секин-аста юмшайди. Кейинги қадам эса ўзини қўлга олиш ва янги ҳаёт сари 7 та қадам ташлаш.

1-ҚАДАМ. СИЗГА ОСОН ЭМАСЛИГИНИ ТАН ОЛИШ

Бу қандай туйғу? Зерикиш? Алам? Асабийлик? Ичингизда нафрат, қўрқув, ғазаб борлигини очиқчасига айтинг. Гарчи улар салбий таассуротларни келтириб чиқарсада, лекин олдинга ҳаракат қилиш учун жуда зарур.

Ичингизда қайнаётган ҳисларни дафтарга устунлар тарзида ёзиб чиқинг ва 1 дан 10 гача шкала бўйича баҳоланг, 1 — энг заиф, 10 — энг кучли туйғу учун берилади. Ҳолатингиз қай томонга ўзгарганини кузатиб бориш учун сана қўйинг.

2-ҚАДАМ. БАТАРЕЙКАЛАРНИ ҚУВВАТЛАНТИРИНГ

Стресс вақтида кўп энергия беҳуда сарфланади. Шундай экан, яхшиси тинчлантирувчи ҳаракатга ўтинг. Масалан, чой ичишингиз, сайр қилишингиз, душ қабул қилишингиз мумкин. Ширинликлар ҳам ёрдамга келади.

3-ҚАДАМ. ҲАҚИҚИЙ ВАЗИЯТНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНГ

Мураккаб дамда асл вазиятни тўғри баҳолай олмаймиз. Шунинг учун бироз тинчланиб олгач, бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир эсланг. Юқорида сизни қийнаётган туйғуларни қоғозга туширдингиз, ана энди жадвалга асл вазиятни ёзиб чиқинг.

Биринчи устунни: «Нима содир бўлди?» деб номланг. Унинг ичига фақат фактларни ёзинг, ортиқча баҳолар шарт эмас. Масалан: «Томи кетган бошлиғим мени ноҳақ ишдан бўшатди» деган гапнинг ўрнига жадвалга: «Раҳбарим меҳнат шартномамни бекор қилди» деб ёзиб қўйинг. Ортиқча ҳисларсиз ёзилган гаплар сизни анча тинчлантиради ва вазиятни тўғри баҳолашга ёрдам беради.

Иккинчи устунни «Оқибатлари қандай?» деб номланг. Яна фактларни бўёқларсиз ёзинг. «Қандай пулга яшайман, кредитимни қандай тўлайман дейишдан кўра: «Даромадим пасайди» денг.

Жадвалнинг учинчи устунига «Энди нима қилишим керак?» деган саволни қўйинг. Аниқ жавобни шакллантиринг, масалан, «Оилавий бюджетимдаги камомадни тўлдириш керак» дея.

Тўртинчи устунга «Буни қандай уддалаш мумкин?» деб ном беринг. Жавобларни ёзишга шошманг. Шунчаки кўриб чиқинг ва дафтарни четга олиб қўйинг.  

4-ҚАДАМ. МАКСИМАЛ РАВИШДА ЎЗИНГИЗНИ ҲИМОЯЛАНГ

Инқироз даври бироз ўтгач, ишдан бўшатган раҳбар билан барча сабабларни муҳокама қилиб олишимиз керак. Бунда ўзимиз учун фойда нуқтаи назаридан ёндашишимиз лозим. Тушкун аҳволда суҳбат олиб бориш осон эмас, шунинг учун олдиндан тайёрланиб олинг.

Энг муҳими, меҳнат кодексини яхшилаб ўқиб олинг ва ундаги қоидаларни ҳеч қачон унутманг. Ходимлар кўп ҳолатларда айнан меҳнат ҳуқуқларини билмасликлари учун ноҳақ ишдан бўшатиладилар. Ишдан бўшатилган тақдирда ҳам қандай тўлов тўланишини яхшилаб билиб олинг.

5-ҚАДАМ. ЎЗИНГИЗГА ДАМ БЕРИНГ

Мен ҳаммасини енгаман, деб ўзингизни қийнаманг. Ўзингизга бироз ялқовликни қўйиб беринг. Шунчаки дам олинг. Шахсий вазиятингиздан келиб чиқиб, бу ҳафталарга ёки ойларга чўзилиши мумкин. Бу вақтда сиз учун энг қулай дастурни танлаб олинг.

6-ҚАДАМ. АТРОФ-МУҲИТНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИНГ

Ёқимсиз дамларни эслатувчи барча алоқаларни йўқотинг. Танишларингиз ўрни янги ва яхшилари билан тўлиб кетади. Мабодо энг яқин инсонларингиз сизни тушунмаётган бўлса, вақтинчалик ёлғиз бўлишни хоҳлаётганингизни айтинг.

7-ҚАДАМ. ИМКОНИЯТЛАР САРИ ЮЗЛАНИНГ Ҳар бир инсоннинг ўз ризқи бор, сизни қаердадир янги иш кутиб тургани аниқ. Битта устунга энг кучли томонларингизни ёзиб чиқинг, эришган ютуқларингизни ҳам қўшиб ўтинг. Дўстларингиз, таниш-билишларга иш излаётганингизни айтинг. Кайфиятни кўтаринг, сизни позитив руҳда эканингизни кўришсин. Ишдан бўшаш воқеасидан синмаганингизни намойиш этинг. Интернетдаги турли муҳокама гуруҳларига киринг, форумларда суҳбатлашинг. Дижитал оламнинг барча имкониятларидан фойдаланинг. Фаол ҳаракат қилинг ва сиз барчасини уддалайсиз.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди