Ҳимоя ордерини олманг, азиз аёллар

Ҳимоя ордерларини олманг, аёллар!!! Ундан кўра эрларингиз устидан ариза ёзинг. Йўқса сиз яна калтакланганингизда эрингиз арзимаган жарима билан қутулади, негаки сизнинг ҳимоя ордерингихнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Бундан чиқди, Ўзбекистонда ҳимоя ордерлари зўравонлик фактини яшириш ва келажакда зўравон учун оқибатларини юмшатиш учун берилади. У хотин-қизларни эмас зўравонларни ҳимоя қилишга қаратилган!

Уй зўравонлигига учраган Фотима исмли аёл айнан шундай муаммога рўпара бўлди. Эртага енгил тан жароҳатлари етказгани учун маъмурий суд мажлиси ўтказилади. Эр базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача тўлайди. Яъни Ўзбекистон қонунлари бўйича зўравонга бериладиган бор-йўғи жазо шу. На аввал берилган ҳимоя ордери, на муқаддам ушбу модда бўйича жазога тортилгани, на участка нозирига март ойида қилинган қўнғироқлар – қонун учун булар бир тийинли аҳамиятга эга эмас.

Ўшанда Фотима харчанд уни кўндиришмасин ҳимоя ордери олмасдан ариза ёзганда эди ҳозир эри жиноий жавобгарликка тортиларди. Айни шароитда эса… ҳимоя ордери зўравонлик фактини яшириб, зўравонни ҳимоя қилади. «Хотин-қизларни таъқиб ва зўравонликдан ҳимоя қилиш» қонунини «Уй зўравонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги» қонун деб номласа бўлади. Жиноят кодексидаги қийнаш тўғрисидаги моддани умуман улоқтирса бўлади… Хотин-қизларни ҳимоя қилмайдиган турли хотин-қизлар қўмиталари ҳам ўша ерга равона бўла қолсин, барибир заррача фойдаси йўқ.