Феминизмнинг илк тўлқини

Охирги мақоламизда феминизмга сабаб бўлган ҳолатларни кўриб чиққандик. Уларнинг барчаси жамиятда содир бўлган ўзгаришлардан иборат эди, аммо Франция ва Англиядаги инқилоб аёлларга озодлик бера олмади. Гарчи аёлларга кўпроқ касблар билан шуғулланишга имконият яратилган бўлса ҳам, кўп ҳолларда уларнинг иш ҳақи эркакларникига нисбатан анча паст ва иш соатлари кўпроқ бўлган.

Уюшган ҳаракатнинг бошланиши 1848 йилда АҚШда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган биринчи съезд ҳисобланади. Съездда “Туйғулар декларацияси” қабул қилиниб, унда хотин-қизларнинг мулк, турмуш қуриш, касб танлашдаги эркинлиги, тўлиқ таълим олиш бўйича тенг ҳуқуқлилиги каби муҳим масалалар кўтарилди.

Ушбу ҳужжат муаллифлари Элизабет Кейди Стэнтон ва Лукреция Мотт эди.

Феминизмнинг биринчи тўлқини ўзининг ҳақиқий ривожланишини 19 асрнинг ўрталарида бошлаган, уни суфражистлар ҳаракати билан боғлашади. Суфражистлар аёлларнинг сиёсий ва иқтисодий, сайлаш ва сайланиш, шахсий мулк ва пулларига эгалик қилиш ҳамда бошқариш ҳуқуқлари учун курашганлар.

Ўша даврда турмушга чиққан ёки отасининг уйида яшаётган аёллар нафақат умумий мулк ва молияни бошқара олишмасдилар, балки ҳадя қилинган ёки мерос қолдирилган, ҳатто ўзи ишлаб топган пулларга ҳам эгалик қилишолмасди. Ўз мол-мулкини фақат ажрашган тақдирда (жамиятда шармандаларча) ёки турмуш ўртоғининг ўлимидан кейин тасарруф қилишлари мумкин бўлган.

Аёлларнинг митинглари ва норозиликлари ҳукуматга таъсир кўрсата олмади, аксарият суфражисткалар улар кейинчалик очлик эълон қилган бўлинмаларга олиб кетилди. Суфражизмнинг асосий тарғиботчиси Эммилен Панкхерст бўлган. У Англияда овоз бериш ҳуқуқи учун аёллар ҳаракатини ташкиллаштирган.

Ҳокимиятнинг эътиборсизлиги сабабли ҳаракат радикаллашди: аёллар полициячилар ва сиёсатчиларга ҳужум қилишди, ўт қўйишди ва ҳукумат биноларини талон-тарож қилишди. Уруш вақтида суфражистлар қўпорувчилик ҳаракатларини тўхтатиб, фаол тарзда ҳукуматга ёрдамга ошиқишди: пул йиғишди, ярадорлар учун касалхоналарда ишлашди ва аскарларнинг оилаларига ёрдам беришди.

Феминизмнинг биринчи тўлқини қандай бўлмасин, ўз мақсадига эришди. Аёллар ўз мулк ҳуқуқларини кенгайтиришди ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишди.