Феминизм асослари

Замонавий аёлдан феминистмисиз деб сўрасангиз, уларнинг аксарияти ҳудди уни сўкканингиздай дарҳол у оилали, фарзандли экани, ўзига қараши ҳақида гапириб кетади. Ҳуллас, у феминизмга қарши.

Феминистларнинг аёлларнинг асосий ҳуқуқлари учун кураши кўпинча бу ҳуқуқларнинг барчасидан хотиржам фойдаланадиган аёлларнинг ўзлари томонидан унутилади. Биз таълим оламиз, машина ҳайдаймиз, мулкка эгалик қиламиз, пул ва ҳаётимизни ўзимиз тасарруф қиламиз, сайловларга борамиз, лекин негадир ўзимизни феминизм билан бир қаторда кўришдан қўрқамиз. Ҳаммаси эса феминистлар нима учун курашганини билмасликдандир.

Феминизм ўзи нима? Барчаси қандай пайдо бўлган?

Феминизмнинг йўналишлари хилма-хил бўлиб, уларнинг барчаси аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларникига тенг бўлиши керак, деган ғояга асосланади.

Феминизм асосан уч тўлқинга бўлинади. Феминизмнинг учта тўлқини ҳаракатни нафақат хронологик жиҳатдан кўриб чиқишга, балки аёллар ҳуқуқлари учун кураш босқичма-босқич қандай кетаётганини тушунишга ёрдам беради. Янги, тўртинчи тўлқин ҳам бор.

Эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги ҳақида 18-асрнинг бошларидаёқ фикр юритила бошланди. “Феминизм” атамасининг муаллифи ҳисобланган Чарлз Фуре патриархал дунёда аёлларнинг зулми тушунчасини ишлаб чиқди.

Феминизмнинг илк тўлқинидан аввал ҳам 17-асрда аёллар ҳуқуқларини ошириш ҳақида гап-сўзлар кучайиб борди. Ғарбда аёлларни ҳимоясида инглиз аёл Мери Вулстоункрафт ва Буюк Франция инқилоби иштирокчиси бўлган француз аёл Олимпиа де Гоугес турди. Айнан инқилобнинг бошланиши аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги илк рисолаларга туртки берди.

Инқилоб даврида аёлларнинг биринчи сиёсий ташкилоти «Аёллар жамияти – инқилобий республикачилар» тузилди, аммо 1793 йилда жамиятнинг фаолияти тақиқланди ва тез орада пре-феминизм фаоли Олимпиа де Гоугес қатл қилинди.

1804 йилда Наполеон фуқаролик кодекси қабул қилинди. Кодексга кўра, француз аёли эрининг розилигисиз фуқаролик ишлари бўйича судга кела олмайди ёки ўз мулкини тасарруф эта олмайди, васият қилиш бундан мустасно. Бу аёлни барча мулкий ҳуқуқлардан маҳрум қилди, мулкка расмий эгалик қилиш ва меросга ўтиш ҳуқуқи бундан мустасно. Кодекс аёлни деярли ҳар жиҳатдан эрига бўйсундирди.

Шундай қилиб, аёллар учун тенг ҳуқуқлилик йўлидаги биринчи катта ютуқ тугади.