Аслида болаларни камситиш ва жазолаш яхшиликка олиб бормайди. Афсуски, кўпчилик ота-оналар бундай тарбияга ўрганиб қолишган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зўравонлик ва босим кичкинтой руҳиятининг синишига олиб келади.
Буни Кембриж университети ва Дублин коллежи университети олимларининг Epidemiology and Psychiatric Sciences журналида эълон қилинган мақоласи ҳам тасдиқлайди.
Тадқиқотда Ирландиянинг етти мингдан ортиқ оиласи иштирок этган. Уч, беш ва тўққиз ёшли болалар махсус тестдан ўтказилиб, улардаги руҳий ўзгаришлар ўрганилган.
Бундан ташқари, ота-оналардан фарзандингиз уч ёшда бўлганида қандай тарбия туридан фойдалангансиз, деган саволжа жавоб олинган. Жавобларга қараб олимлар ўз хулосаларини чиқаришган. Ота-оналар уч хил тарбияни қўллагани маълум бўлган: “илиқ” (болани қўллаб-қувватлашга асосланган), “изчил” (қатъий талаблар ва қоидаларга асосланган) ва “душманларга хос”. Учинчи тарбия усулида жисмоний ва руҳий жазо, камситиш, ҳақорат қилиш, болани бошқалардан ажратиб қўйиш назарда тутилади.
Тадқиқотчилар болаларнинг руҳий саломатлигини ўрганиб чиққанидан кейин уларни уч тоифага бўлишди. Ёш иштирокчиларнинг 83% и ўртача даражадаги руҳий ўзгаришлари бор болалар гуруҳига киритилди. 6% болаларда бу хавф мўътадил дея баҳоланди. 10% болаларда эса юқори руҳий ўзгаришлари кузатилди — уч ёшидаёқ уларда асаб билан боғлиқ ўзгаришлар аниқланиб, тўққиз ёшида ҳолати янада ёмонлашгани аён бўлди.
Олимларнинг айтишича, ота-онанинг “душманларча” услуби тўққиз ёшли болада руҳий касалликлар хавфи эҳтимолини бир ярим баравар, ўртача хавф гуруҳида эса 0,5 баробарга оширади.
Таҳлил натижалари ота-онанинг тарбияси боланинг руҳий саломатлигига таъсир ўтказадиган ягона омил эмаслигини ҳам кўрсатди. Бундай омиллар қаторига бола жинси, ижтимоий ҳаёт, жамият кабилар киради. Қизиғи, юқори хавф гуруҳига ўғил болалардан ҳам кўра қизлар кўпроқ тушиши аниқланди. Қолаверса, тўлиқ бўлмаган ёки молиявий аҳволи оғир бўлган оилаларда ҳам болалар руҳиятида ўзгаришлар бўлиши исботланди.
Манба: https://www.psychologies.ru