Болага жаҳл қилдингиз: кейин нима қилиш керак?

Бундай ҳодиса ҳатто энг сабрли ота-онада ҳам учрайди. Уришиш, зарда қилиш, қўпол гапириш. Аммо айтилган гап, отилган ўқ. Асосий масала нозик вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетишда. Аксарият ота-оналар бир хил йўл тутишади. Бирлари ўзини айбдор сезади, иккинчиси фарзандлари кўнглини олишга ҳаракат қилади, учинчи тоифаси ҳимоя позициясини ушлайди. Яъни ҳаракатларини оқлашга тушади. Ушбу сценарийларнинг ҳаммаси унчалик самарали эмас. Аслида қуйидагича йўл тутишни маслаҳат берамиз.

ТИНЧЛАНИНГ

Стресс дажараси юқори бўлганда, асабларни жойига келтириб олиб, тинчланиш учун вақт керак бўлади. Тинчланишнинг кўп усуллари бор. Тоза ҳавога чиқиш, спорт билан шуғулланиш, бошқа бир машғулотга шўнғиш.

ЎЗИНГИЗГА РАҲМ ҚИЛИНГ

Ўзингизга бўлган яхши муносабат бўлғуси асаббузарликларнинг энг самарали профилактикасидир. Ўзингизни асло жазоламанг. Унутманг, асабийликлар учун ўзингизни жазолаш билан вазиятни ўнглай олмайсиз. Аксинча, ўзимизга раҳм қилиш орқали тинчланамиз, натижада фикрлашимиз ҳам теранлашади.

ҚИЗИҚУВЧАН БЎЛИНГ

Қизиқувчан бўлиш танқид қилиш ёки инкор этишни билдирмайди.

Енгил нафас олиб, бироз чалғиганингиздан кейин ўзингизга қуйидаги саволларни беринг:

Нима ҳақда ўйлаяпман? Ўзимни қандай ҳис қилаяпман?

Менга нима бўлаяпти? Чарчоқ ҳис қилаяпманми? Таомланишим керакми, овқатланишми ёки қаҳва ичиш?

Нега жаҳлим чиқаяпти? Балки стресс бўлғуси воқеалар билан боғлиқдир?

Тинчланишимга нима ёрдам беради?

Фарзандларимга нима керак? Кимдан ёрдам сўраш мумкин?

Тинчланиб олгач, асабийлик ҳолатида сизни нима безовта қилганини таҳлил қилинг. Елкаларингиз зўриққандир, қочиб кетгингиз келгандир, болангизга арзимас нарсалар учун ҳам жаҳл қилгандирсиз?

Шу тариқа келгуси сафар асабийлик ҳолати яқинлашаётганини билиб оласиз.

Агар сизни ёлғизлик, стресс безовта қилса, буни биров билан бўлишинг.

БОЛАЛАР БИЛАН ЯРАШИБ ОЛИНГ

Чин дилдан ярашиш сизга ва фарзандингизга қўл келади. Бу нима бўлганини тушунтиришнинг яхши усули. Одатда болалар зиддиятларда ўзларини айблашади. Муносабатларга аниқлик киритиш эса уларни бу ҳисдан озод қилади.

Фарзандингиздан кечирим сўрашдан уялманг. Бу обрўни тўкиш ҳисобланмайди. Балки болангиз учун ажойиб намуна бўлади ва унинг сизга нисбатан ҳурматини оширади. Қолаверса, кечирим сўраш болага тарбия бермаслик ёки ёмон хулқи учун дакки бермасликни ҳам англатмайди.

Мисол: «Сенга бақирганим учун кечир. Оёғингдаги пойабзални лой қилиб келганинг учун жаҳлим чиқди. Бақириш яхши эмас, узр сўрайман. Кел, бир-биримизга ёрдам бериб, бир жамоадай ишлаймиз: сен менга қулоқ соласан, мен эса бақирмасликка ҳаракат қиламан. Келишдикми?» Бунда фарзандингизни қучоқлаш ва меҳр кўрсатиш эсингиздан чиқмасин. Бу вазиятни юмшатиб, муносабатларни янада самимий қилади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди