Болага таслим бўлишга йўл қўйманг!

Феъл-атвордаги қатъиятлик – бу ҳаёт қийинчиликлари олдида синмасдан, олға интилиш ва ойма-ой, йилдан-йилга такомиллашиш гаровидир. Хўш, болани қатъиятли бўлишга ўргатиш учун нималарга эътибор бериш керак?

1. Шахсий намуна орқали

Фарзандингиз қатъиятни ўрганиб олиши учун ўзингиз унга намуна бўлишингиз керак. Мақсадингизга эришиш учун ўзингиз нечоғли қатъият кўрсата оласиз? Қолаверса, айтган гапларингизга риоя қиласизми? Унутманг, меҳр-муҳаббат ва талабчанлик мутаносиб бўлиши керак. Қолаверса, опа-акалар ҳам намуна бўлишга интилишлари керак. Яна шундай вазиятлар бўлиши мумкинки, инсон ҳаётида керакли туртки бериб юборадиган маслаҳатгўйлар туфайли юқори чўққиларга эришиб кетади.

2. Такомиллашувга ишониш

Истеъдодсиз инсоннинг ўзи йўқ. Энг муҳими, ўз устида ишлаб, яхши ўзгаришларга ишониш керак. Айниқса, болалар жуда оптимистик бўлишади. Уларни руҳлантира билиш жуда муҳим.

3. Қўшимча машғулотларга қатнаш

Балет студияси, театр тўгараги, баскетбол секцияси, пианино чалиш… Ҳар қандай ташкилий фаолият феъл-атвор шаклланишига туртки бўлади. Мутахассислар бу каби тўгаракларга камида икки йил қатнашни тавсия этишади. Чунки айнан шу вақт оралиғида болада сабр-чидам, матонат туйғуси мустаҳкамланади. Ушбу машғулотлар, албатта ўз мевасини беради.

4. Ички қатъиятни ривожлантириш

Бошлаган ишингни охиригача етказ, деган нақл бу борада жуда қўл келади. Қизиқишларни юзага чиқариш, кўнгилга яқин ишни топиш, янги кўникмаларга эга бўлиш, билим олиш, буларнинг барчаси ички қатъият сари бошлайди. Энг чорасиз кўринган вазиятда ҳам ечим топишни ўрганиш керак.

5. Қатъиятлилик қадрланадиган жамоаларни изланг

Қатъиятли феъл-атворга эга раҳбарлар, мураббийлар, дўстлар, ўқитувчилардан ўрганиш лозим. Ана шундай давраларга яқинроқ юринг.

МУРАККАБ ВАЗИФА ҚОИДАСИ

Оиланинг ҳар бир аъзоси ўзи учун мураккаб деб ҳисоблаган юмушни белгилаб олади ва уни уддалашга киришади. Фақат ярим йўлда ташлаб кетиш мумкин эмас. Ким охиригача матонат билан курашса ва вазифасини бажара олса, ўша ғолиб деб топилади. Ўйинда бир истисно бор. Мабодо кимдир ўйинни тарк этмоқчи бўлса, белгиланган муддатга риоя этиши шарт. Яъни ярим йилми, бир йилми. Бу вақт оралиғида кўп ҳодисалар рўй бериши мумкин ва шаштидан қатмоқчи бўлган инсонда янги истаклар туғилиб бораверади. 

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди