«Болага ялқовлик учун изн бериб туринг»: бахтли инсонни тарбиялашнинг 7 қоидаси

Шубҳасиз, ҳар бир ота-она фарзандига фақат яхшиликни тилайди. Аммо болалар психологиясини тушунмаслик ёки эски анъаналар фарзанд тарбиясида фақат зиёнга ишлайди. Бугун бахтиёр инсонни вояга етказиш учун қандай қоидаларга амал қилиш ҳақида гаплашамиз.

1. БОЛАНИНГ ИСТАКЛАРИГА ҚУЛОҚ ТУТИНГ

Бахтга фақатгина ота-онанинг истаги билан эмас, балки болаларнинг ҳам орзуси ёрдамида эришиш мумкин. Айниқса, болага ота-онанинг мақсадларини мажбурлаб сингдиришдан қочиш керак.

2. ЎЗИГА ТЎҒРИ БАҲО БЕРА ОЛСИН

Айнан ушбу омил инсон улғайганда муваффақиятга эришишнинг асосий калити. Ўз имкониятлари ва вазиятни тўғри баҳолай олган одамлар шахсий ҳаётда ва касбида ҳам яхши натижалар кўрсата олади. Психологларнинг айтишича, боланинг ўзига баҳо бера олиши асосини ота-она шакллантиради. Бунинг учун қуйидаги жиҳатларга эътибор бериш керак:

Рағбатлантиринг

Истеъдодсиз боланинг ўзи йўқ. Фарзандларингизнинг ҳар бир ютуғини эътироф этинг. Майли жуда кичик бўлса ҳам. Ишининг натижасини таъкидлаб кўрсатинг. Ҳатто омадсизлик рўй берганда ҳам, болангизни руҳлантириб қўйинг. “Қара, болам, ўзингдан кучлилар билан беллашдинг-а. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди”, – деган гаплар билан кўнглини кўтариш зарур. Ота-она фарзандига ниманидир синаб кўриш қизиқарли эканини уқтириши керак.

Таққосламанг

Ҳар бир боланинг ривожланиши ўзгача, кимдир ўқишни эрта ўрганади, кимдир эса кеч. Аммо кеч ўрганган боланинг жисмоний фаоллиги аъло даражада бўлиши мумкин. Шундай экан, таққослаш хатосига йўл қўйманг.

Танқид қилманг

Ҳаётий муҳим қобилиятларни эгаллаш учун вақт керак. Болангизни шоширманг, сабрли бўлинг. Ниманидир уддалай олмаяпти, дарров эпсизга чиқарманг.

3. НАМУНА БЎЛИНГ

Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин, деган саволга фақат ўзингиз намуна бўлиш орқали тўлақонли жавоб бера оласиз. Агар яхши кайфиятда уйғонсангиз, ишингизни яхши кўрсангиз, барча ишларни чин дилдан бажарсангиз, ўз устингизда ишлашга тайёр бўлсангиз, фарзандингизни бахтли ҳаёт сари етаклаб бораверасиз.

4. БОЛАЛИКНИ АСРАНГ

Болалик ўз номи билан ўйин ичида ўтиши керак. Фарзандингизни бу имкониятдан маҳрум қилманг. Агар унга аралашиб, бошқа томонга буриб юборсангиз, нафақат болаликни асрай олмаган бўласиз, балки келгусида муаммоларни келтириб чиқарасиз.

5. ЯХШИЛИК ИЗЛАНГ

Болага умумий гаплар билан мурожаат қилманг. Унинг ҳар бир қобилиятида яхшилик кўра олинг. Кўзлари чиройлими айтинг, велосипедни яхши ҳайдайдими, бу маҳоратига беш баҳо беринг.

6. УМУМИЙ ҚОИДАЛАРДАН ЧЕТГА ЧИҚМАНГ

Оиладаги ота-она, бобо-бувилар умумий қоидаларга риоя этишгани маъқул. Биттаси тақиқлаб, иккинчиси рухсат берса, бола адашади. Кимга ишониш кераклигини билмай қолади. Қолаверса, боланинг тарбиясига хос қоидаларни боланинг олдида муҳокама қилманг.

7. ЯЛҚОВЛИККА ИЗН БЕРИБ ТУРИНГ

Бола зерикиб қолса, унга дарров машғулот топишга шошилманг. Чунки зерикиш — бу болани ўйлашга, ишлашга, ўз устида мустақил ишлашга ундовчи омил. Ҳар кунлик вазифаларнинг кўплиги эса болани фақат бажарувчи қилиб қўяди. Бу кетишда унда креативлик пайдо бўлмайди ва бахтли бўлиш имкониятлари камайиб бораверади.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди