Бола йиллаб чидаши мумкин…

Россияда вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонликка қарши курашувчи бир қатор ташкилотлар #НЕТАБУ номли тадқиқот ўтказишиб, бола учун ким кўпроқ хавф туғдириши ва кимлар айнан қурбонга айланиши ҳақидаги хулосаларини эълон қилишди. Экспертлар муҳим маълумотларни айтишди: яъни, кўчада зўравонлик ҳодисалари кўпроқ кундузи содир бўлади, жинсий дахлсизлик ҳақида маълумоти бор болалар бу каби зўравонликлардан ҳимояланишга ҳаракат қилишади.

Шахсий чегаралар

Вояга етмаганларга нисбатан қаратилган жинсий зўравонлик муаммоси ҳамон очиқ айтилмайди. Шунинг учун ҳам #НЕТАБУ сўровномаси муаллифлари турли аноним йўллардан фойдаланишди.

13-66 ёшдаги турли ҳудудлардан иштирок этган 17 минг нафар респондентларнинг жавоблари таҳлил қилинди.

Уларга қуйидаги саволлар берилди:

  • Болалигида ота-онаси томонидан жинсий хавфсизлик мавзусида тушунтириш ишлари олиб борилганми?
  • Катталар томонидан турли таҳдидлар бўлганми ёки кимдир уларга қўл кўтарганми?
  • Жинсий зўравонлик ҳисобланиши мумкин бўлган тажовуз содир этилганми?

Тадқиқот муаллифлари жинсий зўравонлик хавфи 4-6 ёшда ортишини, 7-12 ёшда чўққига чиқишини ва ундан кейин бу хавф пасайиб боришини аниқлашди.

Сўровнома хулосасига кўра, умумий қонуният келиб чиқди: оилада ёки мактабдаги жинсий тарбия болаларга ёрдам беради: улар зўравонликка камроқ учрайди ёки учраган вазиятда осонроқ қутулиб чиқади.

Психологларнинг фикрича, жинсий тарбия инсон танаси ва унинг тузилишига доир ишончли маълумотларга асосланиши зарур. Айниқса, интим аъзоларга келганда ҳаммасини ўз номи билан аташ керак.

Қуйидагича фикрни уқтириш тавсия этилади: «Тананинг ичкийим билан ёпилиб турадиган аъзолари учун алоҳида қоида бор. Агар тенгдошингиз ёки ёши катта инсон интим соҳаларни кўрсат, тегиниб кўрай деган таклиф билдирса, бу хавфлидир. Бундай инсонни тезроқ тарк этиш ва атрофдагиларни ёрдамга чақириш керак».

Қўрқув, андиша, сукут сақлаш

Сўровнома жараёнида 40% иштирокчиларда жинсий зўравонлик кузатилгани аниқ бўлди ва уларнинг аксарияти содир бўлган салбий ҳолат бўйича ҳеч кимга айтмаган. Асосий сабаблар сифатида уялиш (28%), қўрқув (20%) ёки дакки эшитиш эҳтимоли (19%) кабилар келтирилган. Гарчи жинсий зўравонлик ҳолатларининг деярли барчаси бинолар ичида содир этилган бўлсада, боланинг унинг домига тушиб қолиши эҳтимоли кўчада юқорироқ — 23% ни ташкил этади. Улардан 17%и кундузи рўй берган. Бу эса бола кундузи тўлиқ ҳимояланган деган тушунчани йўққа чиқаради. Сўровнома иштирокчиларининг атиги 20% и 10 йил ўтиб иқрор бўлишган.

Бола у билан нима содир бўлганини тушунмагани учун ҳам ота-онасига қандай тушунтириб беришни билмайди. Унинг устига тажовузкор инсон болага барибир ҳеч ким ишонмаслигини уқтиради.

Жинсий зўравонликка учраган боланинг хулқ-атвори кузатилса, қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин: масалан, жинсий алоқани ўхшатиш, жинсий аъзоларни стимуляция қилиш, уйқу бузилиши, ҳеч кимга гапирмай қўйиш.

Заиф инсон устидан ҳукмронлик қилиш

#НЕТАБУ тадқиқоти 29% жинсий зўравонлик ҳолатлари оила аъзолари ёки қариндошлар, 30% и эса нотаниш шахслар томонидан содир этилишини аниқлади. Улар асосан 30 ёшдан ошган ўгай ота, оиланинг яқин дўсти, ёки қўшни бўлиши мумкин. Баъзида эса мактаб ёки тўгаракдаги мураббий. Аксарият қурбонлар, яъни 91% жабрланувчилар қизлардир.

Жинсий зўравонлик бегона инсон томонидан содир этилса, бу дарров жамиятда билинади, керакли чоралар кўрилади. Аммо оила ичида бўлса-чи, афсуски, бундай ҳолат йиллаб давом этиши мумкин.

https://philanthropy.ru материаллари асосида тайёрланди