Бизга оиладаги зўравонликка қарши қонун керак!

Оиладаги зўравонликка қарши курашда бошқа мамлакатлар тажрибасини кўриб чиқамиз.

Қирғизистон

Қирғизистондаги оиладаги зўравонликка қарши қонун — постсовет ҳудудидаги илғор ҳамда Марказий Осиёдаги энг илғор қонунлардан бири ҳисобланади. Ушбу давлатда зўравонлик ҳақида нафақат жабрланувчи, балки гувоҳлар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришлари мумкин ва милиция ходимлари тажовузкорнинг жабрланувчига яқинлашишини тақиқлаш ҳуқуқига эгалар.

Қонунбузаликлар Кодекси лойиҳасига кўра, оилавий зўравонлик беш суткагача қамоққа олиш ёки жамоат ишларига жалб этиш билан жазоланиши мумкин. Оилавий зўравонлик факти йил давомида такрорланса, қонунбузарни Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортишлари мумкин – улар икки ойдан бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги ёки 40-100 соатгача жамоат ишларига жалб этиш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этиш каби жазога ҳукм қилинишлари мумкин.

ҚР оилавий зўравонлик қонунчилигида 40 соатга жамоат ишларига жалб қилиш ёки уч суткадан етти суткагача қамоққа олиш жазолари назарда тутилган. Шунингдек, жарималар ҳам бекор қилинган. Чунки кўп ҳолларда жаримани тўлаш учун пул оилавий бюджетдан олинади.

Молдова

2021 йилнинг 30 сентябрь куни Молдова Вазирлар Маҳкамаси Европа Кенгашининг Истанбул конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. “Оиладаги зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги қонун 2016 йилдан буён амалда бўлиб, конвенциянинг қабул қилиниши ушбу қонунга Молдова томонидан муҳим ўзгартиришлар киритиш имконини берди.

Молдова қонунчилигида ушбу қонунбузарлик бўйича ҳар қандай гувоҳ ариза ёзиши  мумкинлиги белгилаб қўйилган. Жазо ҳибсга олиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш кабиларни ўз ичига олади. Ҳеч қандай жарималар мавжуд эмас. Бундан ташқари, оиладаги зўравонлик ҳолатларида жабрланувчини калтаклаш, шунингдек, соғлиғига етказилган бошқа зарарлар учун янада қаттиқроқ жазо чоралари назарда тутилган.

Жабрланувчини ҳимоя қилиш чоралари ҳам пуҳта ўйланган: тажовуз қилган шахс билан тергов пайтида, жараёндан ташқарида мулоқот қилишни тақиқлаш, зўравонни уйдан чиқариб юбориш, жараённинг барча иштирокчилари учун коррекцион дастурларни ўтказиш. Молдова қонунчилиги оиладаги зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш ва ижтимоийлаштиришни таъминлаш учун бир нечта тегишли идораларни, масалан, ижтимоий ҳимоя маркази ва таълим вазирлигини жалб этган.

Литва

Яқин инсонлар зўравонлигидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда оиладаги зўравонлик жамиятга етказилган зарар миқдори бўйича жамият учун аҳамиятли жиноий қилмиш деб таснифланадиган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳаракати сифатида белгиланган.

Ҳар ким зўравонлик ҳаракати ҳақида хабар бериши мумкин, жабрланувчининг аризаси талаб қилинмайди, сўнгра 48 соат ичида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қуйидаги ҳаракатларни амалга оширадилар:

1. Жабрланувчини судгача яшаш жойи билан таъминлаш. Шу билан бирга, зўравонни умумий ёки ҳатто унинг шахсий яшаш жойидан ҳам чиқариб юборишлари мумкин.

2. Жабрланувчига яқинлашишни тақиқлаш.

Ҳибсга олиш ва ахлоқ тузатиш ишлари билан бир қаторда, тажовузкорлар ҳам коррекцион дастурлардан ўтишлари керак.

Грузия

2006 йилнинг 25 май санасида Грузия «Аёлларга нисбатан зўравонлик ёки(ва) оиладаги зўравонликка қарши кураш, зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида» ги қонунни қабул қилди.

Грузияда оиладаги калтаклаш жиноий иш ҳисобланади ва жарима ёки бир юз йигирма соатдан бир юз саксон соатгача бўлган муддатга жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари, вояга этмаган шахсни калтаклаш бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оиладаги зўравонлик “Бир оила аъзоси томонидан бошқа оила аъзоларига нисбатан жисмоний оғриқ ёки азоб-уқубатларга сабаб бўладиган ва оғир оқибатларга олиб келмаган ҳолда зўравонлик қилиш, мунтазам равишда ҳақоратлаш, шантаж қилиш, камситиш” сифатида таснифланади. Бундай жиноятлар қирқ соатдан бир юз эллик соатгача бўлган муддатга ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш билан жазоланади.

Грузия ҳукумати оиладаги зўравонликда айбланаётганлар учун электрон кузатув тизимини ҳам жорий этган. Бундай қарорни қабул қилишда полициячилар бир нечта ҳолатларни ҳисобга олишади: оилавий жиноят учун судланганлик ҳолати, оилавий зўравонлик содир этишда пичоқ ёки ўқотар қуроллардан фойдаланганлик ва ҳоказо.

Электрон билагузук тақиш ҳақидаги қарор ҳам суд томонидан тасдиқланиши керак. Назорат мажбуриятларини бажармаслик ёки назоратдан қасддан бўйин товлаш чекловчи ордерда назарда тутилган талабларни бузиш ҳисобланади. Бу жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса

Постсовет ҳудудида оилавий зўравонлик тўғрисидаги қонунлар қабул қилинган ва шунга ўхшаш схемалар бўйича ишлайди, уларда аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда жабрланувчиларни реабилитация қилиш билан бирга самарали ишлайдиган бир хил турдаги қарши чоралар қўлланилади.

Sukutsaqlama.uz ​​лойиҳаси бир неча бор оиладаги зўравонликни жиноийлаштириш ва оиладаги зўравонлик тўғрисида қонун қабул қилишни тарғиб қилган, шунингдек, оиладаги зўравонлар билан қандай курашиш бўйича ўз тавсияларини берган. “Оила” марказининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўлими бошлиғи Гулнора Ишанхонова ҳам ўз тавсиялари билан бўлишган.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни жиноийлаштириш зарурати аллақачон пайдо бўлган. Буни шов-шувли зўравонлик ҳолатлари ва бизнинг лойиҳамизга келадиган минглаб аноним ҳикоялар (ва уларнинг қанчаси ҳақида ҳали гапирилмаган!)дан ҳам кўриш мумкин. Бу борада муваффақиятли ишлаётган Қонунлар намуналари, халқаро ташкилотлар, ҳуқуқшунослар ва фуқаролик жамияти тавсиялари мавжуд.

Савол шундаки, давлатнинг оиладаги зўравонлик муаммосини ҳал этиш истаги борми ёки бизнинг қарорларни қабул қилувчи мансабдорларимиз учун аёллар ва болаларни хўрлаш, уларни жисмонан йўқ қилишга қарши курашиш кабилар иккинчи ёки учинчи ўринда турадими?