Биринчи турмушдан бўлган фарзандлар: тил топишишнинг имкони борми?

Турмуш мушт, қолаверса, тақдир синовлардан иборат. Жамиятда биринчи турмушида бахт топмасдан, бошқа оила қурган инсонлар ҳам бор. Меҳр-муҳаббат ўз йўлига, аммо аввалги турмушдан бўлган фарзандни ўзингникидай яхши кўриш, она бир ота бошқа ёки ота бир она бошқа бўлган болаларнинг ўзаро муроса қилиши бобида бир талай қийинчиликлар учраши мумкин. Хўш, бундай оилаларда муносабатларни яхши томонга буриш учун нималарга эътибор бериш керак?

Боланинг бегонаси бўлмайди

Кўпчилик ота-оналар “бировнинг боласи”га меҳр қўя оламанми, дея хавфсирайди. Аслида бунинг учун сохта ҳаракатлар қилиш шарт эмас. Шунчаки вазиятни ўз ҳолига қўйиш керак. Илгари тутинган оталар рафиқасининг биринчи турмушидан бўлган фарзандларига истаганча тарбия бериб бошқарган бўлса, бугунги ёш авлод бироз бошқача. Уларга биргина дакки бериш ярамайди. Уларнинг кўнглига йўл топиш лозим. Кўпинча ота-оналар тутинган фарзандларига “мен каттаман ва у менга қулоқ солиши керак” деган талабни қўяди. Айнан мана шу жиҳат можароларни, ҳатто оиланинг бузилишини келтириб чиқаради. Яхшиси, бола билан биринчи дўстлашиш керак, ана ундан кейин тарбиячи ролига киришса бўлади. Шунда дастлабки ноқулай вазиятлар ўз-ўзидан ҳал этилади. Яна бир масала бор, яъни ота-онаси бир бўлмаган болаларнинг рашки. Уларга ота-онангни қизғонма, дейиш ҳам нотўғри. Бу вазиятда тўғри йўл, танловини ҳурмат қилиб, дардига қулоқ солиш даркор. Унутманг, оилада ҳар бир боланинг ўз шахсий ҳудуди бўлади. Унга даҳл қилмасдан, барча болалардан меҳрингизни бирдек аямасангиз ҳаммаси ўз измига тушиб кетади.

Ота-оналар учун кичик қўлланама

Ота-оналарнинг яқинлари диққатига!

Тўғри, собиқ эр-хотинлар орасида ҳар доим ҳам илиқ муносабатлар сақланиб қолмайди. Шундай вазиятларда салбий ҳиссиётларни асло боланинг олдида билдириш ярамайди.

Яхшиси, болага янги қоидаларни эслаб қолиши учун ёрдам беринг. Яъни бошқа оиладаги шароитга мослаштиринг, янги тартибга риоя қилишга ўргатинг. Агар бола етти ёшдан кичик бўлса, унга турли ўйинлар орасида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Махсус олдингизга ўтқазиб, қатъий тайинлашнинг кераги йўқ.

Тарафкашлик қила кўрманг. Нариги томон қариндошларини ёмонламанг, алоҳида фронт яратиб, боланинг миясини заҳарламанг. Сиз у хонадонда яшамайсиз, бола бутун умр ўша масканда улғайиши керак. Шуни эсда тутинг.

Ота-оналар учун:

Мулоқотни бошлаш учун тенг муносабатда бўлинг. Ота ёки она ўрнини эгаллаш мақомидан воз кечинг. Бу фақат нафрат туйғусига сабаб бўлади. Яхши дўст бўлиш эса энг тўғри йўл.

Шошманг, болани ҳам шоширманг. Вақт барчасига даво бўлади.

Туққан онаси ёки отаси ҳақида гаплашишдан қочманг. Барибир бу мавзуга тўқнаш келасиз. Шунинг учун боланинг ўз отаси ёки онаси ҳақида тўғри гапиринг. Ёмонламанг ва баҳоламанг. Чунки ота-оналаримиз бизнинг бир қисмимиз. Шундай экан, бировларнинг қадриятига нисбатан ҳурмат кўрсатсангиз, боланинг эътирофига эришасиз. Тутинган бола оилангизга келдими, унинг шахсий буюмларини, албатта, ажратиб беринг. Буни оиладаги бошқа болалар тушуниб-тушунмай бажарганидан кўра, сизнинг қатъий белгиларингиз яхшироқ.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланд