Биринчи муҳаббат: фарзандларимиз ўтиши керак бўлган босқичлар

Меҳр-муҳаббат ота-онадан бошланади. Фарзанд улғайган сари унинг ҳаётида ота-она меҳридан бошқа янги муҳаббатлар пайдо бўлади. Бу даврда унга қандай ёрдам бериш мумкин?

ЭЪТИБОР БЕЛГИЛАРИ

Қарама-қарши жинсдаги болаларнинг бир-бирига бўлган эътибори 6-7 ёшдан бошланади. Бу уларнинг ўзаро дўстлашиш муносабатларида намоён бўлади. Агар уларнинг феъл-атворида ғалати ҳаракатлар сезсангиз, сизни бошқача қучоқласа, меҳр талаб қилаверса, ажабланманг ва бунинг учун уришманг.

ЎЗИНИ ИЗЛАШ

9-11 ёшда жинсий етилиш даври бошланганда ўғил ва қиз болалар ўртасидаги муносабатлар ўзгаради. Улар энди бир-биридан ажралиб боради, қизиқиши ҳам сусаяди. Фақат йигитлар ёки қизлардан иборат давралар пайдо бўлади. Кийим-кечак, турли ўйинларга мойиллик кучаяди. Ўсмирлар ўзларига эътибор тортишга ҳаракат қилишади, бу асло кимнидир яхши кўриб қолганликдан эмас, балки ўзини ва жинсини излаш йўлидаги ҳаракатлардир. 11 ёшдан кейин эса пубертат даври бошланиб, қиз ва ўғил болаларда жинсий ҳаётга қизиқиш уйғонади. Фақат ўғил болалар ёки қизлардан иборат гуруҳлар секин-аста тарқалиб боради ва жуфтликлар юзага келади. Айнан ушбу даврда илк севги хатлари, смслар ва сирли қўнғироқларни сезиб қоламиз.

ТАНАФФУСЛАР ШАМОЛИ

13-16 ёшларда ўсмирлар бир-бири билан фаолроқ муносабатда бўлишади, ўз жуфтини излаш, орзусидаги инсонни учратиш, сирларини фақат севимли инсонига айтиш истаги туғилади. Бундай инсон топилса, ўсмирлар еттинчи осмонда учиб юришади. Бу вақтда ота-оналар бироз ўзларини йўқотиб қўйишлари мумкин. Улар фарзандининг ҳаётига аралашмоқчи бўлишади, йўл кўрсатишга ҳаракат қилишади. Аммо севги-муҳаббат қисми ўсмирларнинг энг оғриқли нуқтаси бўлгани учун улар бу ишга ота-оналарни кўп ҳам аралаштираверишмайди. Бунда олтин ўрталиқни топиш керак. Ҳаммаси меъёрда бўлиши лозим.

КЎНГИЛ ҚОЛИШЛАР ДАВРИ

17-18 ёшда фарзандингиз армонли муҳаббатни ҳам бошидан кечириши мумкин. Албатта, унинг дард чекишини кўриш ота-она учун осон эмас. Лекин бундай дамларда фарзанднинг ўзига қўйиб берган ҳам маъқул. Психологларнинг фикрича, ўсмирлар хавотир, қўрқув ёки карахтлик ҳолатларини ҳис қилганда, улар энг аввало уйда хавфсиз эканини тушуниб етишлари керак. Омадсиз севги атроф-муҳитнинг шафқатсиз қоидаларини қабул қилишга ёрдам беради.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди