Ажралишдан кейинги тўрт хато: аёллар фикри

Ажралиш ва жуфтини йўқотиш — оғриқли давр, бу вақтни ҳатто яқин инсоннинг вафотига қиёслашади. Кимдир чуқур тушкунлик ҳолатига ўтади. Яна кимдир ҳаммасини ортга қайтаришга ва олдинги ҳаётини тиклашга ҳаракат қилади. Бизнинг қаҳрамонларимиз ўз бошидан ўтказган аччиқ тажрибалари ҳақида сўзлаб беришади.

БИРИНЧИ ХАТО. СЕН БЎЛМАСАНГ, БОШҚАСИ

Анора (28 ёш)

«Ажралишимиз мен учун жуда оғриқли бўлди, унинг устига бир вақтнинг ўзида бошқа аёл билан ҳам гаплашиб юрганини билиб қолдим. Сиқилавериб жонимга текканидан ўзимга раҳмим келди. Ўзимча қасд олмоқчи бўлиб, бошқа ёр топишга аҳд қилдим. Янги учрашувлар уни унутишимга ёрдам беради, деб ўйладим. Аммо ундай бўлмади. Ким билан учрашсам, уни севимли инсоним билан солиштираверардим. Табиийки, дил яраси битмади. Ишқ масаласида шошиш керак эмас экан. Хуллас, янгисини топмадим ҳам, аммо эски муҳаббатимни унутиш осон бўлмади». 

ИККИНЧИ ХАТО. УНИ ҚАЙТАРИШГА БЎЛГАН УРИНИШ

Ирода (26 ёш)

«Муносабатларимиз узилганда, у мени соғиняпти, аммо биринчи бўлиб қадам босишга жазм эта олмаяпти деб ўйладим. Шу тариқа уни қайтаришга аҳд қилдим. Туну кун у ҳақда ўйлардим. Ижтимоий тармоқларини кузатардим, қулай фурсат топилди дегунча, уни соғинганимга шама қилардим.

Бир куни ниҳоят ёзганларимга жавоб берди. Бу афсуски, унинг тарбияли эканлигидан далолат берарди. Чунки барибир ортга қайтмади, муносабатларимиз тикланмади. Мен эса вақтимни бекор сарфладим. Ундан кўра ўз устимда ишлашим керак эди». 

УЧИНЧИ ХАТО. УНГА ФАҚАТ ИНТИМ АЛОҚАЛАР КЕРАК, АЁЛ СИФАТИДА ЭСА ҲУРМАТИМ ЙЎҚ

Азима (34 года)

«Ажралиб кетганимиздан кейин ҳам менга смс ёзишдан тинмади. Мен содда эса буни соғинч, муҳаббатга йўйибман. Қизиғи, ажримдан кейин ҳам бир неча марта учрашдик. Орамизда интим алоқалар бўлди. Кейин эътибор бериб қарасам, унга фақат шу керак экан. Бошқа пайт ҳол-аҳвол сўраш йўқ, фарзандларимиз тақдири, аҳволи уни қизиқтирмайди. Бир-икки марта ёрдам сўраб мурожаат қилсам, ўзини олиб қочади. Демак, унга бошқа нарса керак экан. Шуни англаб етганимдан кейин ундан бутунлай воз кечдим».

ТЎРТИНЧИ ХАТО. АЛДАМЧИ ШАРОИТЛАРДА ПАНОҲ ИЗЛАШ

Зуҳра (36 ёш)

«Муносабатларимизни буткул тўхтатиш ташаббуси ундан чиқди. Сабр қилишни, яна бирга яшаб кўришни илтимос қилдим. Лекин низоларимиз барибир тўхтамади. Бирга яшай олмадик. Ажралганимиздан кейин меҳримни бошқа томонга бурдим. Мен учун ширинликлар ягона овунчоққа айланди. Ҳар куни ишдан уйга қайтарканман, хаёлимда музлатгичдаги торт, пироженое, шкафдаги шоколад, печеньелар турарди. Фақат шу ширин хаёллар билан яшайдиган бўлиб қолдим. Ухлашдан олдин ҳам шоколад еб олардим. Усиз ухлолмасдим. Кейин семира бошладим. Уч ойдан кейин кўзгуга яхшилаб назар солсам, ўзимни таний олмадим. Семиз, қариган жувон турарди. Шундан кейин ширинликлардан воз кечишга ҳаракат килдим. Лекин осон бўлмади. Шунинг учун маслаҳатим, ҳеч қачон ширинлик ва алкогол ичимликлардан паноҳ изламанг. Улар даво бўлолмайди».

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди