Қандай қилиб ҳаракатсизликда қолмай, доим олдинга интилиш мумкин?

Психологик фалажликдан чиқишнинг қандай йўллари бор? Бугун ушбу саволга жавоб излаймиз.

ҚАДРИЯТЛАР

Биринчи галдаги вазифамиз қадриятларимизни аниқлаб олиш. Дейлик, ҳамма нарсани ташлаб кетмоқчисиз. Аммо агар ички қадриятларингиз оила, яқин инсонлар билан боғлиқ бўлса, бу ишни ҳеч қачон уддалай олмайсиз. Сизга бир усулни ўргатамиз. Бунинг учун оқ қоғоз олиб, унга ҳаётингизга тегишли фактларни ёзиб чиқасиз. Шу орқали бирламчи стрессни бироз енгиллаштирган бўласиз. Атрофдагиларнинг гап-сўзларини четга суриб туринг. Сўнгра аниқ бир мақсадни белгилаб олинг. Уни амалга ошириш йўлларини қайд этинг. Энг муҳим ишдан бошланг. Ҳар жабҳада мувозанатни тенг ушлаб бўлмайди. Шунинг учун энг афзалини танлаб, ундан кейин кетма-кет қолган ишларни бажараверасиз. Дейлик, иш жойингизни ўзгартирмоқчисиз. Таҳминан мана бундай режани тузинг: резюмени ўзгартириш, уни яхшилаш, суҳбатга яхши кайфиятда бориш.

Гоҳида аниқ режага эга бўлсакда, негадир муаллақ туриб қоламиз. Бунга сабаб вазифалар қийин ва кўп туюлади ҳамда қайси биридан бошлашни билмай бошимиз қотади. Унутманг, қандай режа асосида ҳаракат қилманг, ҳар доим масъулият елкангизда бўлсин. Мақсадлар, режалар, фикрлар, ғоялар – булар ҳаракат бошлаш учун етарли. Аммо баъзида шунчаки уларнинг орқасида яширинишни истаймиз ва ҳеч нимага эришолмаймиз.

Ирода ва ҳаракат – бу биздан талаб этиладиган асосий куч.

ФОЙДАЛИ ТАВАККАЛЧИЛИК

Хавфсизлик — жуда яхши омил. Лекин ҳар доим ҳам ёрдам беравермайди. Агар фақат унга суянсак, жойимиздан қимирламай қолишимиз мумкин. Шунинг учун хавфли вазиятлар зарур. Айнан улар такомиллашувимизга сабаб бўлади. Ҳамма нарса силлиқ бўлса ҳам ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Ҳаёт қизиқ бўлиши учун эса хавфли вазиятлар ва таваккалчилик бўлиши лозим. Қийинчилик, хавфли бурилишлардан қочишни психологлар ҳатто “биринчи ўлим” дея сифатлашади. Шунинг учун таваккалчилик ва хавфга тайёр туриб, олдинга ҳаракат қилиш керак.

ДЎСТЛАР ВА ТАНИШЛАР

Атроф олам тақдиримизга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шунинг учун дўстларингиз, танишларингиз ким эканига эътибор беринг. Иложи борича интилувчан, позитив инсонлар билан мулоқот қилинг. Айнан шу инсонлар сизга мотивация беради. Китоблардан ҳам ўрганса бўлади, лекин жонли маслаҳат ва тавсияларга етмайди. Улар муаммоларга қарши қандай курашади? Қандай иш тутади? Буни яхшилаб ўрганиб чиқинг. Балки ибрат оладиган томонлар кўпдир. Тарафдорларни топинг, кимгадир суяниб яшаш фойдали.

БАЪЗАН АЪЛОЧИ БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС

Ҳамма қийинчиликларни олдиндан билиб бўлмаганидай, бутун ҳаёт давомида фақат аъло баҳоларга иш бажаришнинг иложиси йўқ. Агар бунга интилаверсак, ўзимизни чарчатиб қўямиз. Керакли юмушлар четда қолиб, зарур бўлмаган ишлар биринчи ўринга чиқиб қолади.  Қачонки, фикрларни тўғри йўналишга солиб олсангиз, шундан кейин қадам босиш осонлашади. Шунинг учун нима муҳим ва нима муҳим эмаслигини яхшилаб аниқлаб олинг. Зудлик билан бажариладиган юмушларни олдинга суриб, кутиб туриши мумкин бўлганларини кейинги қолдиринг. Ортиқча ташвишлардан ҳалос бўлинг. Иложи бўлса, режалар кундалигини тузинг. Мабодо бир ишни уддалашга кучингиз етмаса, куч қаерга сарфланаётганлигини аниқланг. 

https://www.psychologies.ru/articles/vstan-i-idi-kak-ne-zavisat-v-bezdeistvii/