Ҳайз – табу?

Сафардаман. Енгил машинада, бир неча соатлик йўл. Машина ёқилғи қуйдириш учун тўхтади, анча кутиб қолдик. Пайтдан фойдаланиб, ҳожатхона томонга юрдим. Ёнимдаги кабинадан аёл кишининг овози келди.

  • Вий, касал бўпман. Боядан бери айтаман, ичимдан нимадир келяптими, деб…
    Бошқа аёлнинг овози:
  • Бирон ниманг борми?
  • Сумкамда марля (дока) бориди, машинада қопкетди, ҳозир бумага (ҳожатхона қоғози) қўйиб тураман, кейинги заправкада марля қўяман энди. Менинг ҳамёним ёнимда, ичида ҳар эҳтимолга қарши олиб юрадиган таглик (прокладка) бор эди, чиқаётиб, қўлимни ювгач, шуни олиб, аёллардан бирига тутқиздим.
  • Бу нима? – ҳайрон бўлди аёл.
  • Гапларингизни эшитиб қолдим, «касал» бўлган экансиз. Шуни ишлатинг, – жавоб бердим.
    Аёл яна ҳайрон бўлди:
  • Ҳаа, лекин буни нима қиламан?
  • Марлянинг ўрнига ишлатасиз, орқа томонига клей қоғоз ёпиштирилган, шуни олиб ташласангиз, ичкийимингизга қулай ёпишади, кийимларингизга ўтиб кетмайди.
  • Зўр нарса экан-ку…
    Аёл тагликни олиб, қайтадан ҳожатхона кабинасига кириб кетди, ўша ердан гапира бошлади:
  • Э, ўлсин шуям, кутмаганда келиб, одамни шарманда қилади.
  • Нимаси шарманда экан? Оддий ҳолат, ҳамма аёлларда бўлади. Сиз ўзингиз-чи, қачон «касал» бўлишингизни билмайсизми?
  • Мен қайдан биламан, қачон хоҳласа, ўшанда келаверади-да!
  • Одатда, соғлом аёллар 28-31 кунда бир «касал» бўлади. Бугун бўлган бўлсангиз, янаги марта бўлишингизгача кунларни ҳисоблаб чиқинг, келаси сафар ўша кунга «қуролланиб,» тайёр бўлиб турасиз.
  • Ростданми? Шундай ҳисобласа бўладими?
    Аёл чиқиб келди.
  • Буни кейин нима қиламан?
  • Қон кўп ё камлигига қараб, икки ё уч соатларда алмаштирсангиз бўлади. Дорихоналарда сотилади, сотволишингиз мумкин.
    Ташқарига чиқиб борардик.
  • Ишлатиб бўлганимдан кейин нима қилай?
  • Чиқиндига ташлайсиз. Ноқулай бўлса, кўринмайдиган қилиб ўраб ташлашингиз мумкин.
    Мен ўтирадиган машина келди. Машина томонга юрарканман, аёл охирги саволни берди:
  • Буни ювиб, қайта ишлатсаям бўладими?
    Ўзимни эшитмаганга олиб, машинага ўтириб олдим, машина жойидан қўзғалди.

Ўйлаб келдим: бу аёлга, ҳойнаҳой, биринчи ҳайз кўргандаям, умуман, ҳайз ҳақида ҳеч ким ҳеч нима айтмаган кўринади. Ҳайз ҳақида элементар нарсаларниям билмас экан. Кийинишидан замонавий аёлга ўхшади, лекин…

Асабим бузилди: қачонгача жинсий тарбия мавзуси табулигича қолаверади? Қачонгача «зиёли»лар аёллар ҳайз даврида ишлатадиган воситалар рекламасини тарбиясизликка йўйишмоқчи? Уларнинг оиласидаги аёллар умуман ҳайз кўрмаганми, бу ахир аёл физиологиясига хос табиий жараён-ку?

Жинсий тарбия деганда хаёлига фақат жинсий алоқа келадиган ўтмас бир авлод шаклланди. Улар сабаб қизлар оналикка жисмонан тайёрланиш борасидаги маълумотлардан бехабар қолишяпти, йилдан-йилга уларнинг ўз анатомияси ҳақидаги билимлари сустлашиб боряпти. Ўз организми ҳақида ҳеч нимани билмайди, жинсий гигиена, касалликлар, шахсий чегаралар, руҳий ҳолат, турли жинсий хасталикларнинг келиб чиқиш сабаблари, инкубацион давр ёки яққол намоён бўлиб турган симптомлар тўғрисида ҳеч қандай билимга эга эмас. Ўйлаб кўринг, 8-9 ёшдаги қизингиз кутилмаганда, мактабда пайти ҳайз кўриб қолди, бу ҳақида ҳеч нима билмайди, бунга ҳеч бир тайёргарлиги йўқ. Бу бола учун қандай стресс бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Унинг руҳиятида қандай жароҳат қолдиришини биласизми? Ҳайз ҳақида онасидан маълумот олиб, сумкасининг бир четига эҳтиёт шарт деб таглик солиб қўйган бола-чи? Қаерда бу ҳолат бошланишидан қатъий назар, ўзини йўқотиб қўймайди, хотиржам ҳолатда гигиеник воситалардан фойдаланади.

Сақланиш воситалари, жинсий аъзолардаги оғриқ ва ноқулайликлар ҳақида гаплашиш, маълумот бериш табуга айлантирилиши исталмаган/эрта туғруқ, жинсий/тери-таносил касалликлари кўпайиб, вазият издан чиқишига олиб келяпти-ку?!

Бизга жинсий тарбия керак. Ва жинсий тарбия берилишига қарши чиқаётганлар, юқоридаги аёл каби, ҳайз ҳақида яқинларидан тайинли маълумот ололмаган ва буни норма деб қабул қилаётган, организмдаги табиий физиологик жараёнларни уят деб ҳисоблайдиган одамлар эканига ишончим комил!

Туронлик Амазонка