Ҳаётни тартибга келтирамиз: қандай қилиб «мувозанат ғилдирагини» тўғри тузиш керак?

Кўпинча мақсадларимизнинг ҳаммасига бирдек ва тезлик билан эришишни истаймиз. Бир ишни тугатмасимиздан иккинчисини оламиз ва учинчисига кўз тикиб турамиз. Қарабсизки, ҳеч нимани уддалай олмаймиз ва яна қайтадан бошлашга тўғри келади. Ёпиқ доира ичида кимўзарга ўйнаб юраверамиз. Аслида ҳеч қайси инсон ҳаётнинг барча жабҳасини қамраб ололмайди, қолаверса, ишларнинг ҳам адоғи йўқ.  Муаммо ечими эса «мувозанат ғилдирагини» тўғри созлашда.

«МУВОЗАНАТ ҒИЛДИРАГИ» НИМА?

Ушбу усул орқали ҳаётни таҳлил қилиш мумкин. У бизларни «ҳозирги замонга» қайтаради ва бажараётган ишимиздан мамнунлик даражасини аниқлаб беради.

Ҳаётимиз кўп қиррали. Тўғри созланган «мувозанат ғилдираги» вазиятни борлигича тизимли равишда кўришга имкон беради: қандай қадам ташлаш керак, мақсад сари етаклайдиган усуллар, йўналишлар, нималарга эътибор бериш зарур, қаерда бўшашиш лозим.

«МУВОЗАНАТ ҒИЛДИРАГИНИ» СОЗЛАЙМИЗ

Хотиржам шароитда 20–30 дақиқа давомида ўтиринг, қўлингизга қоғоз ва қалам олинг.

Схемада «мувозанат ғилдираги» — бу доира бўлиб, 8–12 қисмга бўлинган ва ҳар бир бўлак ҳаётнинг бирор-бир соҳаси учун жавоб беради. Анъанавий вариантда уларнинг сони саккизта. Демак, қоғозга доира чизиб, уни қуйидаги соҳаларга бўлиб чиқинг:

Касб ва севимли машғулот. Нима билан шуғулланмоқчисиз ва нимага эришмоқчисиз?

Пуллар. Топаётган даромад ёки маошингиздан мамнунмисиз?

Саломатлик ва гўзаллик. Ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз? Шифокорга бориб турасизми? Мунтазам текширудан ўтасизми, жисмоний фаолият олиб борасизми?

Дўстлар. Дўстлар билан мулоқот қиласизми? Бундан мамнунмисиз? Уларнинг кўмаги етарлими?

Оила. Оилангизга қанча вақт ажратасиз? Жуфтингиз билан муносабатларингиз яхшими? Зиддиятлар қанчалик тез-тез бўлиб туради?

Шахсий камолот. Нимани ўрганмоқчисиз?

Дам олиш ва саёҳат. Бир ҳафтада неча марта дам олишингиз мумкин? Таътилгачи, қанча вақтда чиқиб турасиз?

Ҳаёт сифати. Қандай орзуларингиз ёки амалга ошмаган мақсадларингиз бор?

Навбатдаги қадам

Ҳаётингизнинг ҳар бир соҳасини нолдан ўнгача баллда баҳоланг (ноль – қониқмайман, 10 ҳаммаси яхши).

Доиранинг ҳар бир секторини 10 та бўлакка бўлинг ва шкала бўйича баҳоланган қисмларини бўянг. 0-3 гача чиқса — хавотирли, 4–7 — эътиборни талаб қилади, 8–10 — жуда яхши, дея ҳисобланади. Орқада қолаётган соҳалар айнан сиз эришишингиз зарур бўлган чўққилардир.

Ушбу усул ёрдамида заиф ва кучли томонларингизни билиб олинг.

МУВОЗАНАТГА ЭРИШИШ СИРЛАРИ

Бунинг учун бутун куч-қувватингизни энг кам балл йиққан соҳаларга қаратинг.

Энг яқин вақт давомида бажарадиган вазифаларни белгиланг. Дейлик, ҳордиқ бобида оқсаётган бўлсангиз, ҳар куни ҳеч бўлмаса 30 дақиқани ўзингизга ажратинг. Шу тариқа бутун ғилдирак бўлимларини таҳлил қилиб чиқинг ва умумий режа тузинг. Албатта, унга риоя қилинг. Унутманг: эътиборингиз қаерда бўлса, кувватингиз ҳам шу ерда бўлади. Қоидага кўра, мувозанат ғилдираги усули бир йилда икки маротаба синаб кўрилади.

www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди