Аёлнинг умр йўлдоши вафот этса, бунга асосий айбдор – қора ёстиқ қилиб ўзи кўрсатилади

“Қора ёстиқ”  деб эълон қилиш – жамиятда аёл киши сари қаратилган яна бир  жирканч ва қадимий стереотиплардан бири.

Унга кўра,  аёлнинг умр йўлдоши вафот этса, бунга асосий айбдор – қора ёстиқ қилиб ўзи кўрсатилади. Бу бидъатнинг ҳануз йўқолиб кетмагани ва асосан эркаклар эмас, аёлларга қаратилгани жуда мудҳиш ва жирканч ҳолат. Севган ёридан айрилган, келажак ҳаёти, фарзандлар тарбияси ҳали қоронғулик ичида турган аёлни атрофдагиларнинг далдаси ёки «Ҳали ҳаммаси олдинда, муҳими, болаларинг бахтига сен соғ бўл» деган тасалли эмас, кўп ҳолларда пичир-пичир орасида қулоққа чалиниб қоладиган «Қора ёстиқ» деган лақаб кутиб турган бўлади.

Айниқса, келиннинг тўйи бўлганига йил тўлмай бирор фалокат юз бериб, куёв ёки шу оиланинг бирор аъзосига зарар етса борми?  Кўринг томошани, юз берган бахтсиз ходисани сабачиси сифатида аслида яхши ниятлар билан, қийин бўлса-да маликадек ўсган ота уйини ташлаб, бегона оилага бека бўлиш каби  масъулиятни бўйнига олиб келган бечора қиздан гумонсирашади, ҳатто бутун қариндошлар орасида «шумқадам» ёки энг дахшатлиси “қора ёстиқ” деб эълон қилиниб, сазойи қилиниши ҳам ҳеч гап эмас.

Бу шўрлик аёлни нафақат  келажакда янги оила қуришига тўсқинлик қилади, балки умрининг қолган қисмини виждон азоби, ўз-ўзини айблаб ўтказишига сабаб бўлади.

Ҳали ҳануз турли бидъат, фаросатсизларча ўйлаб топилган ирим-сиримларга ишонадиганлар! Озроқ тафаккур қилинг, наҳотки бўлиб ўтган воқеага кимнидир айбдор қилиш учун бошқа баҳона топа олмаяпсиз, бу билан марҳум тирилиб қолмаслигини жуда яхши тушуниб турибсиз-ку?!

Келиннинг ўз ёрини бахтсиз ҳодиса сари йўлламагани, унинг ўлимини тиламаганини ўйлаб кўриш қийин бўлмаганидек, айрилиқ азобини бошдан ўтказаётган инсон дардини  янада оғирлаштириш нега керак?

Миллий урф-одатлар ҳар қандай ривожланиш асрида ҳам йўқолиб кетмаслиги бугунги миллат елкасидаги энг катта масъулият, шу билан бирга айрим чиркин одатлардан воз кечиш ҳам.

Муқаддас Исломдан маълумки, аёл киши турмуш ўртоғи вафот этгани ёки ажрашганидан сўнг 5 ойлик идда даврини кутади. Бунда унинг ҳомиласи йўқ эканига ишонч ҳосил қилинади, аммо ота-боболаримиз давридан маълумки, айрим аёллар турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг, гарчи фарзанди бўлмаса ҳам умрбод қайнона-қайнотасининг хизматини қилиб, дуосини олган. Янги оила қуриш таклифларини рад этиш ва умрбод инсонларга яхшилик қилишни мақсад қилган аёлларнинг борлиги миллат фахри. Аммо, ҳаётини янги саҳифадан бошламоқчи бўлган инсонни ёмон отлиқ қилишга ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз, бу унинг ҳаёти, бу унинг имконияти.

Ҳаёт синовлари ва янги ҳаёт остонасида турган инсон ҳақида турли бемаза иғво,  бўхтонлар тарқатиш дин томонидан қаттиқ қораланиши, қонунда ҳам жазосиз қолмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз. «Айбсизлик презумпцияси», шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра суд хукмисиз, бахтсиз ҳодисада кимнидир айблашга ёки жиноятчи деб эълон қилишга ҳақли эмассиз!

Зиёда Раҳимбоева

Nemolchi.uz учун махсус