Аёллар бир-бирига хасад қилмайди, хасад қилиш керак, деб болаликдан уқтирилади

Волонтёрлардан

Яқинда «Дийдор» театрида ёпиқ премьераси бўлиб ўтган «Зебуннисо» спектаклини томоша қилдим. Гендер тенглик муносабатлари борасида ҳам нимадир олиш мумкин, деб Немолчи.уз лойиҳасини ҳам таклиф этишган экан. Спектакль Бобурийлар Ҳиндистонида ҳукмронлик қилаётган Аврангзеб ва унинг қизи Зебуннисо ҳақида, Уйғун сценарийси асосида.

Бойлик ва тахт йўлида қўлларини ўз оила аъзоларининг қонига ботирган ҳукмдор, шу қонли ботқоқ ичида нилуфар гулидек бўй чўзиб, адолатга, тинчликка интилаётган малика, маликага эришиш ва ҳукмронликка интилиш йўлида инглиз хуфяларига кўмак бераётган, маликанинг суйгани – шоир Розийни урушга сафарбар қилдирган Амирхон, ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, бойлик илинжида юртига хиёнат қилган, ёш маликага ғайир кўз ташлаган шайхулислом, ўз фарзанди томонидан банди этилган Тожмаҳал меъмори Шоҳжаҳон, ичкиликка ружуъ қўйган шаҳзода Акбар, Аврангзебнинг кўзини очишга ҳаракат қилаётган Муҳаммад Саид… ҳар бир персонажнинг воқеалар ривожида ўз ўрни бор.

Ижро маҳорати борасида гапирилса, гап кўп. Спектакльда юзага чиқарилган манзара борасида бир-икки гап: Аёлларга нисбатан муносабат ғарб-у шарқда, тарих ва бугунда қандай шаклда эканини кўриб келмоқдамиз. Тарих ҳам бугундан кўп фарқ қилмайди, афсуски. Шу боис, бу мавзуда бирор янги фикр айта олишимга ҳам ишонмайман.

Аврангзеб шоира бўлиб танилаётган қизи Зебуннисога ўсмирликка ҳам етмаган гўдак сингари қараши, халқ тинчлиги йўлида ёниб-куйиб айтаётган сўзларини жиддий қабул қилмаслиги, «ундан кўра, барча аёллар каби, «ўз тенги»ни топиб, турмушга чиқиши керак»лиги ҳақида уқтириши ҳозирги замон оталарининг одатий «ташвиш»ларидан бири экани яққол кўриниб турибди. Зебуннисонинг аччиқ ҳақиқатга йўғрилган сўзлари, адолат учун курашишига чидай олмаган Аврангзеб уни ҳам банди қилади. Ҳолбуки, Зебуннисо оддий қиз эмас, малика эди!

Амирхон ва шайхулисломнинг Зебуннисога муносабати ҳақида юқорида айтиб ўтдим: улар учун аёлнинг туйғулари, истаклари бир чақа, муҳими, ҳар қандай жирканч йўл билан бўлмасин, ўз истагига эришса бас. Атрофимизда шундай ўйлайдиган эркаклар, (ҳатто, аёллар ҳам) кўплаб топилади, ишонаверинг! Куни кеча аёллар гуруҳидаги постлардан бирида бир аёл «аёл севгани бир тийин, эркак эса, севса, ҳар қандай йўл билан ўзини севдира олади!» – деган мазмунда изоҳ ёзгани фикримнинг исботи.

Спектакльда эътиборимни тортган яна бир жиҳат – аёл қаҳрамонлар ўртасидаги бир-бирини қўллаб-қувватлаш, «женская солидарность» яққол кўрсатилгани бўлди.

Зебуннисонинг хизматидаги қиз Наргиз билан муносабатлари ҳар ким учун намуна бўла олади. Зебуннисо малика эканига қараб ҳам ўтирмай, Наргизни ҳамиша қўллайди, фикрини тинглайди, бахтини топишига ёрдам беради. Ҳозирги кун аёллари ўртасида ҳам шундай ҳамжиҳатлик кўпайиши турли муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ва шундай ҳолатларга гувоҳ бўлиб келмоқдаман.

Аёллар бир-бирига хасад қилмайди, хасад қилиш керак, деб болаликдан уқтирилади. Аёллар бир-бирига зуғум қилаётганини билмайди – зўравонлик ичида ўсиб, буни нормал ҳолат деб қабул қилиб бўлишган. Шу каби қарашлар кўпчилик аёлларнинг қон-қонига сингиб улгурган. «Шу холос…»

Алия ТЕМУРИЙЗОДА