Агар бола ўта таъсирчан бўлса: ота-оналар нима қилиши керак?

Баъзи бир инсонлар бу каби болажонларни «йиғлоқи», «нозиквой» ва «инжиқ» дея сифатлашади. Баъзи бировлар бунинг аниқ сабабини топа олишмайди: кўз ёшлар, кутилмаган қўрқувнинг боиси нимада? Уларга қандай қилиб ёрдам бериш мумкин? Бугун ушбу саволларга жавоб излаб кўрамиз.

Аслида ҳар бир бола ташқи таъсирларга ўта сезувчан бўлади: масалан, таъм, ҳарорат, шовқин, катталарнинг кайфияти каби. Аммо уларнинг орасида йўргакданоқ ўта таъсирчанлари учрайди. Бундай болалар кучли ёруғлик ёки кескин товушларни ёмон кўради, териси сал тирналса ҳам шикоят қилади. Уларга шунингдек, уятчанлик, қўрқоқлик, хафа бўлиш каби хислатлар хос бўлади.

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

Болани жазоламанг

Йиғлоқи ёки аразчими, асло ранжитманг. Буни у атайлаб эътибор қаратиш учун қилмайди, балки ташқи таъсирларга жавоб беришни уддалай олмайди. Уришишнинг ўрнига фарзандингизни яхшилаб тингланг ва вазиятга бошқа томонлама қарашга ўргатинг, масалан: «Кимдир ёмон қилиқ қилдими, бунда сенинг айбинг йўқ» дея. Бу ўзини қурбон деб ҳис қилмасдан, хафаликни енгишга ёрдам беради.

Устидан кулманг

Таъсирчан болалар катталарнинг баланд овози, уришиши ёки пичингларига бошқача муносабат билдиради. Уйдаги, болалар боғчаси ёки мактабдаги ҳазил-мутойибалар уларни тез хафа қилади. Фарзандингиз таъсирчан эканини билсангиз, бу ҳақда устоз-мураббийларини олдиндан огоҳлантириб қўйинг. Улар ҳаммага ўхшамаслигини ўзлари ҳам билишади ва бундан андиша қилишади. Агар уларнинг устидан ҳамма кулаверса, ўзига берадиган баҳоси тушиб бораверади.

Шоширманг

Болалар боғчасига бориш, янги мураббий ёки нотаниш меҳмонлар, буларнинг ҳаммаси таъсирчан болаларда кундалик ҳаётида ўзгаришларни келтириб чиқаради. Бундай дамларда улар оғриққа ўхшаган сезгиларни ҳис этади.

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Вазифа бераётганда

Сенситив болажонлар кўп қувват сарфлагани учун тез чарчайди, шунинг учун уларнинг уйқуси, овқатланиши ва жисмоний фаоллигини назорат қилиш зарур. Тинч шароитда дам олишига шароит яратиб беринг, телефон экрани олдида соатлаб қолиб кетишига йўл қўйманг. Ёки тун ярмига қадар дарс тайёрлашига рухсат берманг. Қатъий тартиб ўрнатиб беринг.

Жамоат жойларда

Мабодо фарзандингизнинг бир нафаргина дўсти бўлса ва бу унга маъқул келса, яна дўст орттиришга мажбурламанг. Бу каби болаларнинг жамиятдаги фаоллиги секин-аста шаклланади.

Спорт борасида

Кучли бўлиш, иродани тоблашга кескин чоралар эвазига эришилмайди. Акс ҳолда болага психологик жароҳат етказиш мумкин. Яхшиси, спортнинг енгилроқ турини танлаб беринг, масалан, сузиш, аэробика, велосипедда учиш каби.

ТАҚДИРЛАНГ

Ижодини

Гарчи фарзандингиз ҳали кучли иродага эга бўлмасада, унинг ўзига яраша афзалликлари бор. Масалан, гўзалликни ҳис қилади ёки санъатнинг бирор турига ҳавасманд. Айтишларича, бу каби таъсирчан болалардан яхши мусиқачи, рассом, тикувчи, актёр чиқади.

Таҳлилини Болангиз билан бирга таҳлил қилинг. Ҳиссиётларини ва ҳаракатларини қоғозга ёзиб боришни ўргатинг. Ҳиссиётларни назорат қилиш машқларини ўргатинг, уларни бирга бажаринг. Фарзандингиз улғайгач, мутлақо таъсирчанлиги кетади дея олмаймиз, лекин мустаҳкам феъл-атвори шаклланади.