Аёллар, қурбон бўлишни бас қилинг!

«Етти ёшимдаёқ ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман. Дори ичиб қўйганман, ўзимни сувга ташламоқчи бўлганман. Аламимдан яшашни ҳам истамасдим. Бошқа қизларга ўхшаб турмушга чиқишни истардим. Лекин ҳеч қачон ўша орзуга эриша олмаслигимни билганман. Ҳеч кимни севишга ҳаққим йўқ эди. Чунки мен шармандаман».

Фотима (исми ўзгартирилди) 30 ёшга ҳам тўлмади. Пойтахтда ўз хонадони, машинаси, доимий даромади бор. Ва энг қийматли бойлиги – жонажон фарзанди. Фотима ҳамма нарсага ўзи эришди: бизнес, машҳурлик, минглаб дўстлар ва танишлар. Лекин уларнинг ҳеч бири кучли аёл ортида ким яширин эканлигини билмайди.

У тошкентдан минг километр узоқликдаги кичик бир қишлоқда туғилган. Беғубор қизчанинг ота-онаси доимо жанжаллашар ва Фотима, ҳамда унинг ука-сингилларига умуман эътибор беришмасди. Ота ароқхўр бўлиб, болалар уни деб кўп азоб чекишган:

«У даҳшатли тарзда бизни қийнарди. Деворга қараб отиши мумкин эди (ёш болани-я!). Бирон товуш чиқарсак, тепарди. Ўлакса ҳолга келтирарди, онам у билан гаплашиши учун томдан итариши мумкин эди».

Фотима 5-6 ёшлигида қўшниси ва унинг дўсти уни зўрламоқчи бўлишади. Зўравонлар 20-25 ёшларда эди. Қўшни йигит қизнинг отаси маст ҳолда келаётганини айтиб, уйида яширишини айтади. Қизча унга ишонади. Эслаган бир нарсаси – жуда оғриқли эди… Педофилларнинг кўплаб қурбонлари сингари қизалоқ бўлганларни ота-онасига айтишдан қўрқди. Ёмон нарса бўлганини тушунар ва ҳаммасига ўзини айбдор деб биларди…

Ота уйдагиларни мазах қилишдан тўхтамасди. Фотиманинг онаси калтаклардан кейин доимий равишда касалхоналарда ётарди: оёқ-қўллари, синган жағи, дабдаласи чиққан юзи … Бир неча йил ўтгач, у болаларни олиб синглисининг уйига борди. Бу вақт қаҳрамонимиз учун яна бир дўзахга айланди. Ҳеч ким йўқлигини пайқаб, почча қўллари ва тили билан жинсий аъзоларига тегинарди. Почча нафақат унга тегажоғлик қиларди… Бир куни у хонага кириб, унинг бошқа бир жиянига тегаётганини кўрди. Фотима дарҳол қўрқиб кетди ва бақириб, қизни ёнига чақирди. Фотима 7 ёш, у қизча эса 4 ёшда эди. Почча қўрқиб кетиб, болаларга қовун ва музқаймоқ олиб берди.

Ҳозир Фотима ўзига нега ўшанда ҳеч кимга бўлган воқеани айтмадим, де савол беради. У поччасига ачинарди. Ота-онаси бу ҳақида билгач, поччани ўлдиришига ишончи амин эди. Ва яна у қўрқарди. Лекин ҳалигача нега катталар поччанинг шу одатини билиб, индашмаганини тушунмайди. Бу даврда Фотима илк бор ўз жонига қасд қилишга уринди. “Чунки мен шармандаман”, – қайта-қайта такрорлайди у кўзларида ёш билан.

Ота ичишдан тўхтамасди, ичкиликка пули етмасди, шунинг учун доимо ҳаммадан қарз олиб юрарди. Одамлар эса қариндошлардан ўша қарзларни узишни талаб қилишарди. Оқибатда она пул топиш ва қарзлардан қутулиш мақсадида Россияга ишлашга кетади. Болалар ота билан қолди. Фотима 9 ёшда эди.

Отага энди ҳеч ким қарз бермасди. Шунда у қизидан фойдаланишга ўтди: эгнига эски-тускиларни кийгизиб, эшикма-эшик юришга мажбур қилди. Эшикни очган эркаклар истаганини қилишарди: кимдир ўпиб олар, кимдир очиқчасига маззаҳ қиларди. Ота эса болаларга қўл уришда давом этарди. Оиладаги тўнғич фарзанд сифатида ҳамма оғир юкни Фотима ўзига оларди. Укаларини ҳаммадан ҳимоя қиларди. Кўринишидан бу қўлидан келарди.

Болалар амаллаб кун ўтказишга ҳаракат қилишарди. Фотима укаларини боқиш учун ўғирлик ҳам қилишга тўғри келган. Қариндошлариникида овқатланганда миннат эшитгач, Фотима “мен ҳам одамларга ўхшаб овқатланаманми? Кафеларга бораманми? Яхши кийинаманми?” деган саволларни берарди.

7-8 ой ўтгач, она болаларни Россияга олиб кетади. Ота ҳам орқаларидан борди. Фотима мактабга кўкарган ҳолда борарди. Жисмоний тарбия дарси учун кийим алмаштирганда ҳамма унинг кўкарган баданини кўрар, лекин ҳеч ким лом-мим демасди. Барча сукут сақларди.

«Ҳаётимдаги энг даҳшат воқеалардан бирини эслайман. Хонага кирсам – ҳаммаёқ қип-қизил қон. Онам ўлакса ҳолда ётибди. Укаларим даҳшат тўла кўзлари билан бурчакда биқиниб ўтиришибди. У онамни уриб, бошини ёриб, қонни бутун хонага суртишни укаларимдан талаб қилган. Ва уйдан чиқиб кетган, ифлос».

Фотима ўшанда ўсмир ёшда эди. Онасини шифохонага ётқизиб, ўзи қаради. Она эркаксиз яшашдан қўрққани учун ҳаммасига чидаб келарди. Отасиз қизларини ҳеч ким келин қилмаслигидан қўрқарди.

15 ёшда навбатдаги синов: она Россияга амакивачасини чақиради. У улар билан турарди. Ва Фотимани зўрламоқчи бўлади. Узоқ йиллар аввал поччаси қилгани каби, тўлақонли алоқа қилмасдан, ёнига ётволиб, ўз ишини қиларди. Қизча қаршилик қилса, бўғарди. Фотима яна жонига қасд қилади, дори ичиб қўяди. Лекин унга ҳеч нарса бўлмади, бир неча кун маззаси бўлмади, холос. Зўравонликлар бир ярим ой давомида деярли ҳар куни давом этарди.

Кўз ёшларини яшира олмаган Фотима болалиги ва ўсмирлиги ҳақида гапиради. Бир орзуси бор эди: кўпроқ пул топиб, хотин-қизларни ҳимоя қилувчи марказ очиш. Аёллар истаган пайтда бу ерга кела олсин, тўйиб овқатлансин, дам олсин. Қишнинг совуқ кунларида отаси уларни кўчага ҳайдаганини эслади. Чунки улар ҳатто нафас олганлари учун унинг жонига тегарди. Ва онаси кўчада егулик ағдарар, иссиқ бурчак изларди. Ҳар доим ҳам иссиқ жой топилмасди. Фотима баданидаги шундай совуқлар кунларда орттирилган доғни кўрсатди, шунча йил ўтса ҳам бу яра кетмади.

Қаҳрамонимиз 16 ёшга тўлганда даҳшатлар якун топди. Отаси яна онани калтаклаётганди. Фотима шовқинга югуриб келди, воқеа ошхонада содир бўлаётганди. Золим унга ҳам кўтармоқчи бўлди-ю, лекин қиз товани олиб, бошига урди. У йиқилиб, ҳушидан кетди. Агар ўрнидан турганида қиз ўлдириб қўйиши аниқ эди. Отанинг омади келди. Шовқин-суронга синглиси югуриб келиб, отасини тепа бошлади ва унга тупурди: «Мен сиздан нафратланаман!» Шу пайт Фотима онасига ўгирилиб деди: “Ўзингизни қўлга олинг, она. Ёки барчамизни турмушга беринг, болалар уйига топширинг. Бизни бундан буён тарбиялашга ҳожат йўқ, сиз вазиятни баттар чигаллаштиряпсиз. Чарчадик, етар энди!”

Шу пайт она ҳаммасини тушунди. Уларни нарсаларини йиғиштириб, шаҳардан кетишди. Янги жойда бир-бирларини кечириб, янги ҳаёт бошлашга ҳаракат қилишди. Одамларга ўхшаб муомала қилишни ўрганишди. Фотима илк учрашувга таклиф қилишди. Она унинг сочларини ўриб қўйиб, янги кўйлак олиб берди. 16 ёшдан яхши хотиралар бошланди. Олдин бўлганларни қаҳрамонимиз деярли унутди. Эслашни ҳам истамайди.

  • Ота тирик. У яна уйланди, уч нафар боласи бор. Янги хотинини ҳам доимо калтаклайди. Болалар ҳам азият чекади. Фотима унинг янги оиласи билан гаплашмайди.
  • Почча ҳам, ота ҳам, амакивачаси ҳам художўй инсонларга айланишди. Почча ўғлидан мунтазам калтак ейди, муносабатлари яхши эмас. Фотиманинг унга раҳми ҳам келмайди.
  • Амакивачаси тўрт нафар қизнинг отаси. Фотима ҳаммасини эслайди ва ундан нафратланади. Лекин жиянларига ўзи кечирганларни раво кўрмайди: «Қизларни ҳимоя қиламан деб ақлдан озиши тайин. Ўзи ҳам гуноҳкор-ку».
  • Фотиманинг ойиси эрга тегди. У бахтли. Эри жуда ғамхўр.
  • Синглиси ҳам оилали. Болалари ва бахтли оиласи бор. Фотима яқинлари билан деярли кўришмайди. Чунки тўпланишгач, фақат ёмон хотираларни эслаб ўтиришади.
  • Жинсий ҳаётда Фотима бахтсиз. У яқинлик қилишдан қўрқади, чунки ҳаётидаги зўравонлик ҳолатлари ўша пайт уни қўйвормайди.
  • Фотима онасини кечирди. Онасининг ўрнида ўзи қандай йўл тутган бўларди – билмайди. Лекин барибир она нега уларни ҳимоя қилмаганини тушунмайди.

Фотиманинг аёлларга мурожаати

Менинг болалигим йўқ эди. Кичиклигимдан ҳаётнинг барча қийинчиликларини кўрдим. Эртаси кунга етиб бораманми-йўқми – билмасдим. Болаликдан ўлишни хоҳлардим. Яқингача бу туйғу доим менга ҳамроҳлик қиларди. Болали бўлгач, ҳаётга муҳаббат нималигини туйдим. Энди фарзандимни ҳар томонлама ҳимоя қиламан.

Бутун ҳаётим давомида ўзимни “кир” ҳис қилардим. Доимо қўрқардим. Кечаси ухлаганда ҳатто нафас олиш қийин эди. Ҳозир ҳам шундай. Бу қўрқув буткул кетишини истайман. Баъзан хотиралар шундоқ хотирамда гавдаланади. Сен ўтирган жойингда титраб, ҳеч нарса деёлмайсан, ҳеч кимга ҳеч нарса айта олмайсан. Менга кимдир ёмонлик қилишидан доимо қўрқиб юраман. Қоронғи тушганда-ку умуман юрмасликка ҳаракат қиламан: “Ҳозир бир нима содир бўлади. Нимадир содир бўлади. Нимадир…”.

Ҳаётим даҳшатлардан иборат эди. Лекин Яратган мени доимо қўллайди. Дуоларимда сўраганимни беради. Ҳозир ягона мақсадим – қизим ва ҳаётимни ёмонликлардан ҳимоя қилиш. Шу жумладан, ёмон гап-сўзлардан ҳам. Атрофимда миллионлаб одамлар бўлиши мумкин, лекин мен ёлғизман. Мен ҳаётимда содир бўлган воқеаларда айбдор эмаслигимни билишни хоҳлайман. Сукут сақлама лойиҳасига ёзишимдан мақсад ҳам: мени қўллаб-қувватлашсин. Кимдир менинг ҳаётимда ҳам шундай бўлган, сени қучоқлаб қоламан, дейишларини истадим.

Шунча йил ўтиб ўтган воқеаларни кимдир билан бўлишгим келди. Тушундимки, бўлганларни гапириб берсам, кимгадир ёрдам берарман. Эрлари томонидан калтакланиб, ўзига куч топаётган аёллар ёзганларимни ўқиб, ўзларига ҳулоса чиқарар. Уларга шундай дегим келади: “Менга қаранг. Мен жуда азобландим. Қурбон бўлишни бас қилинг, ўзингизни қўлга олинг! Бошқа йўл йўқ, сиз яшашингиз керак. Яшанг, пул топинг. Ҳеч ким сизни таъминлаб қўймайди».

Менинг кичик фондим бор. Кўпроқ пул ишласам, қийин аҳволда бўлган аёлларга турар жой, иш топишга ёрдам бераман, курсларда ўқишларини тўлаб бераман. Аммо улар билан алоқа қилар эканман, уларнинг кўпи вампирлар эканлигини тушунаман. Улар фақат сиздан энергия сўришади. Нега кўплаб одамлар уларга ҳамма нимадир қилиши керак, деб ўйлашади. Жамиятимиз ўзгармас экан, ҳаётимизни яхшилай олмаймиз. Нега бизнинг қизларимизни мустақил қилиб вояга етказишмайди? Нега зўрланган қизлар жим бўлмоқда? Нега эркаклар жазосиз қолмоқда? Агар калта кийим кийсак, фоҳишага айланамиз? Нега бизда эркакларни шундай тарбия қилишади: ҳеч кимни ҳурмат қилмаслик ва ёмон иш учун жазоланмаслик?

Ҳурматли аёллар, ўзингиздан қурбон ясашни бас қилинг! Болаларингиз ҳақида ўйланг, уларни ҳимоя қилинг, бирон машғулотларга олиб боринг. Улар доимо бахтсиз бўлган онасини кўрмасин. Қаерга қарама, ҳамма ўзидан қурбон ясаб олган. Эр ҳиёнат қилади, уради – аёл бечора, ўляпти, лекин ҳеч қаерга кетмайди. Уларга қурбон бўлиш маъқул, шекилли. Нега ҳамма қурбон бўлишни истайди?

Эркак таъминлаши учун аёллар ҳамма нарсага чидаб келишади. Нима учун? Пул топиш мумкин-ку! Бизда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Мен уйда ўтириб, калтаклар, йўқчиликка чидаб келаётган аёлларни тушунмайман. Гўёки тақдирлари шундай. Бола-чи? Чидашни бас қилинг! Болалар ҳақида ҳеч ўйладингизми? Унинг кўнглида нималар кечяпти? Уларнинг ҳаёти борми ўзи?

Мен болаларини қурбон бўлишга ўргатмайдиган соғлом аёлларни кўришни орзу қиламан. Улар болаларини ҳимоя қилишларини истайман. Уларнинг болалари мен кечирганларни ҳаётларида учратмасинлар. Менинг болалигим йўқ. Ота-онам мени қўллаб-қувватлашига ишонганимда, бошимдан кечирган барчасини айтиб берардим. Ота-оналар болаларига эътиборли бўлиб, уларни ҳимоя қилишларини истайман!

Психолог Лиана Натрошвили:

Биринчи навбатда ҳикоя қаҳрамонига ҳамдардлик билдираман. Сиз ҳаётсиз ва бошингиздан ўтказганларингизни бўлишдингиз, сиз учун хурсандман.

Фотиманинг ҳикояси олдимизда кўплаб саволлар ва масалаларни қўяди.

Бу ерда барча даражаларда зўравонлик «маданияти»нинг намоён бўлишини кўрмоқдамиз. Калтаклаш ва хўрлаш содир бўладиган оиладан бошлаб, жинсий ва жисмоний зўравонликни ўзлари амалга ошираётган ёки кечираётган қариндошлар, ҳамма кўкаришлар ва калтакларни кўриб, сукут сақлаётган мактабгача. Ҳамма болалар калтакланганини, оч қолишаётганини, қиз тиланчилик қилаётганини кўришган ва ўзлари улардан фойдаланишди ёки шунчаки юз ўгириб, кўз юмишди.

Бу ерда маданий контекст жуда муҳимдир. Биздаги каби жамиятларда зўравонлик, секс ва ҳокимият жуда чамбарчас боғлиқ. Ваколати бўлган ҳар қандай шахс ушбу ваколатдан жинсий мақсадлар учун ёки бошқа ҳар қандай йўлда суиистеъмол қилиши мумкин. Алоҳида таъкидлашни истардим: «ота-она – бола», «ўқитувчи – ўқувчи», «психолог – мижоз», «бошлиқ – бўйсунувчи» каби муносабатларда доимо кучларнинг номутаносиблиги мавжуд ва биз бу кучни зарар учун ишлатмаслигимиз керак.

Зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашда содир бўлаётган воқеаларни кузатадиган одамлар жуда муҳимдир, кўпинча вазият қандай ўзгариши, қурбонлар ёрдам оладими ёки жиноятчилар жазоланадими – айнан уларга боғлиқ. Ҳамма нарсага рухста берилиб, маҳфийлик таъминланадиган жойда зўравонлик гуллайди. Аҳолининг бир қисми одоб-ахлоқ доирасида ўз ҳаракатларини чеклаш учун етарли ички тўсиқларга эга эмаслар, шунинг учун қонунлар, қурбонларни ҳимоя қилиш ва жиноятчиларни жазолаш тизими жуда муҳимдир.

Жабрланувчи унга нисбатан қилинган зўравонлик содир бўлган ёки ҳали ҳам бўлаётгани учун айбдор эмас, бунинг учун зўравонлик деб таснифланган баъзи ҳаракатларни амалга оширадиган тажовузкор жавобгардир. Аммо қурбонлар – болалар ҳам, катталар ҳам кўпинча ўзларини айблашади, ўзларига зарар етказишга ҳаракат қилишади, зўравон уларнинг яқини бўлса, раҳм қилишади …Булар психиканинг ҳимоя механизмлари бўлиб, улар ҳақида ота-оналар ва мутахассислар ва умуман ҳамма одамлар билиши муҳимдир, негаки ҳаммамиз «битта қайиқда»миз.

Фотиманинг онаси қўйган ягона тўғри қадам – у кетди. Ва бу ерда биз классик вазиятни кўрамиз, жабрланувчи (бу вазиятда она ҳам қурбон) зўравонлик ҳолатига тушиб қолгани учун жавобгар эмас, ўзи ва болалари учун бундай яшаш шароитини танламаган, аммо у ўша вазиятдан чиқиб кетишга жавобгар. Қурбон зўравонлик ҳолатидан чиқиб кета олса, Қаҳрамонга айланиши мумкин. Зўравонлик даврийлигини бузишнинг бошқа усули йўқ.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, зўравонликни бошдан кечирган одамлар бутун ҳаёти давомида жароҳатдан кейинги стресс бузилишларини бошидан ўтказишлари мумкин. Ваҳима, қўрқув, одамлар билан муомала қила олмаслик, тушкунлик, соғлиқ муаммолари кўпинча жароҳатдан кейинги стресс бузилишлари белгиларидир. Бундай ҳолларда сиз психолог ва шифокор билан боғланиш орқали ўзингизга ёрдам беришингиз мумкин ва шарт. Шу билан бирга, мутахассисларнинг малакасига ҳам ишонч ҳосил қилиш муҳимдир.