Қонунлар ҳимоя қиладими

Фарғонада бир қиз шафқатсиз калтакланди: https://www.gazeta.uz/ru/2020/06/23/fergana/

⚠️ 31 май куни у калтакланди.

⚠️ 16 июнь куни зўравонга қарши жиноий иш қўзғатилди.

⚠️ 22 июнь куни мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалди

⚠️ 23 июнь ИИВ Тергов департаменти ишни ўз назоратига олди.

Жабрланувчи олган жароҳатларга қаранг: «Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Е.К. юзнинг ўнг томонида юмшоқ тўқималарга шикаст етказилди, жағнинг пастки бурчак суяги силжиши билан синган. Е.К.нинг олган жароҳатлари ўртача оғир деб баҳоланди”.

Кўплаб ОАВ ва блогерлар мазкур ҳодисани ўз саҳифаларида ёритди.

Фарғона вилоят ИИБ нинг расмий муносабати: “Интернет тармоқларида тарқалган ушбу хабар ўрганилганда, фуқаро Н.Х. 2020 йил 31 май куни Фарғона шаҳар Юксалиш кўчасида жойлашган И.Каримов номидаги Санъат саройи ҳудудидаги йўлнинг четида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, Фарғона шаҳар, А.Яссавий кўчасида истиқомат қилувчи вояга етмаган Э.К.нинг етаклаб юрган ити унга яқинлашганини кўриб, қўрқиб кетганлиги сабабли, унинг итини ўзидан узоқлаштирмоқчи бўлган. Шунда Э.К. бу ҳолатни нотўғри тушуниб, фуқаро Н.Х.ни ҳақорат қилиб, уриб юборган вақтида фуқаро Н.Х. ҳам Э.Камалетдиновани юз қисмига қўли билан уриб тан жароҳати етказган.

Фуқаро Н.Х. ва вояга етмаган Э.К.лар ўртасидаги ўзаро жанжал вояга етмаган Э.Книнг ташқи кўриниши ёки миллати билан боғлиқ эмаслиги жиноят ишидаги далиллар билан ўз тасдиғини топди. Мазкур ҳолат юзасидан Н.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатларига киришилган” (https://fviib.uz/…/ofitsialnoe-soobschenie-23-ijunja-2020-g…).

Лекин кейинчалик йигит бу гапларни инкор этди, уни нотўғри тушунишганини айтди. Ҳатто омма олдида узр ҳам сўради: “Барчангизнинг гувоҳлигингизда кечирим сўраб, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтмоқчиман. Қилган ишимдан пушаймонман, қизни уришга ҳаққим йўқ эди. Унинг кучуги ҳақида айтганларимни нотўғри тушунишди. Биз ярашиб олдик. Ижтимоий тармоқларда бошқа бу мавзуни кўтармаслигингизни сўрайман. Мен адашдим. Барчангиздан узр сўрайман”.

Рақамларга эътибор беринг. Жиноий иш ҳодисадан икки ҳафта ўтгач қўзғатилди. Бу қанақаси?! Қиз бундай жароҳатлар билан шифохонага мурожаат қилгани аниқ. Шифокорлар ўз навбатида ички ишлар органларига хабар бериши керак. Хабар берилганмикан?

Қиз ҳимоясизлигидан ижтимоий тармоқларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Турли гап-сўзларга кўра қиз ва онасига турли босимлар бўлган. Қиз аризасини қайтиб олди. Унинг айтишича, йигит ундан кечирим сўради ва даволаниш билан боғлиқ барча ҳаражатларни қоплади. Қизни тушунамиз. Ёлғиз онаси билан туради, Фарғона қаерда-ю, унинг ҳимоясига турган ОАВ ва блогерлар фаолият кўрсатаётган Тошкент қаерда. Айтганча, Фарғоналик биронта блогер бу воқеага муносабат билдирмади. Қизнинг қарорини ҳурмат қилган ҳолда, бизни ҳимоя қилиши керак бўлган органларга мурожаат қилмоқчимиз: жабрланган қиз энди кимга ишонсин?